ГИЖЖА 10 ЙИЛЛАБ ҲАМ ЯШАЙ ОЛАДИ

ГИЖЖА 10 ЙИЛЛАБ ҲАМ ЯШАЙ ОЛАДИ


ГИЖЖА 10 ЙИЛЛАБ ҲАМ ЯШАЙ ОЛАДИ

Паразитлар ҳақида тез-тез эшитамиз. Улардан халос бўлиш учун ҳар ким ўзича даво чораларини излайди. Маълумотларга кўра, дунёда ҳар иккита кишидан биттаси паразитлар ва улар ортидан келиб чиқадиган касалликлардан азият чекади. Бугунги кунда одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ҳисобига яшовчи паразитларнинг 15 мингдан зиёд тури маълум. Шулардан гижжа, аскарида ва острица инсонларда кўпроқ учрайди. Паразит ва улардан қутулиш чоралари хусусида Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази парзитолог-шифокори Жаҳонгир САРВАРОВ билан суҳбатлашдик.

Паразитлар нима?

— Инсон организмида унинг ҳисобига яшовчи митти организмлар паразитлардир, — дейди Ж. Сарваров. — Улар икки гуруҳга бўлинади: протозой инфекциялар ва гельминтозлар. Одам ва ҳайвонларнинг аъзо ва тўқималари ҳисобига яшовчи майда чувалчанглар – гижжалар (гельминтлар), улар келтириб чиқарадиган касалликлар гельминтозлар дейилади. Гельминт (гижжа)лар одам организмининг нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, мускул системасида, жигар, ўт пуфаги, талоқ, қон, мия, кўз ва бошқа органларида паразитлик қилади. Тиббиётда гельминтларнинг 12 мингдан ортиқ тури бор. Гельминт, яъни гижжа гельминтоз касаллигини қўзғатувчи ҳисобланиб, турига кўра ўпка, жигар, ўт пуфаги, сийдик йўллари ва ичакларга зарар етказиб, оғриқ қўзғатади. Гижжалар, асосан, 14 ёшгача бўлган болаларда кўпроқ учрайди.

Қандай намоён бўлади?

Ҳар бир паразитнинг ўзи яхши кўриб яшайдиган аъзоси бўлади ва шу аъзони у маълум даражада шикастлайди. Умумий белгилари — ҳолсизланиш, камқонлик, жиззакилик, кўнгил айниши, ич кетиши, бош айланиши, доимий чарчоқ, вазн йўқотишдир. Терида тошмаларнинг пайдо бўлиши паразитларнинг токсинлари ҳисобига юз беради. Гижжа ичакда бўлса — ич кетади ёки қотади, кўнгил айнийди. Жигарда бўлса, кўз оқи ва бадан сарғаяди, шиш пайдо бўлади, терига ҳар хил доғлар тушади. Ўпкага жойлашган паразитлар иситма чиқариб, йўтал пайдо қилиши мумкин. Шунингдек, «майда текинхўрлар» туфайли одамнинг меҳнат қобилияти пасаяди, болалар ривожланишдан орқада қолади, хотира пасайиб, уйқу бузилади, ҳатто тиш ғичирлатиш одатга айланади.

Олимларнинг фикрича, гижжанинг шундай турлари борки, улар ошқозонда ҳеч қандай белгиларсиз 10 йиллаб яшай олади. Ўзбекистонда гижжаларнинг ўн икки хили аниқланган. Шулардан бештаси энг кўп тарқалган бўлиб, сезиларли зарарланиш ўчоқларини ҳосил қилади. Гижжалар ўзининг паразитлик ҳаётини одам танасида ўтказувчи майда организмлардир. Гельминтознинг ўткир турида аллергик тошмалар пайдо бўлиб, сабабини билиш қийин кечади. Қолаверса, тошмалар бир пайдо бўлиб, сўнг бир қанча муддатга йўқолади. Ўткир тури — 2 ҳафтадан 2 ойгача, ҳаттоки бир йилгача кузатилиши мумкин. 

Паразитлар қандай юқади?

Паразитлар турига қараб ҳар хил усулларда юқиши мумкин. Масалан, аскаридалар, асосан, қўлини яхши ювмайдиган болаларда кўп учрайди. Острицалар эса одамга ифлос қўллар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда оғиз ва бурунга тушадиган чанг орқали ҳам юқади. Бугунги кунда паразитларнинг энг кўп тарқалгани — лямбля, острица ва аскарида ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз.

