ОЛМАЛИҚ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ: КЕЧА ВА БУГУН

ОЛМАЛИҚ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ: КЕЧА ВА БУГУН


ОЛМАЛИҚ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ:

КЕЧА ВА БУГУН

Мана, яқин кунларда ҳамшаҳарларимиз томонидан «кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни» кенг нишонланади. Олмалиқ шаҳри Ўзбекистон металлургия саноатига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда шаҳримизни билмаган, у ҳақда эшитмаган инсоннинг ўзи йўқ юртимизда. Зеро, Олмалиқ деганда ҳар қандай кишининг кўз ўнгидан азим тоғлар бағридаги навқирон ва замонавий ҳар томонлама салоҳиятли бўлган саноат шаҳри гавдаланади.

ТАРИХГА НАЗАР...

Олмалиқ ҳудудидаги кон захираларини илк бор ўрганган олим С.Машковсев ушбу ҳудудда жойлашган Қорамозор, қадимги кон саноати маркази бўлган Илоқ давлатида жойлашган Кўҳисим тўғрисидаги масалани кўтариб чиқди. 1927 йилда А.Криков, кейинчалик Б.Наследов томонидан ўрганилган Нишбошдаги улкан шлаклар аниқланди.

1924 йилдан бошлаб Ўзбекистонда фойдали қазилмаларнинг режали, узлуксиз қидирувлари бошланади. Биринчи навбатдаги тадқиқотлар учун объект сифатида Қорамозор ва унинг шимолий қисми - Олмалиқ-Ангрен кон-маъдан ҳудуди олинади.

1924 йилда геолог С.Мушкетов Қалмоққир конидаги юзага чиқиб қолган оксидланган маъданлар ҳақида ёзади. 1925 йилда улар Б.Наследов томонидан атрофлича ўрганилиб, унинг талабига мувофиқ, 1927 йилдан бошлаб Қалмоққир конида доимий қидириш ишлари бошланади.

Ҳудуднинг биринчи тадқиқотчилари С.Машковсев, Б.Наследовлар, Россиянинг етакчи геологлари Ф.Волфсон, К.Пожариский билан биргаликда қадимги кон ковловчилар изидан Ўзбекистон геологлари Х.Абдуллаев, А.Королёв ва бошқалар боришади.

Кон қидирувчилар аллақачонлар унутилиб кетган конларнинг жойларини оз-оздан тиклаб бориб, рангли металлар ва олтин конларини оча бошлайдилар. Уларнинг изланишларида аждодларимиз томонидан қадимги кавланган жойларнинг ва одамлар истиқомат қилган манзилларнинг, эритиш печлари ва шлак майдонларининг қолдиқлари йўл кўрсатувчи юлдуз бўлиб хизмат қилади.

1931 йилнинг май ойида Олмалиқ геология-қидирув партияси иш бошлади. Салкам уч йил давомида Қалмоққир конида умумий узунлиги 16 минг метр бўлган 126 та қудуқ бурғуланди, 1300 та шурф қазилди. 1934 йилнинг июн ойидаёқ захиралар ҳисобининг дастлабки натижалари кўриб чиқилди.

1939 йилда эса захираларнинг якуний рақами тасдиқланди ва улар собиқ Иттифоқ пойтахти Москвадаги “Гипросветмет” институти томонидан бажарилган “Қалмоққир” кони биринчи лойиҳасининг асосини ташкил қилди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўз таржимаи ҳолини беш йиллик режа билан мис эритиш комбинати қурилиши белгиланган 1939 йилдан бошлашга ҳақли. 1940 йилда комбинатнинг ва дастлаб 25 минг кишилик аҳолиси кўзда тутилган бўлажак Олмалиқ шаҳрининг харита-режаси тузилди. Аммо Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетгач, комбинат қурилишига доир ишлар амалда тўхтаб қолди.

