Image default
Жамият

МУРОЖААТ

Олмалиқ шаҳар ҳокими Хамдамов Қобил Муротқуловичнинг шаҳар Кенгаши депутатлари ва аҳолига “Олмалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ҳамда 2022 йилги вазифалар тўғрисида”ги

МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар, азиз ҳамшаҳарлар, қадрли меҳмонлар ва жамоатчилик вакиллари!

Ўтган беш йил мамлакатимизда муҳим ўзгаришлар даври бўлди. Очиқлик сиёсати, сўз эркинлигининг амалда таъминланиши бўйича Давлат раҳбарининг қатъий позицияси биз раҳбарларни ҳам ўзгаришга, одамлар билан самарали мулоқот қилишга, амалий натижадорлик учун ишлаб, энг аввало, инсон қадри учун курашишга ўргатди.

Қанчалик аччиқ ва оғир бўлмасин муаммоларни тан олишга, баҳона эмас ечим қидиришга ўргандик.

Тугаб бораётган йил шаҳримизнинг барча масъуллари жумладан, мен учун ҳам катта синов йили бўлди. Энг муҳим масалаларни ҳал этишда, оқилона қарорлар қабул қилишда меҳнаткаш аҳолимиз, хусусан, депутатларимиз, кўпни кўрган нуронийларимиз, тажрибали мутахассислар ва ёшларимизга таяндик.

Бугунги йиғилишимизнинг бош мақсади ўтиб бораётган йилда бажарган ишларимизни сарҳисоб қилиб, камчиликларимизни тўғирлаб, хатоларимизни тузатиш орқали келгуси йил режаларини бамаслаҳат белгилашдир.

Бугунги кун соҳаларда барқарорликни сақлаб қолишнинг ўзи мураккаб бўлган бир шароитда олдимизга қўйган узоқ йиллик режаларимизни ҳам бажаришни талаб этмоқда.

Синовли кунларда барча муаммоларнинг ечими аҳолининг ишончли даромад манбаи, барқарор иш ўрнига эга бўлиши, нарх-наво мўътадиллиги каби масалалар билан боғлиқлиги яна бир карра ўз исботини топди. Қайси ҳудудда тадбиркорлик, саноат ривожланган, экин майдонларидан эса унумли фойдаланилган бўлса, шу жойда аҳолининг турмуши фаровон бўлади.

Айни шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, тугаб бораётган 2021 йилда даставвал демографик ҳолатимизга қисқача тўхталиб, биринчи навбатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинган ишларимизни таҳлил қилсак.

Шаҳримизда 51 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд. Ушбу маҳаллаларда 135 минг 915 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда. Шундан 64 минг 206 нафари эркаклар ва 71 минг 709 нафари аёлларни ташкил этади. Шаҳар бўйича 36 минг 44 та хонадон, шундан 25 минг 562 таси кўп қаватли уйлар, 10 минг 482 таси якка тартибдаги уйлардир. Оилалар сони 42 минг 496 та ташкил этади.

Бугунги кунда шаҳарда юридик корхона ва ташкилотлар сони 2 минг 261 та, якка тартибдаги тадбиркорлик суъбектлари эса 1 минг 393 та.

Жорий йилда 324 та юридик шахсни ташкил этиш белгиланган бўлиб, амалда 340 та ёки 105,0%га, 410 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш режаси эса, амалда 567 та ёки 137 фоизга бажарилишига эришилди. 8 та юридик корхона фаолияти қайта тикланди.

Ишсиз ёшларни тадбиркорларга бириктиришга қаратилган “Ҳар бир тадбиркор ёшга мададкор 1+1” лойиҳаси доирасида бугунги кунда 270 та ёш тадбиркорликка ўқитилди. Шундан 150 нафарига сертификат берилди. Буларнинг 28 таси кредит маблағлари ҳисобига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди.

“Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида 15,5 млрд. сўмлик 481 та лойиҳага Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан ижобий хулосалар берилган бўлиб, шундан 242 та лойиҳага 7,5 млрд. сўм кредит маблағи “Халқ банки” томонидан ажратилган.

Иқтисодий  кўрсаткичлар

Шаҳримизнинг иқтисодий кўрсаткичларини рақамларда кўрадиган бўлсак, йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 31 трлн. 950 млрд. сўм, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 115,6 фоиз. Шундан, ҳудудий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 401 млрд сўм, 205,0%. Қурилиш ишлари ҳажми 1,2 трлн.сўм, 265,2 фоиз. Хизмат кўрсатиш ҳажми 1 трлн. 525 млрд. сўм, 122,9 фоиз. Чакана савдо айланмаси 1 трлн. 655 млрд. сўм,105,7 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Бу эса янгидан-янги иш ўринларининг пайдо бўлиши, бозорга сифатли маҳсулотларнинг кириб келиши, хизмат кўрсатиш ва шу каби соҳаларнинг ривожланиб бораётганлигидан далолат.

Маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлар

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллий бюджетга туширилган маблағларнинг орттирилган қисмини шаҳар ва туманларнинг ўз эҳтиёжлари учун сарфлаш имконияти яратилган. Оддий қилиб айтганда, биз ҳокимлар маҳаллий бюджет даромадини қанча оширсак шаҳар аҳолисига шунча кўп ёрдам бера оламиз. Шаҳримиз маҳаллий бюджети учун 2021 йил режаси 55,1 млрд. сўм белгиланган бўлиб, бугунги кунга ҳақиқатда 61,9 млрд. сўм ёки 112,7%га бажарилиб, қўшимча 6,8 млрд. сўм тушум таъминланди. Натижада аҳолимизни қийнаб келаётган, маблағ талаб этиладиган кўплаб муаммоларни ўзимиз мустақил бартараф этиш имкониятига эга бўлдик.

Йил бошида маҳаллий бюджет харажатлари режаси 99 млрд. 700 млн. сўмга тасдиқланган. Шундан, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар республика бюджетидан амалга ошириладиган Халқ таълими соҳасига 6,6% ва мактабгача таълим соҳасига 3,6 %, соғлиқни сақлаш соҳасига 55,8 %, давлат бошқарув органлари харажатларига 8,7% ва бошқа соҳаларга 25,3% харажатлар йўналтирилган.

Жорий йилда Ўзбекистон тарихида илк бор маҳаллий бюджет даромадларининг орттириб бажарилган бир қисмини жамоатчилик фикри асосида танлаб олинган лойиҳаларга сарфлаш амалиёти жорий қилинди.

Шаҳримизда жами 1,5 млрд.сўм маблағ жамоатчилик фикри натижаларига кўра 3-сонли боғчани жорий таъмирлашга, 7-сонли мактабга замонавий спорт мажмуаси қуришга ҳамда «Дўстлик» ва «Бўстон» маҳаллаларининг айрим ички йўлларини асфальт қилиш учун йўналтирилди.

“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”

Энг катта қийинчиликлар биз уларни кутмаган жойда пайдо бўлади, деб бежиз айтилмаган экан. Бутун ер куррасини ташвишга солган коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ синовлар афсуски, 2021 йилда ҳам давом этяпти. Бу шароитда моддий, ҳуқуқий ва психологик кўмагимиз шахсан қийналган фуқароларга етиб боришига мўлжалланган тизим билан ишладик.

Хабарингиз бор, ўта оғир ахволга тушиб қолган оилалар учун “Темир дафтар”, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар учун “Ёшлар дафтари” ва 30 ёшдан юқори бўлган аёллар учун “Аёллар дафтари” шакллантирилди.

Тизим жорий этилгандан буён шаҳримизда “Темир дафтар”га 2 минг 114 та оила киритилган, шундан 2 минг 70 та оила турли моддий ва номоддий ёрдамлар кўрсатиш ҳамда бандлигини таъминлаш орқали дафтардан чиқарилган. Бугунги кунда “Темир дафтар”да 44 та оилалар мавжуд (2-секторда — 28 та, 3-секторда — 8 та ва 4-секторда — 8 та оила).

“Темир дафтар”даги ҳамда бошқа ижтимоий ҳимояга мухтож, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан жами 918 млн.сўм маблағ сарфланган. Жумладан,

озиқ-овқат жамланмасига 161 млн.сўм;

— моддий ёрдамга 391 млн.сўм;

— тиббий хизмат, дори воситаларига 61 млн.сўм;

техник воситаларга 306 млн.сўм ажратилиб, мазкур оилаларнинг турмуш даражаси яхшиланишига, камбағалликдан чиқишига эришилди.

“Аёллар дафтари”да шаҳардаги 5 минг 347 нафар аёллар рўйхати шакллантирилган бўлиб, бугунги кунда “Аёллар дафтари” жамғармасидан 1 млрд. 800 млн. сўмлик ёрдамлар кўрсатилган. Жумладан,

— 1 минг 50 нафарининг бандлиги таъминланган. Шундан 428 нафари касб-ҳунарга ўқитилган, 622 нафари доимий ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирилиб, ўзини-ўзи банд қилган;

— 832 нафар аёлларга 736 млн. сўмлик моддий ёрдам ажратилган;

— 446 нафар аёлга 793 млн. сўм ажратилиб, асбоб-ускуналар олиб берилди (шундан, 260 нафарига тикув машинаси, 298 нафарига электр печлар, 25 нафарига инкубатор, 1 нафарига компьютер жамланмаси, 1 нафарига пайвандлаш аппарати);

— 200 нафар аёлга 110 млн.сўм ички туризмга ажратилди;

— 7 нафар аёлга 160 млн.сўм уй ижараси тўлаб берилди;

— 2 нафар аёлга 6 млн.сўм тиббий-жарроҳлик амалиёти учун маблағ ажратилди.

“Ёшлар дафтари”га 2 минг 137 нафар ёшлар киритилган бўлиб, 1 минг 991 нафар дафтардан чиқарилишига эришилди. “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 1,5 млрд. сўмлик ёрдамлар кўрсатилган.

— 563 нафар ёшлар доимий даромад манбаи билан таъминланган;

— 355 нафар ёшларга моддий ёрдам 349 млн.сўм;

— 338 нафар ёшларга меҳнат қуроллари 730 млн.сўм (шундан, 150 нафарига тикув машинаси, 91 нафарига электр печ, 8 та инкубатор, 95 та пайвандлаш аппарати, 4 та махсус асбоб (болгарка, газонокосилка, отбойный молоток), 1 та махсус дазмол (пластик қувурлар учун);

— 134 нафар ёшга ҳайдовчилик гувоҳномасига 227 млн. сўм;

— 36 нафар ёшнинг контракт-тўловига 152 млн.сўм;

— “Бешта муҳим ташаббус” тадбирларига 32 млн.сўм;

— 3 нафар ёшнинг сафарбарлик чақирувига 12 млн.сўм;

— 2 нафар ёшни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш учун 3 млн. сўм;

— 27 нафар ёшга 843 млн.сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.

