Ҳажвия

Ҳажвия


 Латифа

 

Аллақайси шаҳарга хизмат сафарига келган уч нафар йигит меҳмонхонанинг битта хонасига жойлашибди. Улардан бири жуда чарчаган. У ёнбошига юмалабди, бу ёнбошига юмалабди-ю, вақт алламаҳал бўлганига қарамай, бир-бирига сиёсий мавзудаги латифалар айтиб ўтирган шерикларининг қаттиқ хандон отаётгани боис, ухлай олмабди.

- Менга қаранг, ҳой, иккалангиз, - дебди у, ниҳоят, - Бас қилинг. Бу ерда хавфсизлик хизмати ходимлари ҳар бир гапингизни эшитиб ўтиради.

- Қўйсанг-чи, - бовар қилишмади шериклар.

Йигит хафа бўлиб, хонадан чиқибди-да, меҳмонхона ходимасининг ёнига бориб, 5 дақиқадан сўнг хонага дастлаб бир чашка қаҳва, яна 3 дақиқа ўтгач эса икки чашка қаҳва олиб киришни илтимос қилибди.

Хонага қайтиб кирган йигит ўрнига ётибди-да, латифаларини қўймаган шерикларини боз огоҳлантирибди:

- Ҳали ҳам бас қилмадингиз-ми? Нега ишонмайсиз, хавфсизлик хизмати ходимлари гапларингизни эшитиб ўтирибди.

- Бор... тошингни тер...

- Ишонмайсиз-ми?! Мана, қаранг.

Йигит деворни тақиллатибди-да:

- Ўртоқ полковник, илтимос, бир чашка қаҳва киритиб юборсангиз, - дебди.

Орадан бир дақиқа ўтиб-ўтмай, меҳмонхона ходимаси хонага бир чашка қаҳва кўтариб кирибди.

Шериклар донг қотганча, йигитга бақрайиб қолишибди.

- Сиз ҳам ичасиз-ми? Ҳозир, - дебди шерикларининг бўздай оқариб кетганини кўрган йигит, боз девор тақиллатиб, - Ўртоқ полковник, иложи бўлса яна икки чашка қаҳва киритиб юборсангиз.

Бироздан сўнг эшик очилиб, бояги аёл яна икки чашка қаҳва олиб кирибди.

Шундан сўнг, ҳамма жимгина уйқуга ётибди.

Эрталаб уйғонган йигит қараса, шериклар йўқ. Йўлакка чиқиб, меҳмонхона ходимасидан шерикларини сўрабди.

- Улар ҳозир қаердалигини билмайман-у, - дебди ходима, - Лекин ўртоқ полковникка ҳазилингиз жуда ёқди.

Шокир ДОЛИМОВ.