Ўша давр ҳужжатлари кўздан кечирилганда, “Ўзбеколтиннодирмет”га қарашли Олмалиқ конлари бўйича қўлда ёзилган буйруқлар умумий дафтарларда сақланиб қолган. Маълум бўлишича, бу ердаги “Қалмоққир” ва “Оқ-турпоқ” конларида “Фронтга ёрдам”, “Бизнинг ғалаба”, “Оқ-чеку”, “Қизил тонг” номли артеллар иш олиб борган. Қадимги штолнялардаги олтин изловчилар, яъни қариялар ва ногиронлар чўкич, кирка, обушкалар билан олтинли жинсларни кўчириб олиб, қўлда вагончаларга юклаганлар ва елкалари билан туртиб юзага чиқарганлар. У ерда маъданни боболардан қолган усулда ювиб, шу тарзда олинган олтин ва кумушни давлатга топширганлар.

Ўша даврларда нон карточкалари фақат ишлаб турган олтин изловчиларга бериларди, бошқалар нон ўрнига ун олардилар. 1943 йил қийин келди. Ишга чиқмаган ва смена иш нормасини бажармаганларга нон бериш нормаси камайтирилди. Ишчилар оқловчи ҳужжатсиз ишга чиқмаганлик учун жиноий жавобгарликка тортила бошланди. Кейинроқ, бойитиш фабрикасининг иккинчи навбатини ўз вақтида ишга туширилишини таъминлаш учун 1943 йил 8 июлдан бошлаб 12 соатлик иш куни белгиланди.

1945 йилнинг январида Олмалиқ мис комбинати қурилиш бошқармаси “Олмалиққўрғошинқурилиш” ни таъсис этиш ҳақида рангли металлургия халқ комиссарининг буйруғи чиқди.

1946 йилда бу ерда ишловчилар сони ҳаммаси бўлиб, 140 кишини ташкил қиларди. Бошқарма раҳбарияти ўқув курслари ташкил этиб, янги қабул қилинганларни ғишт терувчи, дурадгор, сувоқчи касбларига ўқитди. Электр энергияси, коммунал ва техникавий заруратлар учун сув, транспорт воситалари кескин етишмасди.

1951 йили Тошкент вилояти ижроия қўмитасининг №19/855-сонли қарорига асосан 1951 йил 10 июлда Олмалиқ посёлкаси (қўрғони)га вилоят таркибидаги шаҳар мақоми берилди. Майдони 10,767 километрга тенг, дастлабки даврларда турар жой майдони 800 минг метр квадратни, аҳолиси 8700 кишини ташкил этган. Олмалиқ Тошкентдан 60 километр жанубий-шарқда, денгиз сатҳидан 600-650 метр баландликда жойлашган. Шимолий-шарқда Қураматоғ тизмалари, шимол ва жанубий- шарқда Чотқол тоғлари, Оҳангарон дарёсининг сўл ирмоғида қад ростлаган.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати тарихидаги биринчи катта саноат объекти Қўрғошин-рух бойитиш фабрикасининг қурилиши бўлди.

Унинг дастлабки лойиҳа қуввати йилига икки миллион тонна маъданни қайта ишлашга мўлжалланган эди. Унинг биринчи секциясини 1954 йил апрель, иккинчиси май, иккинчи навбат таркибига кирувчи учинчи секцияси август ойларида фойдаланишга топширилди. Орадан бир йил ўтиб, тўртинчи секция, 1956 йил май ойида эса бешинчи секция ишга туширилди ва рух концентратларининг дастлабки тонналари ишлаб чиқилди.

1954 йил “Қалмоққир” мис маъданлари кони қазилишининг техникавий лойиҳаси бажарилди, унинг негизида эса МДҲ рангли металлургиясида энг йирик корхона барпо этилиши мўлжалланди. Шу йили Катта Қалмоққир тоғи тепасига булдозерларга тиркалган чана-волокушаларида унча катта бўлмаган паровоз олиб чиқилди, тепаликдан отвалгача бўлган боши берк темир йўл қурилди ва устки очиш жинслари таший бошланди.