Жорий йилда 10 нафар ота-онасидан маҳрум бўлган фарзандларимиз ҳамда 5 нафар ногиронлиги бўлган ҳамшаҳарларимиз ҳокимлик томонидан уй билан таъминланган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 12 та оила ётоқхоналарга жойлаштирилди.

Моддий ёрдамлар юзлаб фуқароларимизнинг оғирини енгил қилган бўлса, беғараз озиқ-овқатлар эса кўплаб оилаларимиз рўзғорига кўмак бўлди. Уй-жойсиз сарсон-саргардон бўлиб, ижара хақини ҳам тўлашга қурби етмай қолган хотин-қизларимизга салкам 1 йиллик ижара ҳақининг тўлаб берилиши нечоғлиқ аҳамиятли эканлигини, оила ташвишини бошидан ўтказган ҳар биримиз яхши англаймиз.

Ёшларимизнинг олий таълим ва техникумларда ўқиши учун шартнома пулларининг тўлаб берилиши, келажак боғига ниҳол қадаш билан баробар. Шаҳримизда истиқомат қилиб, дафтарларга киритилган фуқароларимизнинг жарроҳлик амалиёти, дори-дармон ва тиббий хизматларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб бера олганимиз Президентимиз томонидан жорий этилган тизимнинг ўта ҳаётий катта тажрибага асосланганлигини кўрсатади.

Бандликни таъминлаш

Ҳурматли ҳамшаҳарлар, сессия иштирокчилари, асосий йўналишларимиздан бири бу фуқароларимизнинг бандлигини таъминлаш масаласидир.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига бугунги кунда 2 минг 354 нафар фуқаро (жумладан, аёллар 1 минг 392 нафар, ёшлар 1 минг 146 нафар) мурожаат қилган. Мурожаат қилган фуқароларнинг ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш каби қатор масалаларини ечимини ҳал этиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Жорий йилда бандлик Дастури бўйича мавжуд иш ўринларига қўшимча яна 1 минг 700 та доимий янги иш ўринларини яратиш ва 1 минг 497 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлиб, амалда 1 минг 725 та (101,4%) янги иш ўринлари яратилди ва 1 минг 790 нафар аҳоли бандлиги таъминланган.

430 нафар фуқаро жамоат ишларига юборилган (шундан, 169 нафар ёшлардир).

186 нафар ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга ўқитиш режалаштирилган бўлиб, амалда 384 нафарни (шундан 238 нафар ёшлардир) ташкил этди, яъни режа 206 фоизга бажарилган.

10 нафар фуқарога енгил типдаги иссиқхона қурилишига 71 млн.сўм сўм субсидия маблағлари ажратилган. 22 нафар ишсиз фуқарога тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш учун маблағлари тўлаб берилди.

Юқоридаги ишларимиз Президентимиз таъбири билан айтганда, “Халқимизга балиқ эмас, қармоқ бериш”га, ўз рўзғорини ўзи меҳнат қилиб тебратиши учун имконият ва шароит яратиб беришга қаратилган.

Инвестиция лойиҳалари  

            Маълумки, бозордаги барқарорлик, муносиб иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётнинг ривожланишида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ўта муҳимдир. Олмалиқ шаҳрини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан қиймати 211 млрд.сўмлик 110 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 2 минг 34 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган эди.

Шундан: Саноат йўналишида қиймати 130 млрд.сўмлик 11 та лойиҳа  ва 1 минг 396 та иш ўрни;

Хизмат кўрсатиш йўналишида қиймати 81 млрд.сўмлик 99 та лойиҳа ва 638 та иш ўрни.

Бугунги кунда қиймати 177 млрд.сўмлик 101 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 926 та иш ўринлари яратилган.

Шундан саноат йўналишида қиймати 106 млрд.сўмлик 10 та лойиҳа асосида 1 360 та иш ўрни яратилган.

Хизмат кўрсатиш йўналишида қиймати 71 млрд.сўмлик 91 та лойиҳа асосида 566 та иш ўрни яратилган.

Мисол учун, “Элегант Гармент Текстил” МЧЖ томонидан қиймати 11 млрд. сўмлик йилига 8 млн дона ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 1000 тадан ортиқ иш ўринлари яратилган.

“Ойдин” маҳалласида жойлашган “Агро Милк Фуд” МЧЖ томонидан қиймати 3 млрд.сўмлик “Ресторан” лойиҳаси амалга оширилиб, 25 дан ортиқ иш ўринлари очилган.

“Тошкент” маҳалласида “Мафтуна Ҳазрати Али” МЧЖ томонидан қиймати 3,5 млрд.сўмлик, 300 ўринли “Тадбирлар ўтказиш мажмуаси ва сузиш ҳавзасини ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиши натижада 40 нафардан ортиқ иш ўринлари яратилган.

“Бобур” маҳалласида “Амир Бранд Текстил” МЧЖ (Мунис) томонидан қиймати 1,5 млрд.сўмлик “Савдо тармоғини ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиб, 25 тадан ортиқ иш ўринлари яратилган.

“Ибн Сино” маҳалласида “Олмалиқ Текстил Тола” МЧЖ томонидан қиймати 2 млрд.сўмлик, 150 ўринли “Хусусий клиника” лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 30 тадан ортиқ иш ўринлари яратилган.

“Боғаро” маҳалласида фуқаро Ибрагимов Азизбек Исроилович томонидан қиймати 6 млрд.сўмлик, 250 ўринли “Нодавлат таълим муассасаси” (Бухоро мактаби) лойиҳаси амалга оширилиб, 30 дан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Ҳудудий экспорт бўйича эса 2021 йилда Олмалиқ шаҳридаги экспортёр корхоналар томонидан 18,8 млн.долларлик экспорт амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 24 млн.доллар ёки режа 127 фоизга бажарилди.

Ўтган йил билан таҳлил қилганимизда 8 та корхона томонидан жами 4 млн.долларлик экспорт амалга оширилган.

Ўтган йили амалга оширилган экспорт ҳажмига нисбатан жорий йилда 20 млн.долларга кўп экспорт амалга оширилган.

Яна бир муҳим жиҳати ўтган йили экспортёр корхоналар томонидан 6 турдаги маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда 12 хилдаги маҳсулот экспортга чиқарилди ва ўтган йилга нисбатан 6 хилдаги маҳсулот турига кўпайган.

Буларга мисол қилиб, тўқимачилик, терини қайта ишлаш, калава ипларни бўяш, қурилиш материаллари, енгил саноат маҳсулотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга йўналтирилганлигини таъкидлаш жоиз. Жорий йил асосан экспорт ҳажми қуйидаги давлатларга амалга оширилган. Россия давлатига 55 фоиз (12,9 млн.доллар), Қозоғистон давлатига 23 фоиз (5,2 млн.доллар), Хитой давлатига 5 фоиз (0,7 млн.доллар), Туркия давлатига 12 фоиз (2,7 млн.доллар) Германия, Тожикистон, Қирғизистон, Украина  давлатларига 5 фоиздан (0,3 млн.доллар) тўғри келади.

Мисол учун “Циркечи Таштекстил” МЧЖ – 3 млн .доллар,

“Олмалиқ Ғиштчиси” МЧЖ – 6 млн. доллар, “Элегант Гармент Текстил” МЧЖ – 15 млн.доллар экспортни амалга оширган.

Буларнинг барчаси шаҳримизда қулай тадбиркорлик ва жозибадор инвестициявий муҳит яратилганлигидан далолат. Юқоридаги ҳар битта лойиҳа ортида аҳолимиз айниқса ёшларимизнинг юзлаб доимий иш ўрнига эга бўлиши ҳамда бюджет даромадлари ортишига эришилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 20 август куни илк маротаба тадбиркорлар билан учрашувида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш, турли имтиёзлар бериш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди ҳамда ушбу санани мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинди. Соҳибқирон Амир Темурнинг шундай сўзлари бор: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”. Шу маънода айтмоқчиманки, биз ҳам шаҳримизда ишбилармон, мард ва ҳалол тадбиркорларимизнинг сони янада кўпайиши йўлида барча амалий чораларни кўришда давом этамиз.

Қурилиш ишлари

Халқимизнинг энг катта эҳтиёжларидан бири бу уйга бўлган эҳтиёждир. Эътироф этиш ўринлики, мамлакатимизда ўтган беш йилда 140 мингта хонадон қурилган бўлса, 2022-2026 йилларда эса яна 1 миллион аҳолини уй билан таъминлаш мақсад қилиб олинган. Шаҳримизда бу соҳада ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

Увайсий маҳалласидаги 2,4 гектар ер майдонида (“Агро Мир Буилдинг” МЧЖ томонидан) 768 та хонадондан иборат 8 та 16 қаватли уй қурилмоқда.

Ислом Каримов маҳалласида (“Ориент Авто Универсал” ва “Лайт Ню Фюче” МЧЖлар томонидан) 2 гектар майдонда 5 та 9 қаватли 180 хонадонли уйларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари хусусий тадбиркорлар томонидан Навоий маҳалласида 5 та 7 қаватли 168 та хонадонли уйлар қурилиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, Ибн Сино маҳалласида 7 та (2 та уйнинг қурилиши бошланган), Шароф Рашидов маҳалласида 1 та, Кимёгар маҳалласида 17 та ва Янги ҳаёт маҳалласида эса 5 та 7 қаватли уй қурилиши бошланган.

Халқимизда «Ўз уйинг, ўлан тўшагинг» деган нақл бор. Бу улкан бунёдкорлик ишлари натижасида минглаб оилалар ўз бошпанасига эга бўлиб, хотиржамликда ҳаёт кечирадилар. Ўз уйи бор, оиласи хотиржам инсон эса иш фаолиятида муваффақиятга эриша олади.

Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар субсидия орқали реализация қилиниши кўзда тутилган.

2021 йилда уй-жойларнинг бошланғич тўлов суммасининг бир қисми учун Давлат томонидан субсидия, яъни, қайтарилмас маблағ олиш учун Давлат хизматлари маркази орқали 428 та ҳужжат топширилган.

Кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари

Олмалиқ шаҳрида бугунги кунда 676 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, шундан 7 қаватли 22 та, 5 қаватли 57 та, 4 қаватли 379 та, 3 қаватли 44 та ва 2 қаватли 174 та уйлар.бор. Буларга 5 та бошқарув сервис компаниялари ва 19 та ширкат хизмат кўрсатади.

