ДОЛЗАРБ

ДОЛЗАРБ



 Коронавируслар қаердан пайдо бўлади ва улар нега бунчалик хавфли?


     Хитойда янги турдаги коронавирусдан хасталанганлар 4515 кишига етди, уларнинг 106 таси вафот этган, дейилади Хитой соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси тарқатган хабарда. Хитой ҳукуматнинг маълум қилишича, 976 киши оғир аҳволда ётибди, 60 кишига уйига жавоб берилган. Бундан ташқари, яқинда яна 6973 киши вирусни юқтирган. 

 

У қандай касаллик? қандай юқади?

    Хитойнинг соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат қўмитаси кўп ҳолатларда вирусдан касалланганлар, айниқса ёшлар ва болалар касалликни енгил ўтказаётганлари, бироқ вирус ҳаттоки эмизикли болаларга ҳам юқиши мумкинлигини маълум қилишган. Бу орада хитойлик шифокорлар хавфли коронавируснинг янги хусусиятларини аниқлашмоқда. Улар аввал вирус асосан ҳаво-томчи йўли билан юқишини айтган бўлсалар, энди у кўзнинг шиллиқ пардаси орқали юқиши мумкинлиги исботланди. 

    Хабарда маълум қилинишича, касалликнинг инкубацион даври одатда 3-7 кунни, энг кўпи билан 14 кунни ташкил қилади. 

 

Кун сайин вирус бошқа давлатларга тарқалиб бормоқда

     Жумладан, вирус билан касалланиш ҳолатлари Камбожа, Ҳонгконг, Макао, Тайван, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Австралия ва Малайзияда қайд қилинган.

    Пекин шаҳрида 30дан ортиқ киши ушбу касалликни юқтирган бўлиб, у ерда аксар диққатга сазовор жойлар, театрлар, музейлар, шу жумладан Тақиқланган шаҳар ёпилган. 

 

Вирус кўршапалаклардан тарқалгани ростми?

    Экспертларнинг тасдиқлашича, 2019-nCoV коронавируси одамдан одамга юқади. Куни кеча, Хитой касалликнинг олдини олиш ва касалланганларни назорат қилиш миллий маркази олимлари 2019-nCoV вируси Ухань шаҳридаги Хуанань улгуржи бозорида аниқланганини тасдиқлади. 

 

Вирус бир турдан бошқасига ўтганда кучайиб кетади

     -Турлар фарқи деган тўсиқ мавжуд ва шу туфайли вирус юқмайди. Аммо кимнингдир иммунитети жуда кучсизлик қилганида ёки вирус ҳайвондан одамга ўтишига шароит бўлган бошқа омиллар мавжуд бўлганида камдан-кам кузатиладиган инфекция ҳолати юз бериши мумкин, - дейди Варвик университети олими Эндрю Истон. - Қачонки вирус бир турдан бошқасига ўтганида воқеалар ривожи қандай кечишини билиб бўлмайди. Вирус бегона муҳитда жойлашиб олса, янада кучайиши мумкин.

 

Вирусдан қандай ҳимояланиш мумкин?

    Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга чалинмаслик учун нималар қилиш кераклиги борасида қуйидаги тавсияларни берган:

қўлларингизни совун ва сув ёки спиртли аралашма билан ювинг;

йўталганда ёки акс урганда оғзингиз ва бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка, енгингиз ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг;

шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган алоқада бўлишдан узоқлашинг ҳамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганида тиббий ёрдам олиш учун мурожаат қилинг;

тирик маҳсулотлар сотиладиган бозорда бўлганингизда жониворлар ҳамда улар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган ҳолда тегинишдан эҳтиёт бўлинг;

таомни, айниқса, гўштни астойдил пиширинг.

Эслатма: Хитойда бўлиб турган ёки мамлакатга туризм ва бошқа мақсадлар учун ташриф буюрмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига барча хавф-хатарларни инобатга олиш ва барча эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилади, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

    Ўзбекистонда ушбу вируснинг мамлакатга кириб келмаслиги учун жиддий чоралар кўрилмоқда.