101 хабари

101 хабари


 Икки уй ва бир “Дамас” ёнғин ичида қолди

 

Халқимизда ўт балосидан, сув балосидан ўзинг асра, деган нақл бор. Бу бежизга айтилмаган. Биздан энг аввалида эҳтиёткор бўлишимиз, бу балолардан ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилишимиз даркор.

Айни совуқ кунларда уйи ёнган инсоннинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Жорий йил 18 ноябрь куни шаҳар ФВБ 2-ЁҚҚга “Гултепа” МФЙ, “Гултепа” кўчасида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келди. Жанговар бўлинма ёнғин жойига етиб борганда, 1974 йилда туғилган фуқаро Қ.Қ.га қарашли хонадоннинг яшаш хонаси том-шифт қисми S-25 м2 майдонда тутаб ёнаётган бўлган. Электр симларидаги қисқа туташув натижасида ёнғин келиб чиқиши натижасида хонадон эгалари 3.426.000 сўм моддий зарар кўришган.

20 ноябрь куни эса “Обиҳаёт” кўчаси, 9-уй йўлагидаги электр қути ичидаги электр симларининг қизиши натижасида қисқа туташув содир бўлиши натижасида ёнғин содир бўлди.

Катта лейтенант Х.Элбоев 2 та навбатчи жанговар бўлинма билан ёнғин жойига етиб борганида, хонадонга кириш қисмидаги пол ёғоч маҳсулотлари S-2 м2 майдонда тутаб ёнаётган бўлган. Ёнғин тезликда бартараф этилди. Ёнғин вақтида уй эгаси томонидан жами 400.000 сўм моддий зарар кўрилди.

21 ноябрь куни 2-ЁҚҚ радио алоқачисига соат 08:17 да йўловчилар томонидан «Туркистон» кўчасида “Дамас” автомашинаси билан ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар тушди.

Жанговар бўлинма воқеа жойига етиб боришганда, йўл четида оқ рангли “Дамас” автомашинасининг мотор ва ички қисми тутаб ёнаётган бўлган. Ёнғин вақтида етказилган моддий зарар аниқланмоқда. Автомобиль эгаси томонидан автомобилни ўт олдириш вақтида тез ёнувчи суюқлик(бензин)дан фойдаланиш вақтида ЁХҚга риоя қилмаганлиги натижасида ёнғин содир бўлганлиги аниқланган.

Содир бўлган ёнғинлар вақтида уй эгалари ва бошқа фуқаролар томонидан тан-жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Азиз ҳамшаҳарлар, уйда ва ишхонада доимо хавфсизлик қоидаларига амал қилишни ёдда тутинг! Акс ҳолда сизнинг оқибатсизлигингиз натижасида нохуш ҳолатлар рўй бериши мумкин.

 

Исмоил Валиев,

 

шаҳар ФВБ ФВДТ ва ФМБ

бошлиғи, сержант.