Кўп қаватли уйларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича 116 та уйда (74 минг 520 м2) том қисми мукаммал, 98 та уйда (15 минг 560 м2) том қисми жорий, 364 та кириш йўлаклари, 38 та электр тақсимловчи шит, 234 та ертўла, иссиқлик қувурлари, 8 та янги болалар майдончаси барпо этилган ва 46 та болалар майдончаси таъмирланди, 3 минг 100 п.м. ирригация тармоғи, 134 та уйларнинг фасад қисми мукаммал таъмирланди, 142 та тунги ёритиш мосламалари ўрнатилди ва 24 минг 410 м2 уй олд қисмидаги йўлаклар (тротуар)лар бетон қопламаси билан қопланди.

Натижада бу уйларда яшовчи фуқароларимиз томдан чакки ўтиши, лой йўлаклардан кириш, электрдаги узилишлар, ертўлалардаги ноқулайликлар, уйларнинг исимаслиги каби кўп йиллик муаммолардан холос бўлдилар.

Иссиқлик таъминоти

2 млрд. 200.млн сўм маблағ ҳисобига 4,28 км (режага нисбатан 103%) узунликдаги магистрал ва ички квартал иссиқлик тармоқлари мукаммал, (режага нисбатан 123,3 %), 22 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари эса жорий таъмирланди. Шунингдек, 139 дона зулф алмаштирилди. Қолаверса, 1 та қозонхона, 1 та насос станциясининг 6 та насоси ва 6 дона электр двигателлари жорий таъмирдан чиқарилди. Бунинг натижасида 100 дан ортиқ кўп қаватли уйлардаги 6 мингга яқин хонадоннинг, 20 та ижтимоий соҳа объектлари, 15 та хўжалик юритувчи субъектларнинг иссиқлик таъминоти яхшиланишига эришилди. Қолаверса, 3 млрд 980 млн сўм маблағга шаҳар “Иссиқлик манбаи” МЧЖ корхонасининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида, 1 дона автокран, 1 дона экскавотор, 4 та газел автомобили, 1 дона Дамас автомашиналари харид қилинди. Аҳолимизга янада қулайлик яратиш мақсадида 300 млн сўм эвазига абонентларга хизмат кўрсатиш биноси мукаммал таъмирланди.

Ичимлик суви ва оқова хизматлари

14,6 км узунликдаги ичимлик суви ва 1,2 км оқова тармоқлари тортилди ва таъмирланди. Натижада 4 минг 100 та хонадонда яшовчи 20 минг 820 нафар аҳолининг, 6 та ижтимоий соҳа объектлари ва 35 та корхонанинг ичимлик суви ва оқова хизмати яхшиланишига эришилди.

Шаҳардаги 3 та насос станцияларига 7 та грундфос насослари ўрнатилиши натижасида «Гултепа», «Дўстлик», А.Навоий, Улуғбек каби маҳаллалардаги 17 мингга яқин аҳолининг ичимлик суви билан бир меъёрида таъминланиши яхшиланишига эришилди.

«Обод маҳалла» дастури доирасида 3,6 км, Вазирлар Маҳкамасининг 149-сонли қарорига асосан 1,1 км, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича 1,7 км, тармоқларни жорий таъмирлаш бўйича 8.2 км сув тармоқлари янгиланди.

Газ таъминоти

Бугунги кунда шаҳримиздаги аҳоли хонадонлари тўлиқ газлаштирилган. Шу сабабли эндиликда асосий эътиборни хизмат сифатига қаратдик. Дастурлар асосида 10,2 км қувур жорий таъмирланди. Натижада 1 минг 100 тадан ортиқ хонадонда яшовчи 6 мингга яқин аҳоли ва 15 тага яқин хусусий корхоналарни табиий газ билан таъминлаш қувурларининг яроқлилик муддати узайтирилишига эришилди. Қиш мавсумида аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ёз ойларида 90 км ер ости газ қувурлари зичликка синалди. Қолаверса, 7 та маҳалла хонадонларига редуктор ўрнатилди. Натижада 2 минг 590 та аҳоли хонадонларининг табиий газ билан қишин-ёзин бир маромда таъминланиш ва хавфсизлигини кучайтириш имконияти яратилди.

«Бўстон» маҳалласида 1 та газ тақсимлаш нуқтаси мукаммал таъмирланди, «Тинчлик» маҳалласида эса 350 метр газ қувурлари ўрнатилиб, халқаланди. Натижада ушбу ҳудудларда ҳам 100 та аҳоли хонадонларидаги газ таъминоти яхшиланишига эришилди.

Электр таъминоти

Маълумки, коммунал инфратузилмалар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бир тизимдаги муаммони ҳал этмасдан туриб иккинчисини яхшилаб бўлмайди. Масалан, электр таъминотидаги носозликлар натижасида сув насослари ишдан чиқади. Биргина табиий газдаги узилиш электр тизимига қўшимча юкламанинг ортишига бу эса трансформаторларнинг ишдан чиқиши, тармоқларнинг узилишига олиб келади.

Шу сабабли жорий йилда дастурлар асосида 319 км тармоқ, 98 та трансформатор пунктлари ўрнатилди, реконструкция қилинди айримлари мукаммал ва жорий таъмирланди.

«Обод маҳалла» дастури доирасида 31,2 км тармоқ реконструкция қилиниб, 3 та трансформатор пунктлари ўрнатилган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича 288 км тармоқлар мукаммал ва жорий таъмирланди. Бундан ташқари шаҳар бўйича яна 7 дона замонавий трансформатор пунктлари ўрнатилди.

Ушбу ишларни амалга оширилиши натижасида шаҳардаги 51 та маҳаллада 36 минг 44 та аҳоли хонадонлари ва 1 минг 558 та улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергияси янада яхшиланишига эришилди.

Алоқа тизимини яхшилаш

Жорий йилда 35 та маҳаллада 950 млн. сўм эвазига 25 км алоқа тизими яхшиланди ва 60 км янги оптик толали алоқа кабеллари тортилиши натижасида 51 та маҳалладан 49 тасида аҳоли учун интернетга уланиш имконияти яратилди.

Бугунги кунда шаҳардаги мавжуд бўлган мактаблар, боғчалар, соғлиқни сақлаш муассасалари, милиция таянч пунктлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари 100% миқдорда оптик толали интернет тармоғига уланди.

«Зарбулоқ» ва «Дўстлик» маҳаллаларига янги замонавий интернет тарқатувчи станциялари ўрнатилиб, аҳолига интернет тармоқлари ташкил этилди. Бундан ташқари «Зарбулоқ, Дўстлик, Гултепа, «Ўзбекистон», «Бўстон», «Рамазон», Мусо Жалил ҳамда кўплаб маҳаллалардаги аҳоли ЖПОН технологияси орқали интернет тармоғи билан таъминланди. Жорий йилда юқорида амалга оширилган ишлар натижасида 24 та мактаб, 18 та боғча, 51 та маҳалла идоралари, 17 та милиция таянч пунктлари ва 11 та соғлиқни сақлаш объектлари, 6 та почта алоқа бўлимлари ҳамда 3 минг 800 та аҳоли хонадонлари ва 105 та хўжалик юритувчи субъектларининг интернет тармоқлари уланиши ва яхшиланишига эришилди.

Шаҳримиз ободлиги, тозалиги йўлида хизмат қилаётган ободонлаштириш соҳаси ходимларининг меҳнатини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Соҳа имкониятини кенгайтириш мақсадида жорий йилда 1 дона эксковатор, кўтарма машинаси (вишка), 7 та «Исузи» русумли чиқинди ташиш автомашиналари билан таъминланиб, шаҳарга 100 дона қўшимча махсус чиқинди қутилари ўрнатилди.

Ички йўллар

Ички йўллардаги носозликлар аҳолимизни йиллар давомида қийнаб келган энг оғриқли муаммолардан бири эди, десам фикримга барчангиз қўшилсангиз керак. Биргина 2021 йилда шаҳримизда 44,6 км йўлнинг таъмирлангани, бу эса ўтган йилга нисбатан 5 маротаба кўп деганидир.

“Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 50 та ички кўчада 32 км, “Бўстон” маҳалласининг 4 км умумфойдаланувчи йўллари, бундан ташқари турли ижтимоий объектларга олиб борувчи 8 та кўча асфальтлаштирилди, айримлари қисман таъмирланди.

Шаҳримизга янгича руҳ олиб кирган, шаҳар аҳолисининг юқори кайфиятига сабаб бўлган ишлардан бири «Саломатлик йўлаклари»нинг барпо этилишидир.

Мирзо Улуғбек, “Металлург” ва “Эҳтиром” кўчаларига 6,4 км пиёда ва 6,4 км велосипед йўлаклари барпо этилди. Бундан ташқари 291 та тунги ёритиш мосламаси ўрнатилди. Шу қаторда 120 дона ўриндиқ ва ахлат қутилари ўрнатилди ҳамда атрофи кўкаламзорлаштирилди.

Энди булардан оқилона фойдаланиш, озодаликка риоя қилиш, фарзандларимизни ҳам шундай маданиятли қилиб тарбиялашимиз сиз-у бизнинг ягона бурчимиздир, десам ўйлайманки, барча ҳамшаҳарларимиз мени қўллаб-қувватлайди.

Бюджет маблағлари ҳисобидан 7 та янги мослаштирилган автобус бекатлари ўрнатилди. 10 та чорраҳа мослаштирилиши, 10 та чорраҳага светофор ҳамда 45 та кўчага тунги ёритиш мосламалари ва йирик чорраҳаларга 6 та айланма камераларининг ўрнатилаётганлиги одамларнинг кўчаларда бехавотир юриши, йўлларда эса транспорт воситаларининг ҳам қулай ҳаракатланишига сабаб бўлди. Шу ўринда ҳайдовчилар ва пиёдаларга қарата айтмоқчиманки, йўлларимиз қанча равон бўлмасин, кўчаларимиз қанчалик чароғон бўлмасин, агар йўл қоидаларига қатъий риоя қилмасак, йўловчиларга ҳурматимизни амалда намоён қилмасак биз кутган самарага эришиб бўлмайди.

2021 йилда амалга оширилган барча дастурлар доирасида йўналтирилиб ўзлаштирилган маблағларни сарҳисоб қилганда 100 млрд. сўмдан зиёд маблағ ижтимоий соҳа ва коммунал инфратузилмага сарфлангани Олмалиқ шаҳрида олиб борилган улкан таъмирлаш-тиклаш ва бунёдкорлик ишлари бажарилганлигидан далолат.

