Бугуннинг гапи

Бугуннинг гапи


 

«Боламни боғчага беришим керак» ёхуд охири йўқ навбатларга қачон барҳам берилади?


     Бу фарзанди уч ёшга тўлган аксарият ота-онанинг дарду ташвиши. Албатта, боғчага борган бола кўп нарсани ўрганади, тенгқурларига нисбатан ҳар томонлама ривожланади, мактабга чиқишга тайёрланади. Шу боис боласини боғчага бериш истагидаги ота-она айни пайтда кўпаймоқда. Бироқ…

Сўнгги пайтларда ота-она учун жигарбандини мактабгача таълим ташкилотлари(МТТ)га жойлаштириш университет-у, институтга ўқишга киришдек гапга айланди. Ҳужжат кўтариб, ойлаб идорама-идора сарсон бўлиб юрганларнинг аҳволи бунга мисол. Афсуски, улар МТТга бериладиган йўлланмани деб, тегишли ташкилотлар эшигини нафақат ойлаб, балки йиллаб пойлаб келаётгани рост. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? Бунга болалар боғчаларининг камлиги сабабми ё сиз-у бизга қоронғи бўлган бошқа “сир-асрорлар” ҳам борми?


«Ўзгариш ҳам, йўлланма ҳам йўқ»

     — Ўғлим тўрт ёшга кирди, аммо ҳалигача боғчага боролмайди, — дейди шаҳримиз фуқароларидан бири Сарвиноз Абсаитова, - Ўғлим Довудбек Баҳодировни уйимиз яқинидаги 9-сонли МТТга бермоқчи эдим. Шу мақсадда ўтган йилнинг бошида шаҳримиздаги Давлат хизматлари марказига бориб, имтиёз асосида навбатга қўйган эдик.  Бир неча бор мурожаатдан сўнг, «Талабгор кўп, хабар олиб туринг, навбатингиз келса, ўзимиз чақирамиз», дейишди. 

     – Катта фарзандимни 4 ёшида 23-боғчага навбатга қўйган эдик, ҳозирда 6 ёшда, кичиги 5 ёшда. Навбатимиз 44 -ўринда туриб қолган. Лекин, шуни аниқ айта оламанки, фарзандларим мактабга чиққунича ҳам навбатимиз келмайди, - дейди Нодира Абдуллаева. 

     Хуллас, “ҳурматли” мутасаддиларимиз ота-оналарни ҳар сафар мактабга чиқишга тараддудланаётган тарбияланувчиларнинг ўрни бўшаб қолишига ишонтириб келишади. Бироқ, айтилган вақт етиб келганида эса... Ўзгариш ҳам, йўлланма ҳам йўқ. 

«Қизиқ, бу қандай навбат эканки, 

бир йилда ҳам келмаса?»

    ... - дейди 10-МТТга фарзандини жойлай олмаётган Ф.Ҳудойназарова ўз мурожаат хатида, — Наҳот, илгарилари болалар 1 ярим, 2 ёшдан боғчаларга қабул қилинган, бу каби сарсонгарчиликлар йўқ эди.

     «Эндиликда, боғча мудираси билан «келишиб» ишингизни битириб кета олмайсиз ҳамда ортиқча вақтдан, харажатлардан ютасиз», дейилиб Давлат хизматлари марказлари орқали йўлга қўйилган МТТга қабул қилиш хизматидан аксарият ота-оналарнинг масаласи ҳал бўлиши қийинлашганини кўришимиз мумкин.  

    - Турмуш ўртоғим 17 йилдан буён комбинатда ишлаб келади,-дейди ҳамшаҳарларимиздан бири. - Қизимни комбинат боғчасига жойлай олмаяпмиз, чунки «онаси ҳам ишлаяпти”, деган маълумотнома керак экан. Шу тўғрими? Ишлашим учун аввало, боламни боғчага беришим керак эмасми?! 

    Бугун ОКМК АЖда ишлайдиган айрим ота-оналарни ҳам ушбу муаммо қийнамоқда. ОКМК АЖ тасарруфидаги Ижтимоий объектлар бошқармаси бошлиғи Элёр Акбаров эса, бу борадаги фикрларимизга қарата яқин келажакда мазкур масалага ечим топилишига умид йўқлигини таъкидлади.  


«Навбатимиз орқага сурилиб кетаяпти»

      Фарзандини МТТга жойлаштириш бўйича навбатга киритилганларнинг навбати олдинга силжиш ўрнига аксинча, қуйига тушиб кетиш бўйича баҳсли ҳолатлар ҳам учраётганига нима дейсиз? 