Баландлиги 10 метр бўлган юқоридаги камарларни ўйиш чўмичининг сиғими 3 метр куб. бўлган эксковаторлар ёрдамида қудуқларни бурғулаш арқон-зарбали бурғулаш дастгоҳлари ёрдамида амалга оширилар эди. Мис маъданларининг дастлабки тонналари 1956 йилда қазиб олинди. Улар ўша вақтда 1-кон участкаси деб номланувчи марказий карьер борти ёнида уйиб қўйилди.

1957 йил 25 декабрда Олмалиқ мис-молибден комбинати Олтинтопган Қўрғошин-рух комбинати таркибига киритилди. 1965 йилда эса Олтинтопган Қўрғошин-рух комбинати мамлакатнинг шу соҳадаги етакчи корхоналари қаторига киритилди. Олмалиқ эса Ўзбекистон рангли металлургиясининг маркази деган унвонга сазовор бўлди.

- 1961 йилда Мис бойитиш фабрикаси, аниқроғи флотация схемаси бўйича оксидланган, бойитилиши осон бўлган маъданларни қайта ишловчи 2-секцияси амалдаги корхоналар қаторига қўшилди.

Олмалиқ Қураматоғ тизмаси бағрида жойлашган бўлиб, бу тоғларда Менделеев даврий жадвалидаги кимёвий элементларнинг 50дан ортиқ тури мавжуд. Шулардан мис, молибден, рух, қўрғошин, олтин, кумуш, олтингургут, кадмий, индий, селен, теллур, рений бирикма ҳолида олинмоқда. Маъданга бой хомашё 30км.кв майдонга эга. Иккита катта ва 10 га яқин кичик конлар мавжуд.

ЗАМОНАВИЙ КОМБИНАТ

Таъкидлаш керакки, юртимизда ҳар бир вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқнинг ўзига хос ўрни бор. Жумладан, Олмалиқ шаҳрининг мамлакатимиз тараққиётида салмоқли ўринга эга эканлиги нафақат юртимиз, балки бутун дунёга маълум. Бу ҳар биримизни қувонтиради, албатта. Биргина, саноат ишлаб чиқариш соҳасини оладиган бўлсак, Олмалиқ бу борада жаҳон бозоридан ишончли жой олган. Хусусан, мамлакатимиз саноатининг локомотивлари бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда “Амафос-Максам” акционерлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортбоплиги ва рақобатбардошлилиги билан яққол ажралиб туради.

Ана шундай йирик комбинатлардан бири Олмалиқ кон-металлургия комбинатидир. Зеро, металлургия халқ хўжалигини конструцион материаллар билан таъминлайдиган тармоқдир. Металлургия саноати икки йирик тармоқни ўз ичига олади: қора ва рангли металлургия. Қуйида ушбу ноёб саноат тури ҳақида тўхталиб ўтамиз:

ҚОРА МЕТАЛЛУРГИЯ

Қора металлургия саноати темир рудаси қазиб олиш, чўян, пўлат эритиш, прокат ва ферроқотишмалар ишлаб чиқаришдан иборат.

Қора металлургия халқ хўжалигининг ўзаги ҳисобланади ва унинг асосий тармоқлари билан боғланган. У машинасозликка ва қурилиш индустриясига металл беради, қазиб чиқариладиган кўмирнинг катта қисмини ишлатади. Кимё саноатининг асосий хом ашё манбаларидан бири ҳисобланади (кокс ишлаб чиқариш чиқиндиларидан олинади), қишлоқ хўжалигига таркибида фосфор бўлган шлак-ўғит беради, темир йўл излари (рельслар), вагонсозлик, кемасозлик, автомобилсозлик учун металл беради.

