Қарор ва ижро

Қарор ва ижро


 Трансмиллий жиноятчилик

 

Сўнгги йилларда республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятни ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 700 000 киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Ҳалқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури “мерос” бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – ҳалқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки наркотраффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир.

Санаб ўтилган трансмиллий жиноятчилик, яъни ҳудуд ёки чегара танламаётган жиноятларнинг қайси бир турини таҳлил қилмайлик, уларнинг барчаси инсоният цивилизациясига очиқдан-очиқ тўсиқ экани, жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдириши маълум бўлади.

Бу жиноятларнинг асосий сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир.

Афсуски, фуқароларимиз ҳам одам савдоси қурбонларига айланмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз ва жамиятимиз томонидан ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўришни, одам савдосига жалб этилган ва ундан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

 

Одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.

 

Маҳалла фаоллари бундай турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олиш ва йўл қўймаслик учун биргаликда иш олиб боришимиз ва аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишлари ва доимий тарзда профилактик тадбирлар ўтказиб туришимиз, муқаддам судланиб чиққан ва ишсиз юрган фуқароларни иложи борича ишга жойлашишларига кўмаклашиш, уларни меҳнатга жалб қилган ҳолда бўш вақтларини унумли ўтказдириш, гиёҳвандлик ва спиртли ичимликларга ружу қўйган шахсларни эса доимий равишда назорат қилиб туришимиз ва тузалиш йўлига ўтишларига биргаликда кўмаклашишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Д.Сулейманов,

жиноят ишлари бўйича

 шаҳар суди судьяси.