Ҳикоя

Ҳикоя


 УЗУК СОТУВЧИ

 

Бир неча киши Мисрга бордик. Дўконга кирдик. Бир узук ёқиб қолиб нархини сўрадик. «1400 жунайҳ» деди. Бир оз нархини тушириб беришини илтимос қилдик,

«Қаерликсизлар?» деди.

«Ўзбекистонлик, Мовароуннарданмиз, Бухорий юртидан» дедик.

«Бухорий юртидан экансиз, сизларга 20 фоиз чегирма қилиб берамиз» деди. Бизга ёқиб кетди. «Яна қандай олимлар бўлган?» деб сўради.

«Имом Термизий» дедик.

«МашаАллоҳ, у киши ҳам сизларданми?» деди бири ишонқирамай.

«Ҳа, биздан кўплаб алломалар чиқишган» дедик.

«Яна ким?»

«Имом Замаҳшарий» дедик.

Сотувчи «МашаАллооооҳ» деди-да, қўллари билан кўзларини ёпди. Панжалари орасидан ёш оқа бошлади. Кейинроқ билдик, у киши Имом Замаҳшарийнинг ашаддий мухлислари экан. Бир оз суҳбатлашгандан кейин «Сизлардан фойда олмайман. 620 жунайҳга тушган, шуни берсангиз бўлди» деди. Шу пайт орамиздагилардан фақат ўзбеккагина хос бўлган «гап» чиқди: «Шундан икки дона беринг»…

Мен уялиб кетдим. «Майли, бераман» деди. Узукни бераётганда ёнда турган кишилардан бирлари «намоз ўқишармикин?» деб қолди. Сотувчи қўлини узатаётганча тўхталиб қолди. «Ҳа, намоз ўқийсизларми?» деди. Савол билан жавоб орасида узилиш пайдо бўлди. Чунки, жавоб айтарли йўқ эди…

Бир оз сукутдан кейин «Жума намозига чиқиб турамиз» деди кимдир. «Бошқа намозларничи?» деди ҳайрон бўлиб. Зўрғагина «йўқ» дея олдик. Сотувчининг қўли муааллақ туриб қолди. Бироз сукут қилди-да, ачиниш билан «Майли, мен мусулмонман, айтган нархимга бераман, аммо сизлар қайтиб Имом Бухорийни тилингизга олманг, ҳаққингиз йўқ!» - деди…

 

Муҳаммадамин.