Субсидия — ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағлар.
Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Аризани кўриб чиқувчи масъул ташкилотлар:
тиббиёт бирлашмаси;
ички ишлар бўлими (бошқармаси);
молия бўлими;
давлат солиқ инспекцияси;
аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси;
туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгаши;
туман (шаҳар) ҳокимлиги;
иштирок этувчи тижорат банклари.
Тақдим этиладиган ҳужжатлар:
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;
оила аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;
белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);
доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);
доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);
ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).
Давлат хизматлари марказидан субсидия бериш тўғрисида ижобий хабарномани олган талабгор хабарномада кўрсатилган сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан ошмаган қийматли уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.
Субсидиялар миқдори:
Қишлоқ жойларда — биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
Шаҳарларда — бошланғич бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун — Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
Асос: Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом.
М.Абджалов,
шаҳар адлия бўлими бошлиғи в.в.б.