Хабарингиз бор, «Мустақиллик» кўчасидаги кўприк 1958 йилда қурилган бўлиб, салкам 60 йилдан ортиқ хизмат қилиб, эскирган эди. Унинг ўрнига ОКМК томонидан янги кўприк қуриб фойдаланишга топширилди. Эски кўприкнинг баландлиги 7 метр, кенглиги 19 метр эди. Янги кўприкнинг баландлиги эса 8 метр, кенглиги 21 метр, узунлиги эса 60 метрни ташкил этади. Қолаверса, кўприкка элтувчи 500 метрли йўллар янгиланиб, замонавий ёритгичлар ўрнатилди. Умумий қиймати 13 млрд. сўм бўлган лойиҳа натижасида «Дўстлик», «Гултепа», «Ўзбекистон», «Намуна», Усмон Носир, Абдулла Қодирий, «Теракли» маҳаллаларида яшовчи аҳолимиз, ишчи ва тадбиркорларнинг шаҳар марказига хавфсиз ва равон кўприк орқали, тирбандликларсиз келиб-кетиши, қолаверса, шаҳарни саноат зоналарига боғлаш имконияти яратилди.

Маълумки, чекка ҳудудда жойлашган «Теракли» маҳалласи ўртасидан ўтувчи сойнинг устидан янги кўприк ўтказиш аҳолининг кўп йиллик орзуси эди. Ўтиб бораётган йилимизда бу мақсад ҳам амалга ошди. Бюджет маблағлари ҳисобидан 3 млрд. 250 млн. сўм эвазига узунлиги 45 метр, кенглиги 15 метрлик янги кўприк битказилиш арафасида. Бу кўприкнинг фойдаланишга топширилиши натижасида 1068 нафар аҳолининг узоғи яқин бўлиши, сел хавфига бардошли замонавий ўтиш йўлидан фойдаланиш имконияти яратилиши билан биргаликда ҳудуд қиёфаси ҳам ўзгаради.

Қурилиш соҳаси ҳақида сўз борар экан, эътиборингизни бир жиҳатга қаратмоқчиман. Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ 43-сонли қарори қабул қилинди. Қарорда қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали кўплаб қонунбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, қурилиш хизматларининг сифати яхши бўлишига эришишга алоҳида эътибор берилган. Биз уйлар қурилиши ва берилишида жамоатчилик назоратини ўрнатишга масъул “Халқпарвар” комиссиясини, “Обод маҳалла” дастури назорати учун “Жамоатчилик гуруҳлари”ни ташкил этганимиз каби қурилишнинг бошқа йўналишларида ҳам жамоатчилик вакилларининг фикри, хулосалари албатта, инобатга олинадиган механизм билан иш олиб борилади.

Ижтимоий соҳа

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Янги Ўзбекистон ислоҳотлари Учинчи ренессанс пойдеворини яратишга қаратилди. Бу узоқ йиллик орзу-мақсадларимизни амалга ошиши бизнинг бугунги кунда таълим-тарбия жараёнига, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган ишларимиз қанчалик сифатли эканлигига боғлиқ. Тадқиқотчиларнинг фикрича бола умри давомида оладиган информациянинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олар экан. Қолган ҳаёти ана шу “подшолик” даврида ўз “мени”ни англашгача қўйилган пойдевор устига қурилади. Болалар аввало оилада ва боғчада яхши-ёмонни, оқу-қорани, каттаю-кичикни, ҳурмат-иззатни англайди ва орзулари, дунёқараши шаклланади. Шу сабабли мактабгача таълим тизими билан ўта жиддий шуғулланишга тўғри келади.

Шаҳримизда бугунги кунда 52 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд (шундан, 18 таси давлат, 14 таси “Олмалиқ КМК” АЖга қарашли, 11 та нодавлат, 9 таси оилавий). Бу йил 1 та давлат (60 ўринли) 3 та (320 ўринли) хусусий ва 5 та (192 ўринли) оилавий боғчалар ташкил этилди.

Шаҳарда 3-7 ёшли болалар сони 10 минг 66 нафарни ташкил этади. Шаҳарда 7 минг 804 нафар 3-7 ёшли болалар мактабгача таълим билан қамраб олиниб, бу кўрсаткич йил бошида 73,4% ни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 77,5 %га етказилди. Боғчаларимизда 787 нафар ходимлар, жумладан, педагоглар 367 нафар бўлиб, 45 нафари олий, 35 нафари тугалланмаган олий, 420 нафари ўрта-махсус маълумотга эга.

Бу йил маҳаллий бюджет ҳисобидан 219 млн.сўм маблағ ташкилотларимизга қўшимча мебел жиҳозлари учун ажратилди.

16-сонли боғча 2019 йилда мукаммал таъмирга туширилиб, 2021 йил 3-чоракда фойдаланишга топширилди. Қолаверса, 1 та 60 ўринли янги 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. Бу боғча йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. “Олмалиқ КМК” АЖ тасарруфидаги 39-сонли боғча ҳозирда мукаммал таъмирланмоқда.

1-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида Инвестиция дастури асосида (4 млрд 466 миллион сўмлик) реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Аҳмад Яссавий маҳалласида инвесторлар томонидан (3,5 млрд. сўм эвазига) 120 ўринли хусусий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, шаҳарнинг 3, 23, 41-сонли мактабгача таълим ташкилотлари жорий таъмирланмоқда. Булар орқали минглаб болаларимиз қулай ва замонавий боғчаларда тарбияланиш имконияти пайдо бўлди. Бу муассасаларнинг моддий ҳолати яхшилангани қувонарли албатта. Лекин энг асосий масала бу бинолар ичидаги методикада. Ўйлайманки, эндиликда ушбу ташкилотларда ишлаётган тарбиячиларимиз, ошпазу ҳамшираларимиз таълим-тарбия жараёни ва маънавий муҳит бўйича вилоятга ўрнак бўладиган “Олмалиқ тажрибаси”ни яратишига ишонаман!

Халқ таълими тизими

Мен мактаб таълими ҳақида ўйлаганда ҳар сафар Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида келтирилган гапларни қайта-қайта таъкидлашдан чарчамайман. “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”.

Олмалиқ шаҳрида 25 та мактабда 25 минг 276 нафар ўқувчи таълим олади. Ўқитувчилар 1 минг 493 нафарни ташкил қилиб, шундан 1 минг 342 нафари олий маълумотли, 97 нафари ўрта махсус ва 54 нафари тугалланмаган олий маълумотга эга. Уларнинг 96 нафари олий тоифали, 255 нафари 1-тоифали, 333 нафари 2-тоифали ҳамда 658 нафари мутахассис.

2020-2021-ўқув йилида умумтаълим мактабларни битирган 1 минг 950 нафар 11-синф ўқувчиларидан 13 нафари олтин, 2 нафари кумуш медали билан тамомлади. 650 нафар битирувчилар олий таълим муассасаларига қабул қилинди.

Шундан, 511 нафар юртимиздаги ва 139 нафар эса хорижий олий таълим муассасаларга ўқишга қабул қилинган (битирувчилар сонига нисбатан 33%), ўтган йилга нисбатан 2 %га кўп)

Мактабларда педагог кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида 28 нафар олий маълумотли янги ўқитувчилар жалб қилинган.

Шаҳримиздаги 4, 7, 8, 9, 12, 14, 23-сонли мактаблар маҳаллий бюджетдан 1 млрд 66 млн сўм маблағ эвазига жорий таъмирланди. 20-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби инвестиция дастурига асосан 7 млрд. 852 млн. сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланди. 10-сонли мактабнинг қурилиш таъмирлаш ишлари учун 8 млрд. 270 млн. сўм маблағ ажратилган. Қолаверса, 19-сонли умумий ўрта таълим мактабида 3-босқич таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида мактабларимизга “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан 432 млн сўмлик мусиқа ва спорт анжомлари ажратилди.

Шаҳримиздаги 1-сонли мактаб инглиз тили, 19-сонли мактаб физика ва математика фанларидан ихтисослаштирилган мактабларга айлантирилди.

Таълим муассасаларида фаолият юритаётган рус тили ва адабиёт фани ўқитувчиларидан 29 нафари С1 ва инглиз тили фани ўқитувчиларидан 12 нафари СЕФР ва АИЛТС сертификатларига эга бўлди. 15-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Лола Зуфарова Республика фан олимпиадасида қатнашиб, фахрли 2-ўринни эгаллади. Шу муносабат билан фан ўқитувчиси Любов Моисеева Халқ таълими вазирлиги томонидан 8 млн 575 минг сўм билан мукофотланди.

Россия билан ҳамкорликда 2020-2030 йилларга мўлжалланган “ЗЎР! КЛАСС” лойиҳаси асосида 23-сонли мактабимизда Россиянинг Герсен номидаги педагогика институтининг рус тили ва адабиёт ўқитувчиси Паронина Мария Александровна томонидан ўқитувчи ва ўқувчилар орасида фан бўйича тажриба синовлари бошланди.

19-сонли ихтисослашган мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Хакимова Нилуфар Собиржоновна “Энг яхши ўзбек тили фани ўқитувчиси” танловининг Республика босқичида фахрли 2-ўринни эгаллаб, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва пул мукофоти билан тақдирланди.

13 нафар мактаб директорлари “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида малака ошириб сертификатга эга бўлди. 9 минг 594 нафар юқори синф ўқувчилари мазкур лойиҳа учун рўйхатдан ўтган. Жорий йилда ўқувчиларимиздан 5 нафари Республика фан олимпиадасининг вилоят босқичида фахрли ўринларни эгаллади.

Хабарингиз бор, ўтган давр мобайнида профессионал таълим тизимида муҳим ўзгаришлар бўлди. Жумладан, касб-ҳунар таълими муассасаларининг турлари кўпайди. Илгари фақат коллежлар фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунда касб-ҳунар мактаби, коллежлар ва техникумлар ташкил этилган. Аввалги коллежларда ҳар қандай касб-ҳунар учун 3 йил ўқиш талаб этилар эди. Ҳозирда эса коллежларда 1 йилдан 2 йилгача, ишчи касблар бўйича 1 йилдан 1,5 йилгача, техникумларда 2 йил, тиббиёт техникумларида эса 3 йилгача ўқиш мумкин. Бундай имконият ёшларимизга фақат мутахассислик фанларини қисқа муддатда ўзлаштириш орқали мутахассислик дипломини қўлга киритиш имкониятини беради.

