Саломатлик

Саломатлик


 ИНСОН ТАРАҚҚИЁТИ ҲАР БИР КИШИНИНГ СОҒЛОМ ВА БУНЁДКОРЛИК БИЛАН СИФАТЛИ ЯШАШИДИР

 

Миллат соғлиги давлатнинг стратегик бойлиги ҳисобланади. Фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк келажак ярата олади. Шундай экан, савол туғилади: бугунги кунда тиббиётга бўлган ҳаққоний эҳтиёж қай даражада қондирилаяпти? Сифатли тиббий ёрдам билан аҳолининг барча қатламини қамраб олиш даражаси қандай? Соҳада ижтимоий адолат принципларига риоя этилишининг аҳволи талабга жавоб берадими?

 

Ушбу саволлар 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда кенг муҳокама қилинди ҳамда тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизими олдида турган муҳим  5 та йўналишга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Булардан биринчиси – тиббиётнинг бирламчи бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, иккинчиси ихтисослаштирилган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилашдир. Учинчи муҳим йўналиш — рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш, тўртинчиси тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Бешинчи йўналиш сифатида тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш қайд этиб ўтилди.

Албатта, ушбу вазифалар ва мақсадлар эзгу. Лекин, уларнинг амалий ижроси, инсонлар ҳаётида акс этиши масалаланинг долзарб жиҳатидир. Шундан келиб чиқиб давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида илгари сурилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминланишининг аниқ механизмлари белгилаб берилди.

Қувонарлиси, тиббиётимизда катта ўзгаришлар сари муҳим қадамлар қўйилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини юқори даражага олиб чиқиш имконияти яратилади. Бунинг учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан, мамлакатимизда сиёсий ҳолат барқарор, давлатнинг иқтисодий қудрати мустаҳкамланиб боряпти, ижтимоий ҳолат сезиларли тарзда яхшиланиб бормоқда. Буларнинг барчаси ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.