      Фуқаро Ҳаким Абдувалиев Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб, фарзандларини 2019 йилнинг 28 июнида 11-МТТга 154, 155-ўринларга навбатга қўяди.  Орадан маълум вақт ўтиб, “Навбатим яқинлашиб қолдими?”, дея яна ДХМга келади, электрон тизим эса уни 163-ўрин эканлигини кўрсатади. Жорий йилнинг 7 февраль куни таҳририятимиз масъуллари билан масалага ойдинлик киритганимизда эса, навбатлар бир поғонагина пастга сурилганлигини гувоҳи бўлдик (153, 154-ўринлар). Ваҳоланки, шаҳар МТТ томонидан эътироф этилишича, бу вақт оралиғида 11-МТМга 131 нафар бола қабул қилинган. 

      Ҳ.Абдувалиев ўғли Дилшодбек Анорбоевни боғчага бериш истагида бир йил олдин 11-МТТга навбатга қўйган, “Бир борсам 50-навбатсиз, дейди. Яна бир борсам 165-навбатда турибсиз, дейди. Буни қандай тушуниш мумкин? Ахир биздан кейин навбатга қўйганларнинг фарзандлари аллақачон боғчага чиқиб бўлишган бўлса”, дейди куюнчаклик билан. Кўриб турганимиздек, бу каби ҳолатлар қайси боғчага бошингизни суқманг, кўплаб  топилади. 

 Жой ҳақиқатдан муаммоми?

      Шаҳримизда ҳозирги кунда Мактабгача таълим бўлимига қарашли 18 та давлат ва  2 та ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 11 та  НМТТлари фаолият юритиб келмоқда. ОКМКга қарашли 16 та мактабгача таълим ташкилотлари ҳам мавжуд.  Жами 57 та болалар боғчалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларда 10 492 нафар бола тарбияланмоқда. Яъни, боғча ёшидаги болаларнинг 66,6 фоизи қамраб олинган.

    – Дарҳақиқат, шаҳримиздаги 9,10,11,23-сонли МТТларга навбатда турганлар жуда кўп,-дейди шаҳар МТБ мудаси в.в.б. Тё Татьяна. – 4 мингдан ортиқ бола навбати келишини кутиб турибди. Аммо болаларнинг барчасини тўлиқ қабул қилишнинг имкони йўқ. Чунки боғчалар етарли эмас. Шунинг учун, ОКМК ҳисобидан “Мустақилликнинг 27 йиллиги даҳаси”да 330 ўринли МТТ қурилиши лойиҳалаштирилаяпти. 38-сонли МТТда қўшимча гуруҳлар март ойидан фаолиятини бошлайди. Бундан ташқари, 7-сонли МТТда яна 9 та гуруҳ, 41-сонли  давлат МТТ 7 та гуруҳлар очилмоқда. 19-сонли МТТда қурилиш ишлари якунланди. А.Қодирий МФЙда 60 ўринли, Фурқат МФЙда 150 ўринли “Наврўз” МФЙда 120 ўринли, А.Авлоний МФЙда 120 ўринли хусусий МТТлар фаолиятларини бошлаш арафасида. Яна шаҳар марказларидан 7 та оилавий НМТМлар ташкил этилиб, йил якунига қадар тарбияланувчилар қамровини 79,1 фоизга етказиш муҳим вазифаларимиздан бири. 


Болалар боғчага 1 ёшдан қабул қилиниши бўйича қарор қабул қилиндими? 

      Ҳақиқатан, жойларда мактабгача таълим муассасасига талаб ҳар хил. Уларнинг нуфузи шарт-шароити ва бошқа мезонларга қараб белгиланади. Эндиликда, болалар боғчага 1 ёшдан қабул қилинадими? Бу савол кўпчиликни қизиқтиради. Ҳа, фақат улар нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинади. 

    Тўғри, айримлар нодавлат боғчалар бадали қиммат, шароити кўтармаслигини рўкач қилишмоқда. Лекин, ота-оналар учун яна бир енгиллик, давлат -шерикчилик асосида ташкил қилинган оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиши кўпчилик учун қулай имкониятлар эшигини очиши мумкин.  

     Яъни, давлат-шеркичилик асосида ташкил қилинган оилавий МТМ бадали давлат МТТдаги бадал қийматида амалга оширилади (айтайлик, шаҳримиздаги давлат МТМлардаги ота-оналар бадали 156 000 сўм бўлса, оилавий МТМда ҳам шу миқдорда тўланади). 

Хулоса ўрнида

       Мақолада кўпларни қийнаб келаётган масала ҳақида сўз юритдик. Ушбу масала атрофида коррупциявий аломатлар йўқлигига ҳеч ким ким кафолат беролмайди.

Маълумки, шаҳримиздаги  айрим корхона, ташкилотлар фойдаланаётган 8 та собиқ МТТ бинолар мавжуд бўлиб, уларни ўз ўрнига қайтариш зарурияти мавжуд. Бу билан биз юқоридаги каби муаммоларга ечим топган бўлар эдик. 


Марғуба Султонова.