Металлнинг асосий қисми металлургия комбинатларида ишлаб чиқарилади. Металлургия саноатида хом ашёга кетма-кет ишлов берадиган комбинатлар кўпчиликни ташкил қилади. Бундай комбинатларда темир рудадан домна печларида чўян эритиб олинади, суюқ чўян ва темир-терсакдан эритиш печларида (конвертер, мартен, электр печларда) пўлат эритилади, пўлатдан эса прокат (тайёр маҳсулот) олинади. Фан-техника тараққиёти металлургия саноатида металл эритишнинг чиқиндисиз технологиясини, металл олишнинг янги, унумлироқ усулларини жорий қилишга олиб келди, бу пўлат сифатини оширишни ва прокатнинг хилма-хил турларини олишга имкон берди. Металл олишнинг энг янги усули металлни домнадан ташқарида олишдир.

Қора металлургияда ишлаб чиқаришнинг марказлашуви тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Ҳозирги пайтда битта йирик домнада бир қанча заводда эритилган миқдорда темир эритилмоқда.

Аммо илмий-техника инқилоби натижасида темир эритишнинг янги усуллари ихтиро қилиниши ва ишлаб чиқаришга жорий қилиниши муносабати билан кичик-кичик металлургия заводлари қуриш кенг такомиллашмоқда (бу хусусият Япония ва бошқа ривожланган давлатлар учун хос).

Металлургия комбинатлари жуда кўп хом ашё ва ёқилғи талаб қилади. Шунинг учун металлургия корхоналари хом ашё ва ёқилғи манбаларига яқин ёки улар оралиғида жойлаштирилади.

Бир тонна чўян ишлаб чиқаришга сарф бўладиган материаллар миқдори металлургиянинг техник даражасига боғлиқ. Хом ашё ва ёқилғи харажатлари чўян таннархининг 80 фоизини ташкил қилади.

Коксланувчи кўмир қора металлургия учун асосий ёқилғи бўлиб ҳисобланади. Таркибида карбонат кальций бўлган оҳактош ва доломитлар флюс сифатида ишлатилади. Металлни эритиш пайтида флюслар металлмас жинс ва кокс кули билан биргалашиб домна чиқиндисини ҳосил қилади. Ўтга чидамли материаллар (шамотдан ясаладиган буюмлар) металлургия печлари қуриш учун керак бўлади. Бир тонна пўлат эритиш учун 150 кг ўтга чидамли материал сарф бўлади. Қора металлургия заводлари сувни ҳам кўп ишлатади. Сув металлургия агрегатларини совутиш, газни тозалаш ва бошқалар учун керак бўлади. Металлургия заводининг 1 тонна маҳсулоти учун 900 м3 сув ишлатилади, агар айланма сув таъминотидан фойдаланилса 15-20 м3 сув сарфланади.

Шунинг учун металлургия корхоналарини жойлаштиришда сув, электр энергия, табиий газ билан таъминлаш ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари ҳам эътиборга олинади.

Умумий руда ёки ёқилғи ресурсларидан фойдаланувчи ва халқ хўжалигининг металлга бўлган асосий эҳтиёжини таъминловчи бир гуруҳ металлургия заводлари асосий металлургия базаси деб аталади.

Россияда Урал, Украинада Жанубий, АҚШ ва Канадада Буюк кўллар атрофи, Хитойда Шимоли-Шарқ, Германияда Рур, Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг Олмалиқ ва Бекобод металлургия комбинатлари бор.

Қора металлургиянинг асосий хом ашёси бўлган темир рудаси ҳозирги пайтда 50 дан ортиқ мамлакатда қазиб олинади, аммо асосий қазиб олувчи давлатлар Россия, Бразилия, Хитой, Австралия, АҚШ, Канада ҳисобланади. Энг йирик темир рудаси ҳавзалари ҳам шу мамлакатларда жойлашган: Кривой Рог (Украина), Курск магнит аномалияси - КМА (Россия), Итабира ва Каражас (Бразилия), Ак-шан (Хитой), Юқори кўл (АҚШ), Лабрадор (Канада). Жаҳонда қазиб олинадиган темир рудасининг 50 фоизи экспорт қилинади. Бой темир рудалари таркибида фойдали металлар миқдори 50 фоиздан ортиқ, камбағал рудаларда эса 25-50 фоиз бўлади.