Бугунги кунда Олмалиқ шаҳрида 1 та коллеж, 1 та касб-ҳунар мактаби, 2 та техникум фаолият юритаётган бўлиб, уларда 4 минг 170 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу йил Олмалиқ кон-металлургия коллежининг 168 нафар ўқувчилари янги тизим асосида ишчи касблар бўйича республикадаги биринчи дипломларга эга бўлишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда Олмалиқ шаҳрига ташрифи чоғида берган топшириқлари натижасида шаҳримизда 2 та нуфузли Олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилган. Шулардан, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалига 2021-2022 ўқув йилида 1 минг 515 нафар абитуриент талабалар сафига қабул қилинган. Профессор-ўқитувчилардан 2 нафари техника фанлари бўйича фалсафа доктори диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилишди ва хориждан 2 нафар педагог-ходимлар жалб қилинди. Филиалда жорий йилда 1 та халқаро, 1 та республика миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар ташкил қилинди. 125 млн. сўмлик 1 та амалий, 200 млн. сўмлик инновацион, 592 млн. сўмлик стартап лойиҳалари бажарилмоқда. Хўжалик шартномалари бўйича молиялаштирилаётган маблағлар миқдори 210 млн. сўмдан ошди.

“Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ филиалида мазкур ўқув йилида 235 нафар абитуриент талабалар сафига қабул қилинган. Филиалга Москвадан 12 нафар юқори малакали профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, модул тизимида дарс бердилар.

Олий малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Геотехнология” (очиқ, ер ости ва қурилиш), “Кон машиналари” ихтисосликлари бўйича фан доктори ва фалсафа доктори илмий унвонларини берувчи Илмий Кенгаш ташкил этилган бўлиб, 2021 йилда 2 нафар фан доктори ва 6 нафар фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертацияларни ҳимоя қилдилар ва йилнинг якунигача 2 нафар фалсафа доктори илмий даражаларини олиш учун диссертациялар ҳимояси ўтказилиши режалаштирилган.

Очиғини айтсам, шаҳримиз ёшларига ҳавасим келади. Негаки, шаҳримизда боғчадан бошлаб, мактаб, коллеж, техникум, олийгоҳ ва ишлаб чиқариш корхоналаригача бўлган “кластер” вужудга келган. Аксариятингиз шаҳардан чиқмасдан, оилангиз бағрида ўқиб ишлаш имкониятига эгасиз. Биргина МИСиСнинг Олмалиқ филиалида ўқиётган талабаларнинг 40 фоизи шаҳримиз ёшларининг ҳиссасига тўғри келганлиги Сизнинг бу имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётганингиздан далолат.

Спорт

Шаҳримизда ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун ҳам барча қулайликлар яратилган. Олмалиқда 3 та йирик стадион, 33 та спорт зали (24 таси мактабда, 2 таси спорт мактабида, 3 таси коллежда, 4 таси олий таълимда), 17 та сунъий қопламали майдонча, 3 та сузиш ҳавзаси мавжуд.

2021 йилда спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони 9 минг 660 нафардан 17 минг 387 нафарга етди.

“Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси”га асосан 170 дан ортиқ оммавий спорт тадбирлари юқори савияда ташкил этилди. Тадбирлар учун ҳокимлик томонидан 200 млн. сўм маблағ ажратилган, мазкур тадбирларга 7 минг 727 нафар аҳоли қамраб олинди.

Шунингдек, ушбу дастурлар асосида мактабларга спорт жиҳозлари учун 270 млн сўм маблағ ажратилди.

Тугаётган йилда барча маҳаллаларда стрит-воркоут майдончалари ташкил этилди. Бу спорт тури бўйича йил давомида вилоят миқёсида ўтказилган мусобақаларда шаҳримиз ёшлари тенгсиз эканлигини исботладилар.

Шаҳримизда спорт турлари бўйича “Ҳоким кубоги”, “Раҳбар кубоги” ҳамда “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” акциялари ўтказилиб келинмоқда. Спортнинг 21 тури бўйича тўгараклар фаолият юритяпти. Бу борада Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг самарали фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Мазкур мактабимиз бағридан етишиб чиққан 75 нафар спортчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида эканлиги оддий спорт мактабларидаги тўгаракларнинг ва мураббийларнинг фаолияти қанчалик аҳамиятли эканлигини  кўрсатади.

Мана шундай ёшлардан бири 2021 йилда “Токио-2020” параолимпиадасида Олмалиқ шаҳар ўғлони Ислом Асланов бронза медалини қўлга киритди. Совриндорга шаҳар ҳокимлиги томонидан 2 хонали уй совға қилинди.

2021 йилда 28 нафар спортчимиз жаҳон ареналарида, 350 нафардан ортиқ ёшлар эса Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олдилар. Шаҳар туризм ва спорт бўлими бошлиғи Шуҳрат Рахматов ҳамда Болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Озод Хасанов “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар.

Маданият соҳасига келсак, шаҳар Маданият бўлими қошидаги “Шахноз” рақс ансамблининг 6 нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида бўлиб ўтган 2-Халқаро бахшичилик фестивалида иштирок этди.

15 апрел “Маданият ва санъат ходимлари куни” муносабати билан ҳокимлик томонидан шаҳар Маданият бўлимига “ИСУЗУ” автобуси топширилди.

114 млн сўм маблағ эвазига бўлим биносининг ички кисми жорий таъмирланиб, мусиқа асбоблари ва компьютер жиҳозлари харид қилинди. Шунингдек, бинонинг олд қисмига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан асфальт ётқизилди.

Ҳурматли хамшаҳарлар!

Ўтган давр Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқ ва камчиликларимизни жиддий синовдан ўтказиш даври бўлди. Бугунги кунда Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида 418 та шифо ўринларига эга 3 та стационар муассаса мавжуд. (348 та бюджет ва 70 таси пуллик).

Шаҳар марказий шифохонаси — 228 ўринли (168 та бюджет ва 60 та пуллик), Болалар шифохонаси — 90 ўринли, Туғруқ мажмуаси — 100 ўринли (90 та бюджет ва 10 та пуллик) фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, бир сменали 2660 қувватга эга 3 та амбулатор-поликлиника муассасалари, яъни, Кўп тармоқли марказий, 3 та филиалига эга шаҳар оилавий ҳамда болалар стоматология поликлиникалари хизмат кўрсатмоқда.

Жорий йилда, Кўп тармоқли марказий поликлиника қошида замонавий ультратовуш диагностика перенатал хонаси ва МРТ аппарати ишга туширилди.

Туғма ва ирсий касалликлар, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича “Аёллар маслаҳатхонаси” ташкил этилди.

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб оилавий поликлиника ва филиалларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишида “маҳаллабай” ишлар ташкил этилиб, 65 та бригада тузилди. Хатлов ўтказиш учун зарур бўлган тиббий жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида 96 млн 144 минг сўм маблағ ажратилди. Натижада аҳоли хонадонлари тиббий хатловдан ўтказилиб, аҳолининг тиббий электрон базаси шакллантирилди.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

10, 11-асрларда яшаган “Тиб қонунлари” асари муаллифи, улуғ аллома Абу Али Ибн Сино таъкидлаганидек “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғлиқдир, сабр эса шифонинг бошланишидир”. Биз юқорида КОВИД-19нинг жамиятимизга нечоғлик хавф солгани ҳақида гапирдик. Ушбу хавфли касалликка чалинган кўплаб юртдошларимизнинг шифо топиб, оиласи бағрига қайтаётганида, ҳеч шубҳасиз, шифокор ва ҳамшираларимиз, тизимда ишлаётган техник ходимлар ва ҳайдовчиларнинг хизмати беқиёсдир.

Қанчалик оғир бўлмасин, мен шу ўринда пандемия шароитида ишлаб, ушбу касалликдан вафот этган шаҳримиз шифокорларини ёдга олмоқчиман. Жумладан, шаҳримизнинг фидойи, халқсевар шифокор ва ҳамширалари Марказий шифохона Анестезиология-реаниматология бўлими шифокори Мирғолиб Рустамов, Тери-таносил касалликлари бўлими шифокори Тўлқинжон Қурбонов, гемодиализ бўлими ходими Нодиржон Комилов, шифокор Манзура Жўрабекова, “Олмалиқ КМК” АЖ тасарруфидаги муассаса ҳамшираси Шахноза Шодмонова, шаҳар туғруқ комплекси кичик тиббий ходимаси Ҳилола Таджибоева ва шошилинч тиббий ёрдам бўлими кичик тиббий ходими Хуршида Умаровалар бугун орамизда йўқ. Лекин улар қолдирган хотира яқинларининг ва ҳамшаҳарларимиз учун абадийдир.

2021 йил давомида 1 минг 692 нафар фуқаромиз КОВИД-19 вируси билан касалланган. Бугунги кунда ушбу касалликдан даволанаётганлар сони 12 нафар, шулардан 3 нафари шифохонада, 9 нафари эса уй шароитида даволанмоқда. 13 нафар фуқаромиз яқин мулоқотда бўлганлардир.

Пандемияни енгишнинг ягона йўли бу эмланишдир!

2021 йил пандемия даврида шаҳар аҳолисидан 87 минг 600 нафарини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 81 минг 560 нафар (режага нисбатан 93,1%) аҳолимиз эмланди.

Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида “Кислород станцияси” ўрнатилди. Туғруқ комплексининг сув таъминоти тизими 280 миллион сўм ва Марказий шифохонаси фасад қисми 85 млн.сўм маблағ ҳисобига жорий таъмирланди. Бундан ташқари аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида, жорий йилда Тиббиёт бирлашмасига 3 млрд 400 млн сўмлик тиббий асбоб-ускуна олиб берилди. Бу соҳада ҳали кўп ислоҳотлар амалга оширилади. Аммо доимо бир ҳақиқатни асло унутмаслигимиз лозим: “Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир!”

Маҳалла тизими

Қадрли йиғилиш қатнашчилари!

Жадид адабиётининг ёрқин намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, айтиш мумкинки, маҳалла оила ва жамият, давлат ўртасидаги кўприкдир. Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида ҳақли равишда маҳаллани одамларимизнинг энг ишонган, кучли тузилмасига айлантириш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда. Жумладан, ўтиб бораётган йилда бу борада шаҳримизда ҳам кўплаб ишлар бажарилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг иш фаолиятларига етарлича шароитлар яратиб бериш мақсадида жорий йилда 17 та янги маҳалла фуқаролари йиғинлари бинолари фойдаланишга топширилди ҳамда мебел жиҳозлари ва компьютер жамланмалари билан таъминланди.

«Олмалиқсой», «Мустақиллик», Мирзо Улуғбек, М.Беҳбудий, Сўфи Оллоёр, Увайсий, Чўлпон, «Металлург», А. Қаҳҳор, Боғаро, А.Авлоний, Тошкент, А.Яссавий, «Зарбулоқ», Фурқат ва «Саховат» маҳалласи билан бирга шаҳар Маҳалла ва оила қўллаб-қувватлаш бўлими учун хизмат биноси қуриб битказилди.

Қолаверса, 41 та маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер жамланмаси ва 24 та маҳалла фуқаролар йиғинларига мебел жиҳозлари берилди.

