Мақсадлари  улуғ  Жаводбек

Мақсадлари улуғ Жаводбек


 Хабарингиз бор, ёшлар ўрта-сида тадбиркорлик саводхонлигини ошириш, уларга бизнес ташкил этиш ва бизнесни юритиш кўникмаларини шакллантириш лозимлигини, тадбиркорликни комплекс ривожлантириш, ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шарт-шароитлар, иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида  “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ишлаб чиқилди.

Мазкур дастурга асосан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилиб, жамғарма маблағларидан Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш, жумладан, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали 7 фоизлик имтиёзли кредитлар берилмоқда.

Жумладан, шаҳримизда ҳам бу борада самарали ишлар бошлаб юборилган. Фаол, тадбирли, давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қарорлардан оқилона фойдаланишни мақсад қилган ҳамюртимиз Жаводбек Раҳимжонов тадбиркорлик борасида олға қадам ташлаган ёшларимиздан. Келинг, ёш тадбиркоримизнинг эзгу-мақсадлари, келажак режаларига қулоқ тутайлик:

- Мен 2017 йил шаҳримиз-даги Кон-металлургия КҲКни тамомлаб, “NURIZAM SERVIS” МЧЖда ўз фаолиятимни бошладим. У ерда малакамни ошириш билан бир қаторда мебель ишлаб чиқариш сир-синоатларини бирма-бир ўрганиб бордим. Бу орада менда ҳам тадбиркорлик фаолиятини бошлаш фикри туғилди. Дадам Фарҳод Баратовга бу ҳақда айтганимда, улар ҳам менинг таклифларимни қўллаб-қувватладилар. Шундан сўнг биргаликда бизнес-режа ишлаб чиқдик. Мен бу режани олиб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши қошидаги ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази координатори Ж.Ғуломиддиновга мурожаат қилдим. Улар “Тошкент вилоятини замонавий мебеллар билан таъминлаш”га оид лойиҳам билан танишиб чиқиб, менга 13%лик кредитга тавсиянома беришди. Тадбикорлик лойиҳам 100 млн. сўмни қамраб олиб, шундан 80 млн сўмини Миллий банкдан кредит асосида олмоқчиман. Қолгани шахсий маблағларимиз ҳисобидан бўлади. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, лойиҳада коллежни тамомлаган ёшлардан 5 нафарини доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Мебеллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ушбу фаолиятим “SIMIRAN” номли хусусий корхона сифатида рўйхатдан ўтказилган. Корхонамизда асосан болалар ва катталар учун ётоқ мебеллари, ошхона жиҳозлари, стол-стуллар, офис мебеллари ишлаб чиқарилади. Мақсадим юртдошларимизни ўзимизда ишлаб чиқарилаётган жаҳон талаблари даражасидаги мебеллар билан таъминлаш, ке-йинчалик эса маҳсулотларимизни хорижга ҳам экспорт қилишдир.

 Сўзим сўнгида шуни айтишим жоизки, давлатимиз раҳбарининг биз ёшлар учун яратаётган кенг имкониятларидан унумли фойдаланиб, Ватанимиз фаровонлиги йўлида мен ҳам ўз ҳиссамни қўша олсам, ўйлайманки, мақсадларимга қисман эришган бўламан. Бунинг учун бор имкониятларимни ишга соламан.


Д.Абдураҳмонова ёзиб олди.