Жиноят кўчасидан

Жиноят кўчасидан


 

Пиёз ваъда қилиб, 

“қуён” бўлди

     2019 йилнинг 12 август куни фуқаро Ш.С.га Оҳангарон туманида яшовчи, таниши М.Д. катта ер майдонига пиёз экиб, етиштириб қопга солгунига қадар бўлган вақт учун сарф харажатларига пул кераклигини айтади. Ўртадаги оғзаки келишувга кўра, Ш.С. пиёз пишиб етилгунига қадар пиёзларни улгуржи нархда 1 кг.ни 600 сўмдан беришга ваъда бериб, олдиндан 40 тонна пиёз учун жами 24.000.000 сўм миқдоридаги пулни олиб кетади. Айтилган муддат келганда эса М.Д. пиёзни ҳам, 24.000.000 сўм миқдоридаги пулларни ҳам қайтариб бермай, Ш.С.ни алдаб келаётганлиги маълум бўлди.


Тадбиркор фирибгарнинг фирибига чув тушди

     2019 йилнинг июль ойида “Olmaliq biznes Hamkor” МЧЖда молиявий маслаҳатчи вазифасида фаолият олиб бораётган П.О.нинг олдига Бўка туманида яшовчи О. ва К. исмли шахслар келиб, кредитга маиший техника буюмларини олиш мақсадида кредит ҳужжатларини тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этиб, қисқа муддат ичида кредит расмийлаштириб, пул ўтказиб беришлигини айтиб, сотувчини ишонтиради. О. жами 12.600.000 сўмлик, К. эса 18.000.000 сўмлик ҳар хил турдаги маиший техника буюмларини олади ва шу билан ғойиб бўлади.

     Жорий йил 28 январь куни тадбиркор П.О. шаҳар ИИБга мурожаат қилиб, О. ва К.нинг устидан арз қилиб, кредит хужжатларини тўлиқ расмийлаштирмасдан, олинган маиший техника буюмларини ҳам қайтармай, пулини тўламасдан келаётганлигини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўришлигини сўраган.


Тавбасига таянмаган талончи

     1989 йилда Оҳангарон туманида туғилган М.Э. жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судининг 2018 йил 15 майдаги ажримига кўра жазодан шартли равишда озод этилган. Олиб борилган дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, М.Э. ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, яна жиноят содир этиш йўлига кириб, фирибгарлик жиноятини амалга оширишдан ўзини тия олмади.

     Жумладан, у 2019 йилнинг 22 июнь кунидан 15 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида шаҳримиздаги “Бабушкина” кўчаси ҳудудида алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан 1980 йилда туғилган И.Э.га ҳақиқатда бўлмаган “Суннат” исмли таниши оқ рангли “Дамас” русумли автомашинасини сотаётганлигини, автомашина учун бошланғич тўлов сифатида 1.500.000 сўм пул берса, уни олиб келиб беришини айтади.

    Автомашинанинг қолган пулини 45 ой муддатга ойма-ойига 1.500 .000 сўмдан тўлаб боришига ишонтириб, И.Э. билан ўзи бошқа рақамдан “Суннат” исмли шахс номидан гаплашиб, унга ёлғон гапириб, ундан жами 8.300.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб, ушбу пулни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

    Ҳозирда юқорида қайд этилган барча ҳолатлар бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Азамат Нумонов,

шаҳар ИИБ ҳузуридаги

Тергов бўлими

катта терговчиси, майор.