Барча хорижий тилларни ўрганиш билан бирга давлат тилининг софлигини асраш масаласи энг муҳим бурчимиздир. Маҳалла ва кўчалар, географик жойларни номлаш, тарғибот воситаларини адабий тил меъёрларга мослигини таъминлаш бўйича ҳам салмоқли вазифалар адо этилди. Жумладан, 8 та янги ташкил этилган маҳалла номлари экспертизадан ўтказилди ва давлат рўйхатига киритилди. Амалда мавжуд бироқ, расман ҳужжат билан тасдиқланмаган 138 та кўча номлари аниқланиб, қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш учун Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессиясида депутатлар иштирокида кўриб чиқилди ва давлат рўйхатига киритилди. Шаҳарда мавжуд бўлмаган 5 та кўча номи давлат рўйхатидан чиқарилди. Давлат хизматлари марказидан янги рўйхатдан ўтган 300 тадан ортиқ тадбиркорлик субъектларини номлашда тавсиялар берилди. Шунингдек, ҳокимнинг қарор ва фармойишларини лингвистик экспертизадан ўтказиш йўлга қўйилди.

124 та ноқонуний, 41 та маънавиятимизга зид, 157 та хорижий тилдаги, 192 та хатолар билан ўрнатилган реклама ва эълонлар бартараф этилди.

Жойлардаги амалий ишлар натижасида ташқи ёзувларнинг 81 фоизи давлат тилида бўлишига эришилди.

“Қадринг баланд бўлсин, она тилим” танловининг Республика босқичида “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд” йўналишида «Олмалиқ шаҳрида ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа ва жой номларини давлат тилида хатосиз ёзилишини таъминлашдаги фаоллиги» учун шаҳар ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси Д.Ахмедов тақдирланди.

Давлат органларининг маҳаллий Кенгашлар ҳамда жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш

Ҳурматли фаоллар!

Давлат органларининг Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши олдидаги ҳисобдорлиги кундан-кунга кучайиб бораяпти. Тан олиш керакки, сайловчилар ҳам кечаги сайловчи эмас, ўз навбатида улар сайлаган депутатлар ҳам илгариги депутатлардан талабчанлиги, аҳоли манфаати учун курашиши билан фарқ қилади. Бу ўз ўрнида шаҳардаги барча корхона, ташкилот ва идоралар раҳбарларидан катта масъулият талаб қиляпти.

6-чақириқда фаолият олиб бораётган депутатларимиз фаолиятига 2 йил бўлди. Мана ҳозирда Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашида 30 та округдан сайланган депутатлар тўлиқ таркиб билан ишлаяпти.

Депутатлар орасида маҳаллий ҳокимият вакили 2 нафар, саноат ишлаб чиқариш соҳасидан 10 нафар, тадбиркорлар 6 нафар, фан, таълим соҳасидан 4 нафар, тиббиёт, спорт, жамоатчилик ва ташкилотлардан 1 нафардан соҳа эгалари депутат бўлиб сайланган.

Депутатларнинг ёши: 30 ёшдагилар 2 нафар, 31-40 ёшгача 12 нафар, 41-50 ёшгача 9 нафар, 50-60 ёшгача 4 нафар, 60 ёшдан юқори 3 нафар.

Сиёсий партиялар кесимида: ЎзЛиДеп 10 нафар, ЎзХДП 7 нафар, ЕкоПартия 5 нафар, Миллий тикланиш 7 нафар, Адолат 1 нафар.

Маълумоти ва илмий даражаси: ўрта маълумотли 2 нафар, ўрта махсус 1 нафар, олий маълумотли 27 нафар. Шундан фан доктори 1 нафар, фан номзоди 1 нафар, фалсафа доктори 1 нафар.

Мукофотланганлар: “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ходими” 1 нафар, “Содиқ хизматлари учун” медали 1 нафар, “Меҳнат шуҳрати” ордени 1 нафар, “Шуҳрат” медали 1 нафар, “Келажак бунёдкори” 1 нафар.

Хорижда хизмат сафарида бўлган ва таҳсил олганлар 17 нафарни ташкил этади.

Ўтган 2 йил давомида депутатларимиз томонидан 44 та сессия чақирилди. Бу қонунда белгиланган энг кам миқдордан 40 марта кўп. Бу йил 23 та сессия чақирилди. Уларда 161 та масала кўриб чиқилган. Шулардан 101 таси раҳбарларнинг ҳисоботлари ва ахборотларни эшитиш, 13 таси муҳокама, 7 таси назорат-таҳлил, 31 таси ваколат доирасидаги қарорларни тасдиқлаш, 7 таси ҳоким қарорларини тасдиқлаш билан боғлиқ.

Сессияларда ҳокимият органи вакилларига тегишли чоралар кўриш бўйича депутатлар томонидан киритилган таклифларга кўра интизомий чора кўриш бўйича 1 та, лавозимидан озод этиш бўйича 1 та, лавозимига танлашни рад этиш бўйича 2 та ҳолатда 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан қарор қабул қилинган ҳамда 126 та депутатлик сўрови юборилди.

Кенгаш томонидан 4 та қонунларнинг 23 та муҳокамаси ўтказилган, қонун лойиҳалари бўйича 5 та таклиф берилган. 4 та янги қабул қилинган қонунлар тарғиботига бағишланган 20 та тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Ўтказилган сессиялар 86 марта ОАВларида ёритилди. Шундан 71 таси онлайн, 1 таси тўғридан-тўғри трансляция қилинди. Норматив тусдаги 1 та қарор ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса олинган.

Депутатларнинг фаолияти  1285 марта ОАВларда, жумладан маҳаллий босма нашрларда 78 марта, телерадиоларда 56 марта, Республика босма нашрларида 9 марта, телерадиоларда 14 марта, интернет сайтларида 214 марта, ижтимоий тармоқларда 917 марта ёритилган.

Депутатлар томонидан 511 маротаба халқ билан учрашувлар ўтказилиб, учрашувларда 561 та муаммо ва таклифлар аниқланди. Шундан 422 та муаммо ҳал этилди.

Шу билан бирга 1 минг 411 та мурожаатлар кўриб чиқилди. 654 таси ҳал этилди ва 11 таси рад этилди. 642 тасига тушунтириш берилди ва 104 таси иш жараёнда.

Котибият ташкил этилиши

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати қарорига асосан мамлакатимизда илк бор маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятини ривожлантириш мақсадида Кенгаш Котибиятлари ташкил этилди. Жорий йилнинг 15 январида Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг котибияти ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади. Депутатлар орасидан Эргаш Абдурайимов овоз бериш йўли билан Котибият мудири лавозимига сайланди. Котибиятнинг 2 нафар бош мутахассис лавозимлари жорий этилиб, малакали кадрлар тайинланди. Котибиятнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 50 миллион сўм маблағ ажратилиб, шаҳар ҳокимлиги биносидан 2 та хизмат хонаси ва 1 та мажлислар зали ажратилиб, жиҳозланди. Котибиятнинг фаолияти Кенгашнинг ишини тизимли ташкил этишда, самарали йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Кенгаш қошида Республикада биринчи бўлиб “Ёшлар парламенти вакиллари мактаби” Олмалиқда ташкил этилиб, 32 нафар ёш саралаб олинди.

Ватанимиз тарихида илк бор Сенат томонидан эълон қилинган “Парламент ўйинлари” спорт мусобақасида Олмалиқ депутатларидан иборат жамоа минифутбол бўйича барча босқичларда ғолиб бўлди ва Республика финал босқичида муносиб қатнашди. Стол тенниси мусобақаларида қатнашган депутатларимиз Шухрат Зиёхаджаев Республикада 2-ўринни ва Алишер Самадов вилоятда 2-ўринни эгаллади.

Фуқаролар мурожаатлари

Шаҳримиз аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилсак, ҳали ҳар бир соҳада амалга оширилиши зарур бўлган қатор ишларимиз борлигини кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбари томонидан “Инсон қадри учун” деган ғоянинг илгари сурилиши нечоғлиқ аҳамиятли эканлигини яна бир карра англаймиз. Биргина Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига жорий йилда 8 минг 211 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларда 8 минг 808 та масала кўтарилган. Мурожаатларнинг 7 минг 558 таси ёки 92 фоизи қаноатлантирилган. Мурожаатларнинг қаноатлантирилиш даражаси ўтган йилга нисбатан 26 фоизга ортган.

Хабарларингиз бор, ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида, секторлар фаолияти йўлга қўйилганлиги муаммоларни ўз вақтида ва жойида ҳал этилишида самарали тизим бўлди. Шаҳримиздаги сектор раҳбарлари ва котиблари ўз ҳудудида ҳар куни фуқаролар қабулини ташкил этган. Бундан ташқари ҳар ҳафтанинг жума кунлари шаҳар ҳокими бошчилигидаги барча раҳбарлар иштирокида фуқаролар қабули йўлга қўйилган. Қолаверса, давлат ташкилотларининг расмий саҳифаларида мурожаатлар учун махсус ботлар яратилиб, ишга туширилган.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларни қийнаётган масалалар ҳал этилишида давлат органлари ва фуқаролар ўртасида кўприк вазифасини ўтаётган оммавий ахборот воситаларининг ҳиссаси катта. Жумладан,  “Олмалиқ ҳаёти”, “Алмалыкский рабочий”, “Рангли металлар” газеталари ҳамда ОКМК ТВ ва фаол блогерларимиз жамиятимиз ва фаолиятимиз кўзгусидир.

Қадрли фаоллар, шаҳримиз аҳолиси!

Албатта, ортга назар ташлаб, эришилган марралардан янада куч оламиз. Аммо фаолиятимиз давомида қатор муаммо ва камчиликлар, йўл қўйилган хатоларни ҳам тан олиб, келгуси йил режаларини тузишда нималарга эътибор қаратишимиз зарурлиги ҳақида тўхталсак.

Бизни энг ташвишга солаётган масала бу жиноятчиликдир. Аслида жиноятнинг биттаси ҳам жиноят ва бу соҳада ҳеч бир ишимиз билан мақтана олмаймиз. Бугунги кунда шаҳарда 524 та жиноят қайд этилган (ўтган йили 363 тани ташкил этган. Яъни, 44 %га ошган). Аммо фаолиятни таҳлил қилиш нуқтаи назаридан қараганда айтиш жоизки, шаҳарнинг 7 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларига 90 тадан ортиқ, шаҳарнинг марказий кўчаларидаги 3 та йирик чорраҳаларига 10га яқин кузатув камералари ўрнатилганлиги, олиб борилган профилактик тадбирлар ва саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятларнинг айрим турларининг камайишига эришилди. Жумладан, қасддан оғир шикаст етказиш жинояти ўтган йили 8 та, бу йил эса 4 тани ташкил этиб, 50 %га камайди. Ўтган йили шаҳримизда 4 та номусга тегиш жинояти содир этилган эди. Бу йил эса бундай жиноят содир этилмади. Ўтган йили 5 та босқинчилик жинояти содир этилган бўлиб, 2021 йилда 2 тани ташкил этиб, 60%га камайишига эришилган.

