ФВБ

ФВБ


     Сув-энг кучли ва самарали чиниқтирувчи восита. Сузишни ҳамма билиши шарт, чунки у ҳаётда доимо зарурдир. Сузишни болаликдан, ёшликдан ўрганиш зарур. Ёш болалар сузишга ўрганса, организми ҳар томонлама ривожланади ва сувда учрайдиган фалокатлар (оқиб кетиш, чўкиш), хавф-хатарлар олди олинади. Чўмилиш болалар ва катталар учун чиниқишнинг асосий омили ҳисобланади. Сузишни билган одам ариқ, кўл, дарё, денгиз соҳилларида ёзда маза қилиб чўмилиши мумкин.

 

СУЗИШНИ БИЛМАГАНГА – СУВ ОФАТ

 

Ғаввос учун

6 дақиқа

Ким ёмон сузса ёки умуман суза олмаса, сув унинг учун офат бўлиб қолаверади. Халқаро сузиш федерациясидан олинган ахборотларга кўра йилига 300 мингдан ортиқ одам чўкиб ўлмоқда. Республикамизнинг сув ҳавзалари, кўл ва дарёларда ҳар йили ўнлаб кишилар ҳалок бўлмоқда. Шуларнинг 30 фоизини болалар ташкил этса, 50 фоизини алкагол ичимлигини истеъмол қилган шахслар ташкил этади. Чўкаётган кишини қутқариш учун ғоввосга 6 дақиқа вақт ажратилади, еттинчи дақиқа эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир бола 4 – 5 ёшдан бошлаб сузишга ўргатилиши лозим.

Чўкиш – бу нафас йўлларининг сув ва бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши оқибатида юзага келадиган ҳолатдир. Агарда ниҳоятда чарчаб, сувда узоқ вақт қолиб кетган бўлсангиз, қорнингиз оч, чанқаган бўлсангиз, яқин орада касал бўлган, спиртли ичимликларни истеъмол қилган бўлсангиз чўмилмаганингиз маъқул.

 

Чўмилганда томир тортишса...

 

Чўмилиш жараёнида томир тортишиб қолса, қўл панжалари томирлари тортишганда тез ҳаракат қилиб, куч билан кафтни муштга бирлаштиринг, кескин харакат билан кафтни очинг ва яна муштланг. Болдир мушаги тортишганда, қўлингиз билан тортишган оёғингиз тагини ушлаб олинг ва куч билан ўзингизга тортинг.

Чўкаётган одамни сувдан олиб чиқишда жуда эҳтиёткорлик талаб этилади. Қутқариш усулларидан яна бир тури, унга орқа томондан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғи остидан ушлаб, юзи билан тепага ағдариб, ўзингизни ушлаб олишга йўл қўймаган ҳолда қирғоққа қараб сузиш керак, ҳаракат усулларидан бири жабрланувчининг чангак қучоғидан ушлаб олишдир.

 

Биринчи ёрдам кўрсатиш

 

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш жабрланувчининг аҳволига боғлиқ. Агар у ўз хушида бўлиб, юрак фаолияти ва нафас олиши сақланган бўлса, унинг бошини пастга эгилтирган ҳолда қуруқ қия жойга ётқизиш ва шундан кейин ечинтириб, ҳўл ёки қуруқ сочиқ билан артиш керак. Имконияти билан унга иссиқ ичимлик (чой, қаҳва, ёши катталарга 1-2 ош қошиқ спиртли ичимлик ҳам бериш мумкин) ичириб, иссиқ одеял билан ўраш ва дам олдириш талаб қилинади.

Агар жабрланувчи хушсиз ҳолатда бўлиб, томир уриши ва нафаси сиқилган бўлса, бошини эгилтириб, қуйи жағини силжитиш, кейин боши қуйи ҳолатда ётқизилади. Шундан сўнг унинг оғиз бўшлиғини қусқи ва қуйқалардан тозалаб, қуригунча артилади ва иситилади. Агар жабрланувчининг мустақил нафас олиши йўқ бўлиб, юрак фаолияти сақланган бўлса, унинг нафас йўллари тозаланиб, иложи борича тезроқ сунъий нафас олдиришга киришилади. Вақтида ва малакали кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам жабрланувчининг хаётини асраб қолади.

 

 

Дадахон Ҳасанов,

шаҳар ФВБ меъёрий техник бўлинмаси бошлиғи.