Тўйларда лицензиясиз хизмат қилиш тақиқланади

Тўйларда лицензиясиз хизмат қилиш тақиқланади


 8-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Миллий менталитетимизга мос бўлмаган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган турли томоша ва шоулар, тўй маросимларида маънавий-ахлоқий нормаларига зид бўлган урф-одатларнинг олдини олишда ресторан, кафе ва тўйхоналар раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш” мавзусидаги муҳокама  йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими бошлиғи Қ. Юлдашев, шаҳар ИИБ бошлиғи ўрин-босари И. Нурматов, ресторан, кафе, тўйхона раҳбарлари, маҳаллий тўй, юбилей ва бошқа барча маросимларни ўтказувчи санъаткорлар иштирок этишди.

Мутахассислар томонидан миллий менталитетимизга ёт бўлган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган турли томошалар ва шоулар, тўй-маросимларнинг маънавий-ахлоқий нормаларга зид бўлган равишда ўтказишларига чек қўйиш кераклиги, бу  масала юзасидан маҳаллаларда ҳам тушунтириш ишлари олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими бошлиғи Қ. Юлдашев сўзга чиқиб, турли томоша, шоулар ва тўй-маросимларда маънавий-ахлоқий нормаларга риоя этишда ресторан, кафе ва тўйхона раҳбарларининг масъулияти катта эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, маҳаллий тўй,  юбилей ва бошқа барча маросимларни ўтказувчи санъаткорлар ва санъат гуруҳлари махсус лицензия (рухсатнома)га эга бўлган ҳолда  хизмат қилишлари лозимлиги қайд этиб ўтилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб йиғилиш қарорлари қабул қилинди. Унга кўра, энди МФЙ раислари ҳамда тўйхона раҳбарларига тўй-маросимларнинг тартибли ўтиши, тўйларга таклиф этилган санъаткорларнинг фаолият олиб боришлари учун лицензияга эга ёки эга эмаслигини назоратга олиш вазифалари юклатилди.

 

Гулшода КАРИМОВА.