Афсуски, оғир ва ўта оғир жиноятлар сони 110 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,6%га ортган. Ўтган йили қасддан одам ўлдириш жинояти 1 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда 8 тани ташкил қилди (7 мартага ортган). Ўғирлик жиноятлари 2020 йили 55 та, бу йил 108 тани ташкил қилган. (96,4%га ортган). Безорилик жинояти 2020 йилда 13 та, 2021 йилда эса 22 тани ташкил қилиб 69,2%га ортган. Фирибгарлик жинояти ўтган йили 40 тани, бу йил эса 64 тани ташкил этган (60%га ортган). Мансабдор шахслар томонидан ўзлаштириш растрата йўли билан талон-тарож қилиш жиноятлари ўтган йилга нисбатан 18 тага ортган. (112%га)

Аҳолининг деярли барча қатлами жиноятга қўл уришган.

Вояга етмаганлар (0-18) томонидан ўтган йили 9 та, бу йил 15 та жиноят содир этилган бўлиб, 66% га ортган.

Ёшлар (18-30)ўртасида ўтган йили 79 та, бу йил 126 та, яъни, 59,5% га ортган.

Аёллар томонидан ўтган йили 34 та, бу йил 36 та, яъни, 6%га ортган.

Ўқувчилар томонидан ўтган йили 7 та, бу йил 15 та, яъни, 114%га ортган.

Ишламайдиган ва ўқимайдиганлар ўртасида ўтган йили 21 та бўлса, бу йил 118 тани ташкил қилиб, жиноят 461%га ошиб кетган.

2 та маҳалламизда, яъни, «Янги ҳаёт» ва А.Яссавий маҳаллаларида жиноятлар сони камайган. Абдулла Қодирий маҳалласида умуман жиноят содир этилмаган.

Аммо 51 та маҳалладан 18 тасида жиноятлар сони ортган. Булар «Коинот», А.Навоий, Мирзо Улуғбек, «Саховат», «Бирдамлик», С.Оллоёр, «Ойдин», «Кимёгар», Темур Малик, «Дўстлик», «Тошкент», «Намуна», Ҳамза, «Олтин», Ғ.Ғулом, «Чамбил», «Зарбулоқ», «Олмалиқовул», Ш.Рашидов МФЙлардир.

Азизлар, адибимиз М.Беҳбудийнинг “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг қисмати” драмасини ёдга олайлик. Унда тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилган, на ўқиш ва на бир ишнинг этагидан тутган бетарбия фарзанд, аввал жамиятга зарар келтиради, охир оқибат ўз отасининг ўлимига сабабчи бўлади. Шу ўринда жамоатчилик хусусан, ота-оналар, маҳалла фаоллари, зиёлилар, нуроний отахонлар-у, канвойи онахонларимиз ва тинч ҳаётимизга бефарқ бўлмаган барча фуқароларимизга қарата мурожаат қилиб айтмоқчиманки, ҳурматли Президентимиз куюниб айтган “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Ўз болангни ўзинг асра” деган нақл кундалик ҳаётимизнинг шиори бўлиши зарур!

Муҳтарам халқ вакиллари!

Ўтиб бораётган йил шаҳримиз тарихида унутилмас сиёсий воқеалар, муҳим ташрифлар, зарур қадамларнинг бошланиши билан ҳам тарихимизга муҳрланиб қолмоқда.

Жорий йилнинг 29 июл_ҳамда 22 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олмалиқ шаҳрига ташрифи амалга оширилди. Президентимиз “Олмалиқ КМК” АЖда амалга оширилиши белгиланган истиқболли лойиҳалар тақдимотлари билан яқиндан танишиб ўз кўрсатма ва топшириқларини бердилар. 3-Мис бойитиш фабрикасининг қурилишига тамал тоши қўйилди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу муҳим воқеа нафақат ушбу комбинат ҳаётида, балки мамлакатимиз саноати тарихида янги давр бошланаётганидан яққол далолат беради.

Кейинги йилларда комбинат фаолияти юксак даражага кўтарилиб, мис ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга кўпайгани ва 150 минг тоннага етказилгани таъкидланди.

Келгусида комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми 3 мартадан зиёд кўпайиб, унинг қиймати ҳозирги 2,5 миллиард доллардан қарийб 8 миллиард долларга етади. 11 минг та янги, юқори технологик ишчи ўринлари яратилади. Бу эса ёш йигит-қизларимиз учун геолог, муҳандис, технолог, лойиҳачи, дастурчи ва бошқа замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш имконини беради.

Қолаверса, бу йил юртимиз тарихида илк бор сайлов Кодекси асосида Президентликка сайловлар бўлиб ўтди. Олмалиқ шаҳрида ҳам бу муҳим сиёсий жараён юқори савияда ташкил этилди.

2021 йилнинг 24 октябрида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловларни ўтказиш учун Олмалиқ шаҳрида жами 41 та сайлов участкалари ташкил этилди. Уларда жами 517 нафар комиссия аъзолари таркиби шакллантирилди.

Барча сиёсий партияларнинг сайловолди учрашувлари ва компанияларини ташкил этиш учун тенг имкониятлар яратиб берилди.

Шаҳарда сайлов ёшидаги жами 76 минг 824 нафар фуқародан 59 846 нафари ёки 77,9 %и фаол қатнашдилар.

Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди учрашувларида, хусусан, Тошкент вилояти сайловчилари билан мулоқотлари чоғида, кейинчалик Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида Қасамёд қабул қилиш маросимида сўзлаган нутқлари жараёнида навбатда қилиниши зарур бўлган энг муҳим устувор йўналишлар белгиланди.

Инаугурация маросимида мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган 7 йўналишдан иборат янги дастур – “Тараққиёт стратегияси” илгари сурилди. Биз айнан мана шу дастурлардан келиб чиқиб, 2022 йилда амалга ошириладиган режаларимизни аниқ белгилаб олсак, натижа ҳам шунга яраша бўлади.

Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишида “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга ошириш белгиланган бўлиб, маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш вазифалари белгиланган.

Бунга асосан бугунги кунда Республикадаги барча маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари ва Ёшлар ишлари агентлигининг маҳаллалардаги вакиллари штатлари жорий этилди.

Айни кунларда Олмалиқ шаҳридаги 51 та маҳаллага ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар вакиллари лавозимларига муносиб номзодлар саралаб олинди.

Ҳоким ёрдамчилари қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширади:

маҳаллалардаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш учун устувор равишда маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятини олиб боради;

республика вакиллари билан биргаликда ўзига бириктирилган маҳаллани ривожлантириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади ва ижросини таъминлайди;

ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторингни амалга оширади;

амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда доимий равишда ҳокимга ҳисобот бериб боради.

Ёшлар вакиллари эса бириктирилган маҳаллаларда ёшлар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммо ва таклифларини амалга оширилишида кўмакчи бўлади.

2022 йилда амалга ошириладиган вазифалар Келаси йил “Обод маҳалла” дастури доирасида шаҳарнинг “Теракли” ва “Дўстлик” маҳаллаларини тартибга келтириш ва ободонлаштириш учун умумий ҳисобда 15 млрд. 585 млн. сўм сарфланиши ва шу маблағ эвазига 7,7 км ички йўллар таъмирланиши, 5,5 км ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш, 100 тадан ортиқ электр устунларини алмаштириш, 15 км электр тармоқ реконструкцияси ва 3 та янги трансформатор ўрнатиш, 4,5 км газ қувурлари ва 11 та ГРПларни таъмирлашимиз зарур.

«Теракли» маҳалласидаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

2021 йил 8 сентябрдаги 130-сонли Вазирлар Маҳкамасининг Раёсат баёни (инвестиция дастури)га асосан 9-МТТ 7,2 млрд. сўм ва 12-сонли МТТ 2 млрд. 255 млн. сўмга реконструкция қилинади. 14-сонли умумтаълим мактаби эса 7,2 млрд. сўм ҳисобига мукаммал таъмирланади ҳамда Мажбурий ижро бюроси учун 20 ўринли янги маъмурий бино қурилади.

Бундан ташқари «Зарбулоқ» маҳалласидаги 10-сонли умумий ўрта таълим мактабига қўшимча 240 ўринли ўқув биносини қуриш ишлари якунига етказилади.

Хизмат биносига эга бўлмаган яна 14 та МФЙ учун янги бинолар қурилади ва 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларини компьютер ва мебел жиҳозлари билан таъминлаш режалаштирилган.

8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг талаб ва истакларини инобатга олиб, 19 та кўчаларнинг номларини ўзгартириш ва айримларига эса янги ном бериш ишлари кўзда тутилган.

Оқова сув тармоқлари бўйича 2022-2026-йилларда 24,86 км оқова тармоқлари ва коллекторларни, 1 та оқова сувни тозалаш иншооти реконструкция қилинади ва қуриш ишлари бажарилади.

6 минг дона ақлли сув ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ва 6 минг аҳоли хонадонларни марказий оқова тизимига улаш, сув таъминоти корхонасига авариявий ва оқова қувурларини тозалаш учун махсус техникани харид қилиш режалаштирилган. Мазкур ишларни амалга ошириш учун 22,8 млн.доллар маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Янги иш ўринлари яратилиши бўйича 2022 йил давомида 3 минг 584 нафар фуқаро бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Булар:

1.Инвестиция лойиҳалари ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига — 1 076 нафар. Шу жумладан:

-тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига –229 нафар;

-ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига –814 нафар (шу жумладан-янги кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига – 677 нафар);

-ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига – 33 нафар аҳолини ва ишсизларни бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

2.Якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига –507 нафар. Шу жумладан:

-ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига – 50 нафар ишсизларни банд қилиш.

3.Хизмат кўрсатиш турлари бўйича 2004 нафар янги иш ўринлари яратиш, яъни:

-шаҳар ҳудудида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларга ишга жойлашишга кўмаклашиш ҳисобига 1147 нафар ишсизларнинг бандлигини таъминлаш;

-ҳақ тўланадиган жамоат ва мавсумий ишларга жалб қилган ҳолда 515 нафар фуқаро ҳамда ишсизларни иш билан таъминлаш;

-касб-ҳунар марказлари ва мономарказларда 282 нафар аҳолини, жумладан, ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш;

-бандлик жамғармаси томонидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига 280 нафар ишсизларни банд қилиш;

-Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган кредитлар ҳисобига эса 18 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда.