Лямбля — ўзидан ўзи одам организмида кўпаяди. Иштаҳа бўғилиши, эрталаб нонушта қилишга қийналиш, болаларда инжиқлик, жиззакилик, ич ўз-ўзидан кетиши ва қотиши кузатилиши — унинг асосий аломатидир.

Лямбля, асосан, оғиз бўшлиғига ифлосланган таом ёки егулик орқали тушади. Уни даволаш учун кўпинча клизма қилишади. Ҳолбуки, бу усул уни йўқотишда ёрдам бермайди. Чунки клизма лямбля ўрнашган жойгача етиб бормайди. Лямбля ўт йўлларида, ўн икки бармоқ ичакда паразитлик қилади. У қайнатилмаган сув ва ичимликлардан юқиши мумкин. Шу боис ичимлик суви билан боғлиқ муаммоли жойларда кўп учрайди. Паразитлар аллергик касалликлар пайдо бўлишига сабабчи бўлади. 

Острица — организмга жойлашгач, 4-6 соат ичида касаллик қўзғатишга қодир. Аксарият ҳолларда болаларнинг бир майдончада ўйнаши, битта тувак, идиш-товоқдан фойдаланиш уни юқтиришга йўлдир. Острица, асосан, ўн икки бармоқли ичак ҳамда йўғон ичакда жойлашиб, ўрмалаб ҳаракатланади ва анал тешикда тухум қўяди. Сўнг бу соҳада қичишиш юзага келади. Ушбу гельминтлар 1-1,5 ой ҳаёт кечиради. Паразитни нажасда ҳам кўрса бўлади. Бола атроф-муҳитни ўрганиш, жисмларнинг таъми ва таркибини билиш мақсадида қўллари билан ҳар нарсани ушлаб кўради ҳамда уларни оғзига олиб боради. Шу йўл билан острицанинг тухумлари ўзининг «бўлажак кичик хўжайини» организмига тушади. Острицани даволашнинг энг осон йўли тозаликка эътибор беришдир.

Аскорида — кўп ҳолларда тозаланмаган маҳсулотлар ҳамда ҳашаротлардан тарқалиб, ошқозон, меъда ости бези, жигар, ўт қопи йўлларида ҳаракатланиши мумкин. Аскоридоз паразитлари билан касалланган болаларда нейродермит, астма, экзема, пневмония каби хасталиклар учраши мумкин. Аскориданинг ҳаёт цикли бир неча йилларга етади.

Даволаш мумкинми?

Вақтида шифокорга мурожаат қилинса, паразитлардан эртароқ халос бўлиш мумкин. Паразитларга қарши даво чоралари инсоннинг ёшига қараб белгиланади. Чунки бу касаллик билан каттаю кичик бир хил касалланади. Дастлаб дори препаратлари, сўнг иммунитетни ошириш учун керакли витаминлар ва, албатта, қатъий парҳез тайинланади. Муоалажа давомийлиги шифокор томонидан кўрсатилади. Асоратлари нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Боиси ичаклар бўйлаб ҳаракатланувчи паразитлар қонга ўтса, бошқа аъзоларга ҳам осон тарқалади. Қолаверса, паразитлар соат сайин кўпайиб, ўзидан заҳарли ажратмалар чиқариб, организмни ичкаридан нобуд қила бошлайди. Бу эса, айниқса, ривожланаётган бола организмида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқаради.

Агарда паразитлар борлигига гумон қилинса, биринчи навбатда нажас анализи бир неча кун оралиғида 3 марта олинади. Гельминтлар учун ҳамда умумий таҳлил учун қон анализи қилинади. Шунингдек, ички аъзолар ультра товуш текширувидан ва рентгенографиядан ўтказилади. Паразитларнинг қаерларда тўлиқ жойлашганини билиш учун МРТ текшируви ҳам зарур.

БИЛАСИЗМИ?

Халқ табобатида гижжалардан қутулиш усуллари:

3 бўлак саримсоқпиёз 1 пиёла қайнатилган илиқ сув билан наҳорга ичилади. Бу муолажа 3 кун давом этади.

Дастарбош гиёҳи, бўйимодарон, эрман, қалампирмунчоқ 1 литр қайноқ сувга дамланади. Ҳар куни овқатдан олдин 3 маҳал 1 пиёладан ичилади.

Ошқовоқ уруғини майдалаб 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал истеъмол қилинади.

Ярим литр сутни 2-3 бўлак саримсоқпиёз билан қайнатиб, илиқ ҳолатда кечқурун ҳуқна (клизма) қилиш мумкин. Даволаш муддати 1 ҳафта.

Нилуфар ЮНУСОВА.