Умуман руда деб таркибида ҳозирги техника имконияти доирасида ажратиб олиш иқтисодий жиҳатдан фойда берадиган миқдорда фойдали компонентлари (муҳим элементлар ёки минераллар) бўлган тоғ жинслари ёки минерал агрегатларга айтилади.

РАНГЛИ МЕТАЛЛУРГИЯ

Рангли металлургия рангли металларни қазиб чиқариш, бойитиш, эритиш ҳамда қотишмалар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади. Рангли металлар илмий-техника инқилоби даврида мамлакатни электрлаштириш, унинг мудофаа салоҳиятини мустахкамлаш, атом техникаси, авиация, ракетасозликни ривожлантириш, қора металлургия ва кимё саноати учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Рангли металлар 6 та гуруҳга бўлинади:

1) оғир металлар (мис, қалайи, қўрғошин, никел, рух);

2) енгил металлар (алюминий, магний, титан);

3) қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш, платина);

4) қийин эрувчи металлар (вольфрам, молибден);

5) нодир металлар (уран, германий ва бошқалар);

6) легирловчи металлар (хром, никел, титан, ванадий, вольфрам).

Улар қатор ҳусусиятга эга бўлиб, баъзилари (қалайи, қўрғошин, никел) коррозияга чидамли, айримлари иссиққа чидамли (титан), электр токини яхши ўтказади (алюминий, мис, кумуш). Бундан ташқари, руда таркибида рангли металлар миқдорининг озлиги ва бир вақтда бир неча рангли металларнинг учраши уларнинг муҳим ҳусусиятларидан биридир. Бу эса технологик жараёнга ва ишлаб чиқаришни жойлаштиришга катта таъсир кўрсатади.

Оғир металлар рудалари ўз таркибида металл миқдорининг кам бўлиши билан фарқ қилади. Мис рудалари таркибида одатда 0,5-2 фоиз мис бўлади, 1 тонна мис олиш учун 100 тонна, 1 тонна қалайи олиш учун эса 300 тоннадан ортиқ руда керак бўлади. Шунинг учун жуда кўп миқдордаги кераксиз жинсларни ишлатмаслик мақсадида улар олдиндан бойитилади.

Мис рудаларини бойитиш натижасида олинадиган контсентратлар (фойдали қазилмаларни бойитиш натижасида ҳосил қилинадиган маҳсулот) таркибида металл 8 фоиздан 25 фоизгача бўлади.

Фойдали қазилмаларни бойитиш деганда руданинг кераксиз қўшилмаларини чиқариб ташлаш ёки янги моддалар қўшиш йўли билан уларнинг фойдали сифатини яхшилаш тушунилади.

Шунинг учун оғир металларни бойитиш ва ишлаб чиқариш заводлари хом ашё манбаларига яқин жойлаштирилади.

Демак, энергияни кўп талаб этмаслиги ва бойитилган рудада миснинг кам (8 фоиздан 25 фоизгача) бўлиши туфайли, мис ва никел эритиш заводлари хом ашёга яқин жойларда қурилади.

Оғир рангли металл рудаларининг яна бир хусусияти уларнинг комплекслигидир. Мис, қалайи, рух, қўрғошин рудаларида ўнлаб бошқа металлар ҳамда олтингугурт бўлади. Шу сабабли рангли металлургияда хом ашёга комплекс ишлов бериш комбинатлар қурилади. Контсентратларни қайтаргич печларида эритиш натижасида бой мис рудаларидан ярим маҳсулот- таркибида 40 фоизгача соф мис бўлган штейн олинади.

Уни қайта ишлаш натижасида таркибида 98-99 фоиз металл бўлган қора мис олинади.

