Ёшлар дастури - амалда

Ёшлар дастури - амалда


 Ёшларимизга “Ёшлар дафтари" керакми?


Бугунги кунда мамлакатимизда ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузаларида бу масалага тўхталиб, уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидламоқда.

Ишсиз ёшлар бўйича алоҳида “Ёшлар дафтари” рўйхатлари шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли тарзда ишланмоқда. Хусусан, шаҳримизда ҳам ёшлар билан тизимли ишлаш учун тегишли ташкилотлардан масъуллар бириктирилган ҳолда Ёшлар штаби ташкил этилган бўлиб, асосан “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш юзасидан масъул раҳбарлар иштирокида хатлов ўтказилди. Ёшлар билан тизимли, манзилли ишлар йўлга қўйилиб, рўйхатга олинганлар билан талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашилмоқда. Боиси бу дафтарлар орқали нафақат ёшларни иш билан таъминлаш, балки психологик, тиббий, ҳуқуқий ва кўплаб жиҳатларда амалий ёрдам кўрсатиш масаласи туради.

Хуллас, ҳар бир ташкилот, ҳар бир маҳалла, ҳар бир раҳбар ёшларнинг келажаги учун масъул этиб бириктирилган бўлиб, сайёр қабуллар, учрашувлар орқали, керак бўлса уйма-уй юришиб уларни муаммолари ўрганилмоқда.

Хўш ёшларимиз-чи, улар бу имкониятлардан қанчалик фойдалана олишяпти?

Ҳозир замон ёшлари ақлли, тезкор, ҳаракатчан, лекин ҳаммаси ҳам эмас. Уларнинг ораларида худбин, дангасалари ҳам борки, биз буни бекорга урғу бериб таъкидламаяпмиз. Биргина сайёр қабуллардаги ёшлар мурожаатларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги фақат ОКМК АЖда ишлаш талабини қўйишади. Уларга шаҳар ҳокимлиги ва АБКМ томонидан бир неча иш ўринлари таклиф қилинишига қарамай, уни рад этиб, фақат комбинатга кирмоқчилигини билдиради. Айрим мурожаатлардан мисоллар келтириб ўтмоқчимиз:

* - Эрим ишламайди, тўртта ўғлим ишламайди, уларнинг ҳам комбинатда ишлашга ҳаққи бор-ку. Шу шаҳарда яшаса...

* - Ўғлим 30 ёшда, кўзим кўрмайди, шунга ўғлим билан етаклашиб иш излаб юрибмиз. Зора комбинатга ишга кириб кетса...

* - Ўғлим ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, ишга кириши керак, шунга кирмаган эшигимиз қолмади, унга топган ишларимни ойлиги кам деб бир йилдан буён ишламаяпти. Фақат комбинат бўлса ишлар экан...

* - Неварам яқинда хусусий корхонага ишга кирди, шароитлари сал тўғри келмаяпти, ўзи ўнта жойда ишлаб иши ўхшамаган эди, бу иши ҳам сал оғирлик қиляптида. Агар комбинатга ишга кирса яхши бўларди...

Биз айрим мурожаатларнигина келтирдик, холос. Аҳамият берган бўлсангиз, 30 ёшгача бўлган, аллақачон мустақил фикрлай оладиган, ўз йўлини бемалол топа оладиган ёшлар ҳалигача онаси ортида туриб иш изламоқда.

Рақамлар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 1-секторда 4274 нафар бўлиб, 414 нафар, 2-секторда 5330 нафардан 449 нафари, 3-секторда 6076 нафар ёшдан 465 нафари ва 4-секторда 6736 нафар ёшлардан 485 нафари, жами 1813 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Ҳозирги кунга қадар 624 нафари ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолияти орқали бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, “Ҳар бир тадбиркор - ёшларга мададкор" дастури асосида тадбиркорларга бириктириш, "Устоз-шогирд" анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктириш орқали бандлиги таъминланган ёшлар “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Рўйхатда турганлар 1189 нафарни ташкил қилмоқда.

Ҳали рўйхатда турган ёшлар сони кўпчиликни ташкил этаётганлиги ҳам юқоридаги фикрларимизнинг бир далили сифатида қараш мумкин.

Излаган имкон топар. Ёшларимизга биргина тавсиямиз шу - ҳаракат қилсангиз иш сизни топади, сиз уни эмас. Мақсад билан, яхши ниятлар билан иш бошласангиз, сиз хоҳлаган молиявий даромад чўнтагингизда бўлади. Шунда “Ёшлар дафтари”ини ҳам юритишга ҳожат қолмайди.

 

"ЁШЛАР ДАФТАРИ” –

бу - ҳар бир сектор ҳудуди кесимида истиқомат қилаётган, 18 ёшга тўлган 30 ёшдан ошмаган ишсиз ёшларнинг манзилли рўйхати қайд этиладиган электрон дастур.

– ёши, жинси, касбга лаёқати бўйича: битирувчи ёшлар, ҳозирда ишсиз бўлган ёшлар, ишга муҳтож ногирон ёшлар, хориждан қайтган ёшлар, ЖИЭМ озод этилган ёшлар, ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар киритилади.

– сектор котиби ва Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи юритади.

Хатлов натижасида секторлар кесимида шакллантирилган рўйхатлар секторлар котиби ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан махсус дастурга  киритилади.

а) умумий ўрта таълим ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари; б) расман иш билан банд бўлмаган, ишсиз ёшлар; в) имконияти чекланган, бироқ меҳнатга лаёқатли ишсиз ёшлар; г) короновирус пандемияси сабабли қўлланилган карантин чоралари натижасида ўзининг иш ўрни ва даромад манбаини йўқотган фуқаролар, жумладан четдан қайтган ёш меҳнат муҳожирлари; д) жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган, ишсиз ёшлар; е) муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, бироқ иш билан банд бўлмаган ёшлар; ё) оиланинг ўзгалар қарамоғига муҳтож кексаларга ғамхўрлик қилаётган ёшлар; ж) оиланинг ҳақиқатда эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтожлиги.

 

 

д.абдураҳмонова.