2022-2026 йилларда Олмалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури бўйича

2022 йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 37 трлн. сўмдан 65 трлн. сўмга (ўсиш суръати — 170 фоиз), шундан ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 530 млрд. сўмдан 969 млрд. сўмга (ўсиш суръати — 180 фоиз);

Хизмат кўрсатиш ҳажми 2,8 трлн. сўмдан 4,5 трлн. сўмга (ўсиш суръати – 165 фоиз);

Қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 2,5 трлн. сўмдан 5,8 трлн. сўмга (ўсиш суръати — 230 фоиз);

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 69 млрд. сўмдан 85 млрд. сўмга (ўсиш суръати — 122 фоиз);

Инвестиция ҳажми 6,3 трлн. сўмдан 14,6 трлн. сўмга (ўсиш суръати — 230 фоиз);

28,2 млн.долларлик ҳудудий экспорт амалга оширилиши режалаштирилган. Жорий йил белгиланган режага нисбатан 9,4 млн.доллар ёки 34 фоиз ошириб экспортни амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.

2022-2026 йилларда экспорт ҳажми 1,3 млрд. доллардан 2,4 млрд. долларга (ўсиш суръати – 183%);

2022-2026 йилларда 1,5 мингтадан ортиқ кичик бизнес субъектларини янгидан ташкил этилишини таъминлаш;

Ишсизлик даражасини 6,4 фоиздан 3,1 фоизга камайтириш;

2022-2026 йилларда ташкил этиладиган янги иш ўринлари жами 17 833 тага ошириш, жумладан 2022 йилда — 2 428 та, 2023 йилда — 3 204 та, 2024 йилда — 3 845 та, 2025 йилда — 4 076 та, 2026 йилда — 4 280 та янги иш ўринлари яратишни таъминлаш;

Ичимлик суви, канализация, газ, электр энергия таъминоти бўйича ислоҳотлар амалга ошириб, аҳоли таъминланганлик даражасини 100 фоизга етказиш;

Мактаблардан фойдаланиш коеффициентини 1,2%дан 1,0%га камайтириш белгиланган. Бунда 2 та хусусий ва 2 та давлат мактаблари янгидан қурилади ҳамда 3 та мактабларни реконструкция қилиш асосида янги қувватлар яратилади.

Мактабгача таълим ташкилотларнинг қамров даражасини 2022 йилда 86,5 фоизга ошириш, бунда янгидан қуриладиган хусусий боғчалар 5 та, янгидан қуриладиган оилавий боғчалар 25 та, 2 та боғчаларни реконструкция қилиш асосида янги қувватлар яратиш;

2022-2026 йиллар давомида 98 та кўп қаватли уйларни қуриш орқали 1 кишига тўғри келадиган уй-жой майдони 18 кв.мга оширишни назарда тутади.

Халқ таълими соҳасида

2022-2023 йилларга таълим муассасаларига ўқувчилар учун 350 дона янги компьютерлар билан таъминланиши;

2022-2025 йилларда чекка худудда жойлашган ХТБ тасарруфидаги 9,8,12,13,22-умумий ўрта таълим мактабларини инвестиция дастурига киритиш ва 2022 йилда 12-сонли мактабга 100 ўринли янги спорт зали қурилиши;

педагогик кадрларга бўлган эҳтиёжни 100%га тугатиш чорасини кўриш;

2022-2025 йилларда эса 11-сонли мактабни мукаммал таъмирлаш ва 500 ўринли қўшимча ўқув биносини қуриш режалаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасида

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш, бирламчи бўғин муассасаларини яхшилашда шаҳардаги мавжуд битта юридик мақомга эга оилавий поликлиника филиалларида моддий техника базасини яхшилаш, мукаммал таъмирлаш ва замонавий тиббий жиҳозлар, инновацион технологиялар билан тўлиқ таъминлашни амалга ошириш режалаштирилган.

Шаҳарда ихтисослашган тиббий хизматларни кенгайтириш ва сифатини яхшилаш, шунингдек, ихтисослашган тиббий марказлар филиаллари фаолиятини ривожлантириш бўйича болалар хирургияси ва бўлимини ташкил қилиш, ногиронлар учун реабилитация тиббий марказини ташкил қилиш;

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бюджет маблағлари ҳисобидан ихтисослашган тиббий хизматларни кўрсатишнинг янги тизимини жорий этиш учун замонавий тиббий жиҳозлар билан ва зарур мутахассислар билан таъминлаш;

Шаҳарда янги турдаги ва юқори технологияли тиббий хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, хусусий тиббиётни ривожлантириш учун хусусий клиникалар ва хусусий реабилитация хамда соғломлаштириш марказларини ташкил этиш;

Пульмонолог, эндокринолог, онколог, реанематолог каби зарур мутахассис ва шифокорлар билан таъминлаш чораларини кўриш;

Шаҳар соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, шу жумладан, “Электрон тиббий карта” тизимини жорий этиш;

«Теракли» ва А.Қодирий маҳаллаларидаги собиқ фелдшерлик пунктини мукаммал таъмирлаб тиббий таянч пунктига айлантириш;

2022-2023 йилларда Оилавий поликлиниканинг 2 ва 3-филиалларини ва Марказий шифохонани мукаммал таъмирлаш ҳам режада бор.

Мактабгача таълим соҳасида

2022 йил Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 9,12-сонли боғчаларга қўшимча бино қуриш ва реконструкция қилиш;

2022-2026 йилларда 2,6,7, 38,13,23-сонли МТТ (боғча)ларни қайта қуриш ва реконструкция қилиш;

2022 йилда 5 та, 2023 йилда 6 та, 2024 йилда 6 та, 2025 йилда 2 та, 2026 йилда 2 та жами 21 та янги оилавий боғчаларни ташкил этиш;

2022 йилда 4 та, 2023 йилда 2 та, 2024 йилда 2 та, 2025 йилда 2 та, 2026 йилда 2 та жами 12 та янги хусусий боғчалар ташкил этиш режалаштирилган.

“Янги Ўзбекистон” массиви бўйича

Олмалиқ шаҳрининг Ислом Каримов МФЙ ҳудуди ёнидаги фойдаланилмаётган 63 гектар бўш ер майдони танланиб, Боғдод тумани тажрибаси асосида “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш режалаштирилган. Ҳозирда массив қурилиши учун бош режа ишлаб чиқилди. Ушбу массивда 63 та кўп қаватли 5 минг 40 хонадонли уйлар, 3 минг 360 ўринли 2 та мактаб, 720 ўринли 2 та боғча ҳамда 200 қатновли тиббиёт муассасаси барпо этилиши белгиланди.

«Янги Ўзбекистон» массивида 2022 йилда 15 та кўп қаватли 1 минг 140 хонадонли уй-жой қурилиши олиб борилади.

Қолаверса, бошқа маҳаллалардаги бу йил қурилиши бошланган кўп қаватли уйлардан 30 таси келгуси йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Натижада 10 минг нафардан ортиқ фуқароларимиз ўз уй-жойларига эга бўлади.

“Яшил макон” дастури бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган “Яшил макон” дастури асосида 2021 йил ва 2022 йил давомида Олмалиқ шаҳрида жами 135 минг 990 туп кўчат ва хусусан, 2021 йил «Долзарб 40 кунлик» муддатда 51 минг туп дарахт кўчатлари экилиши белгиланган.

Бугунги кунга қадар 63 минг 942 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.

Шу жумладан, каталпа-2050 туп, эман-234 туп, қайрағоч-336 туп, каштан-420 туп, қайрағоч-565, павлония-6280, тут-976 туп, япон сафораси-360 туп, заранг-251 туп, бошқа манзарали дарахт кўчатлари-27 минг 778 туп, олма-2354 туп, ўрик-1655 туп, гилос-2031 туп, ёнғоқ-250 туп ва 18 минг 402  туп бошқа мевали дарахт кўчатлари экилди.

Ушбу кўчатларни экиш жараёнида барчаси суғорилган, тошлоқ ҳудудларга экилган кўчатлар учун қўшимча тупроқ ташланган. Имкон даражасидан келиб чиққан ҳолда, суғориш тизими ёки ирригация тармоқлари мавжуд ҳудудлар танланган. Суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларда кўчатларнинг униши учун тегишли чора кўрилмоқда.

Бундан беш аср аввал Ҳазрат Навоий ташаббуси билан “Бирни кессанг, ўнни эк!” шиори остида оммавий дарахт экиш ҳашарлари ўтказилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бу анъана бизларга аждодларимиздан меросдир. Давлат раҳбаримиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати “Инсонга инсонийлик, табиатга табиийлик – ҳаммаси инсон учун!” деган умумбашарий ғоя учун хизмат қилади, десам адашмаган бўламан.

Мен шу ўринда, яна бир бор сиз ҳамшаҳарларимизга мурожаат қилиб, айтмоқчиманки, бундан 10, 20 йил ўтиб ҳам шаҳримизни яшил ҳолатда кўришимиз, табиатни фарзандларимизга имкон қадар соф ҳолатда етказишимиз учун ҳам бугун дарахт экишимиз керак. Зеро, “Табиат бизларга мерос қолмаган, аксинча, келгуси авлодлардан қарзга олингандир!”

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Яратганга шукурки, тобора поёнига етиб бораётган 2021 йил “Аҳоли саломатлиги ва ёшларни қўллаб-қувватлаш йили” халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилган кўплаб эзгу амалий ишларга тўла бўлди. Кириб келаётган 2022 йилда ҳар бир соҳада ўзимизга кўпгина вазифаларни белгилаб олганмизки, уларнинг айримларига тўхталиб ўтдик холос.

Янги йил мамлакатимиз тарихида улкан сиёсий, конституцион ислоҳотлар йили бўлиши кутилмоқда. Ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ фуқароларимизнинг фаоллиги, ислоҳотларга дахлдорлиги, ҳуқуқий маданияти юксаклигини талаб этиладиган йил бўлади. Белгилаб олган режаларимиз амалга ошиши аввало, Сизу бизнинг саломатлигимизга, бирдамлигимизга боғлиқ. Шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, барчангизга тараққиётимиз учун ҳисса қўшиш бахти тарк этмаслигини тилайман. З

Зеро, амалий натижадорлик, инсон қадри – “Янги Ўзбекистон” стратегиясининг бош мақсадидир.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

МАВЗУГА ОИД

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг XLVIII сессияси

admin

ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ЖАРАЁНИ ЭЛЕКТРОНЛАШТИРИЛДИ

admin

Халқ ва армия бир тану бир жондир!

admin

ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ МАЖБУРИЯТИ

admin