Қўрғошин, рух ва қалайининг бойитилган рудалари таркибида металл кўп бўлади. Шу сабабли кўп энергия талаб қиладиган рух ишлаб чиқариш (қўрғошин ишлаб чиқаришдан фарқ қилиб) руда қазиб олиш жараёнларидагина эмас, балки ёқилғи манбалари ёнида ҳам жойлаштирилади.

Алюминий ишлаб чиқариш икки асосий жараёндан иборат, яъни алюминий оксидлари (глинозём) ишлаб чиқариш ва металл-алюминий олиш. Бир тонна глинозём олиш учун ўрта ҳисобда 2,4-4,0 т боксит, 2,6 т шартли ёқилғи ва 2,0-3,5 т оҳактош керак бўлади. Нефелиндан глинозём ишлаб чиқарилганда бир тонна глинозём олиш учун 1 т нефелин, 9 т оҳактош, 3 т ёқилғи зарур. Шунинг учун глинозём ишлаб чиқарадиган заводлар хом ашё манбаларига яқин жойлаштирилади.

Металл-алюминий электролиз йўли билан глинозёмдан олинади, бунда кўп миқдорда электр энергияси (1 т алюминий олиш учун 20 минг кВт/соат) талаб қилинади. Шунинг учун енгил металл бўлган алюминий заводлари арзон электр энергия манбаларига яқин қурилади. 1 т алюминий олиш учун 2 т глинозём, 250 кг криолит (глинозёмнинг эритувчиси, дала шпатидан олинади), 1 т электрод (уларни тайёрлаш учун антраит, графит, гудрон, тошкўмир унидан фойдаланилади) керак бўлади. Алюминий турли қотишмалар тариқасида авиация ва автомобил саноатида, бинокорликда ишлатилади. Алюминийдан ясалган симларнинг электр ўтказиш хусусияти мис симларникидан анча паст бўлса ҳам, аммо улар енгил бўлганидан катта афзалликларга эга.

Магний алюминийга қараганда анча енгил металл, у зич қотишмалар, алюминий-магний қотишмалари олишда қўлланилади, у ёруғлик сигналлари учун материал бўлиб ҳисобланади, пиротехникада (пиро-олов) ҳам ишлатилади. Магний хом ашёси бўлиб хлорли магний, магнезит ва доломитлар, хлормагнийли шўр кўллардаги рапалар (шўр кўлларнинг туз миқдори юқори бўлган сувлари) ҳисобланади. Магний ишлаб чиқариш алюминий ишлаб чиқаришга нисбатан кўп энергия талаб қилади (1 т магний олиш учун 26—30 минг кВт/соат).

Никел одатда мис, темир, кобалт билан биргаликда учрайди. У идиш-товоқ, лаборатория ва техника ускуналари ясашда ишлатилади Турли хил металл буюмларни қоплаш, пардозлаш (никеллаш) учун ҳам фойдаланилади.

У темир, мис, рух ва бошқа металлар билан аралаштирилиб котишмалар ишлаб чиқаришда ишлатилади. Никелни пўлатга аралаштирганда пўлатнинг пишиқлиги ортади. Юқори сифатли пўлат ва махсус қотишмалар ишлаб чиқариш (танга, қуроллар ишлаб чиқариш, кемаларнинг қопламаларини тайёрлаш) муносабати билан ХИХ аср охирида никел халқ хўжалигида кенг қўлланиладиган бўлди.

Қалайи рудалари бойитилиши натижасида таркибида 65 фоиз қалайи бўлган концентратлар олинади. Бойитиш корхоналари хом ашё манбаларига, қалайи эритиш эса истеъмолчига яқин ерларда жойлаштирилади.

Техниканинг ривожланиши билан янги-янги материалларга талаб ошди. Бундай материалларга турли хил қийин эрийдиган ва нодир металлар (титан, ниобий, бериллий, тантал, кадмий, германий, орконий, уран ва ҳ.к.) киради. ОКМК бундай материалларга асосий хом-ашёни етказиб берувчи нуфузли корхона ҳисобланади.

