Инсонпарварлик

Инсонпарварлик


 

КЕЧИРИМЛИЛИК - ХАЛҚИМИЗГА ХОС УЛУҒ ФАЗИЛАТ

 

     Мамлакатимиз ҳаётига татбиқ қилинган авф этиш институти том маънодаги инсонпарварлик ифодаси бўлиб, адашиб ҳуқуқбузарлик йўлига кирган ва содир этган жиноятининг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш ҳар қандай давлат олдидаги муҳим масаладир.

     Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яна бир хайрли ишга қўл урди. “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Бу ҳужжат кўплаб оилаларга қўшалоқ байрам қувончини улашди. 

     Хусусан, Олмалиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти ИИББ ЖИЭБ 45-сонли манзилли колониясидан 11 нафар, 49-сонли манзилли колониясидан 5 нафар фуқаролар авф этилди.

    -Ишлаб юрган вақтларимда бегона шахсларнинг алдовларига учиб, қурол-яроғ савдосига аралашиб, шу йўлга адашиб кириб қолдим, – дейди зангиоталик И.Сулайманов. –Жазо муддатини ўташ даврида оқу қорани ажратдим, Қилмишимдан қаттиқ пушаймонман. Гуноҳимни афв этгани учун Президентимизга минг бор ташаккур, энди жиноят кўчасига қайрилиб ҳам қарамайман. Улуғ айём кунлари фарзандларим, набираларим бағрида бўлишимдан хурсандман. 

  Шунингдек, Марғилон шаҳридан Адҳамжон Ҳайжаров, Тошкент шаҳридан Шавкат Раҳматуллаев каби бир гуруҳ маҳбуслар озодликка чиқарилиб, хонадонларига, оилалари бағрига қайтишди. 

   Жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг жам бўлиши, айниқса, оила боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга. Мазкур фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига ҳам хизмат қилади.

   Қолаверса, кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиши, жамиятда ўз ўрнини топишига ишонамиз.


Марғуба СУЛТОНОВА.