Титан метали, титан қотишмалари авиация техникасида қўлланилади. Германий ярим ўтказгич материал сифатида кенг миқёсида ишлатилади. Бу материаллар радио-техникада, электр техникасида, электрвакум саноатида жуда катта ва тубдан ўзгаришлар ясамоқда. Германий тошкўмир ва қўнғир кўмир таркидан ажратиб олинади (миқдори 0,001-0,002 фоиз).

Қимматбаҳо металларни (олтин, кумуш, платина) бойитиш фабрикалари ҳам, эритиш заводлари ҳам хом-ашё манбаларига яқин жойлаштирилади.

Рангли металлургия жуда ҳам мураккаб ва хилма-хилдир. Унинг ҳар бир тармоғи ўзига хос ҳусусиятларга эга, бу эса ушбу тармоқ корхоналарини жойлаштиришда муҳим ўрин тутади.

Рангли металлургиянинг бойитиш корхоналари хом ашё манбаларига яқин жойлаштирилади. Концентрат таркибида металл миқдори кам бўлганлиги металл эритувчи заводларни ҳам хом ашё манбаларига яқин қуришни тақозо қилади. Рух ва никел заводларини жойлаштиришда ёқилғи омили кўпроқ таъсир кўрсатади. Электр энергиясини жуда кўп сарфлашни талаб қиладиган алюминий, магний ва титан заводларини жойлаштиришда арзон электр энергия манбалари аҳамиятга эга.

Оғир металлар турли мақсадларда ишлатилади. Мисдан соф ҳолида ҳам, қалайи (бронза), никел (мелхиор), алюминий (дуралюминий), рух (латун) билан ҳам, қотишма ҳолида ҳам электротехникада ва машинасозликда кенг фойдаланилади. Қўрғошин аккумуляторлар, электр кабеллари ишлаб чиқаришда ва атом саноатида ишлатилади. Никелнинг 80 фоиздан ортиғи қора металлургияда ишлатилади. Темир буюмлар зангламаслиги учун рух билан сирланади. Қалайдан оқ тунука ва подшипниклар ясашда фойдаланилади.

Демак, рангли металлургия саноати ҳам асосан ривожланган давлатларда яхши ривожланган, ривожланаётган давлатларда эса асосан қазиб олиш ва бойитиш корхоналари жойлашган. ОКМК ҳам қазиб олиш ва бойитиш корхонаси ҳисобланади.

Бугунги кунда шаҳримиз инфратузилмаси бутунлай ўзгариб, замонавий қиёфага кириб бораётгани, мунтазам равишда бунёдкорлик ишларининг амалга оширилаётгани ҳар бир ҳамшаҳримизга ғурур ва ифтихор туйғусини бахш этади.

 

Шунингдек, мазкур дастурга киритилган “Олмалиқ метал груп индустриус” МЧЖнинг сунъий рангли тошлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам ишга туширилди.

 

Кўриб турибмизки, шаҳримизнинг ўтган йиллар давомида қўлга киритган ютуқлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бинобарин, давлатимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли, шунингдек, шаҳримиз аҳолисининг астойдил меҳнати, саъй-ҳаркати ва ташаббускорлиги эвазига ана шундай марраларга эришилмоқда.

 

Бу эса Олмалиқ аҳлига келгусида янада улкан ютуқларни қўлга киритиш учун катта куч-ғайрат бахш этади, десак, янглишмаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни ва ҳамшаҳарларимизни Олмалиқ шаҳри Фахрийлари номидан байрам билан чин қалбимдан табриклайман. Уларнинг оғир ва машаққатли, шунингдек шарафли меҳнатларига куч-қувват ва мустаҳкам соғлиқ тилаб қоламан.


Абдурашид ИСОҚЖОНОВ,

вилоят Адлия бошқармасининг

Фахрийлар Кенгаши раиси,  адвокат.