Image default
Таҳлил

Матбуот келажакка ишончли манбаа

Авваллари инсонлар орасида мутолаа қилувчилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Ҳозир интернет асри, ижтимоий тармоқлар ривожланиб, мутолаа ҳам электрон шаклда бўлиб бормоқда. Бу эса китоб ва газета мутолаа қилувчилар сафи кескин камайишига сабаб бўлди. Лекин тан олиб айтишимиз керакки, ижтимоий тармоқларда тезкорлик бор, аҳолига керакли бўлган барча маълумотлар ва янгиликлар бир зумда етказилмоқда. Бироқ доимий тарзда компьютер ва телефонга тикилиш ҳам инсон кўзига, ҳам асабларига салбий таъсир кўрсатади. Биринчидан, босма ОАВлар ҳақиқий тарих, унда битилган саҳифаларни ижтимоий тармоқдан ўчирилгани каби ўчириб, керак бўлса ўзгартиришнинг асло иложи йўқ, бу эса ишончлилик кафолати саналади. Иккинчидан, биз ҳамиша ёш ва навқирон бўлиб қолмаймиз, айниқса, бугунги кунда электрон иш тизими 40 ёшга тўлмаганлар ўртасида кўз нурининг кескин пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Эсда қоларли лаҳзалар

Буни ижтимоий тармоқ обуначиларининг кескин камайиб, қайтадан китоб ва газета мутолаасига қайтаётганидан ҳам билсак бўлади. Хуллас, 2021 йил “Олмалиқ ҳаёти” газетаси учун муваффақиятли бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Саҳифалардаги бир-бирини такрорламайдиган дизайнлар, саҳифалар, мавзулар, ҳикматлар, иқтибослар, кроссвордлар, ҳикоялар, шаҳримиз қаҳрамонларини ўзида жам қилиб, шаҳримиздаги ҳар бир воқеликни тарихга муҳрлашга ҳаракат қилган газетамиз саҳифаловчиси Саодат Абдиқулова 2021 йилда “»Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик-танлови Тошкент вилояти босқичида ижодий ишлари билан фахрли ўринга сазовор бўлди.
Бундан ташқари, 30 йиллик тарихга эга “Олмалиқ ҳақиқати” газетаси номи “Олмалиқ ҳаёти” номига ўзгартирилди. Мустақиллик билан баробар ривожланиб келаётган газета бу йил ўз юбилей ёшини бир қатор ижодкорлар даврасида нишонлаши ҳамда “30 йиллик тажрибага берилган баҳо” сарлавҳали мақолада турли соҳа вакиллари томонидан газетага муносабатларнинг акс эттирилиши, газетамизнинг обуначилар қўлига вақтида, сифатли етиб боришида биз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган “Нисо полиграф” МЧЖнинг самарали меҳнатлари сабаб кўплаб ижобий эътирофларга эришганимиз ҳам биз учун шараф.

Ҳуқуқини билган ҳаққини талаб қила
олади, қачонки…

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, газетанинг ҳар бир сонининг 3-саҳифасида суд ҳукмлари, департамент, прокуратура, тергов бўлими ва ИИБ материаллари, Адлия бурчаги, ёнғин хабарлари ва пенсия таъминоти билан боғлиқ саволларга жавоблар берилиб борилади. Қабул қилинаётган қонунлар бўйича қисқача тушунтиришлар, фуқароларни қийнаган моддий таъминот билан боғлиқ барча саволларнинг жавоби ҳамда жиноятнинг оқибатлари, улар келтирган зарарлар, содир этилган ёнғинлар ва олдини олиш бўйича кўрсатмалар айнан шу саҳифа орқали ёритиб борилмоқда. Тафсилотлар ўз соҳа вакиллари томонидан тақдим этиб борилиши билан аҳамиятли. Жумладан, “Тиббиёт бирлашмасидаги талон-тарожликлар”, бунинг давоми сифатида “Бир эмас мингни деди, лекин миллионни еди”, “Мобил илова орқали “ухлатилган миллионлар”, “Уч дўкондаги тилсиз ёв” ва бошқа материалларда айнан шаҳримиздаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар баёни ва суд ҳукми билан очиб берилган.

Марказнинг “маҳорати”

Газета таҳлили жараёнида қизиқ бир ҳолат гувоҳи бўлдик, яъни, 2021 йил 22 январдаги 3-сонида “Шаҳримизда “Оила мактаби” очилди” сарлавҳали хабарда 2020 йилда 185 та ажрим қайд этилгани ва янги очилган марказ бу ажримлар сони камайишига туртки бўлишига умид билдирилган экан. Лекин 2021 йилнинг 22 декабрь ҳолатига ажримлар сони 281 та қайд этилгани ушбу марказнинг йил давомидаги фаолиятига берилган баҳодир. Ажабланарлиси, хабардан ташқари ушбу марказнинг бирор иши ОАВда ёритилмаган.

Ҳали ҳам бўлса топиб ўқинг!

Таҳририятга энг кўп мурожаат қаровсиз итлар бўйича бўлади. Ваҳоланки, шаҳар Ветеринария бўлими, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда шаҳар СЭО ва ЖС бўлими томонидан аҳолини бу бўйича қизиқтираётган барча саволларга жавоблар газетамизда чоп этиб борилган. “Агар қўшнингиз ит боқса…” (29.01.2021. 4-сон), “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва йўқотиш” (19.02.2021.7-сон) сарлавҳали мақолалар шулар жумласидандир. Газетани ўқимаслик оқибатида фуқароларда уй ҳайвонларини сақлаш билан боғлиқ кўплаб савол ва масалалар туғилмоқда.
Йўловчи ташувчи транспортлар бўйича «Манзилга етказишмайди, вақтида келмайди, ўз йўналишида юрмайди» каби шикоят тарзидаги масалаларга “Йўловчи ташувчи жамоат транспортига бир назар” (12.02.2021. 6-сон) мақоласи орқали жавоб топиш мумкин.
Шунингдек, “ОКМКга ишга кириш учун квота кимларга берилади?”, “Рақамлаштирилган газ ҳисобдонлари: сиз билган ва билмаган маълумотлар”, “Ҳимоя ордери нима ва у қай тартибда берилади?”, “Коммунал хизматлар ҳақида айтилган ва айтилмаган гаплар”, “Ёшларимизга “Ёшлар дафтари” керакми?”, “Кам таъминланган оилаларга кимлар киради?”, “Шаҳримизда илк хусусий мактаб, бу ҳақда нималар маълум?”, “Шаҳримизда 2 нафар фуқаро қутуриш касаллигидан вафот этди”, “Касаба уюшмаси раиси – раҳбар ва ходим ўртасидаги кўприк”, “Субсидия кимларга ва қай тартибда берилади?”, “Тренддаги танқидлар таҳлили ёхуд эътирозли жойлардаги эътиборли жиҳатлар”, “Нима учун йил давомида эмас, фақат мавсумда?” каби сарлавҳали мақолаларда кўплаб қизиқарли ва фойдали маълумотлар келтириб ўтилган.

Кун қаҳрамонлари, улар нима учун қаҳрамон?

Бугун ҳар ким ҳам қаҳрамон бўлиши мумкин, агар у шунга муносиб бўлса. Газетамиз саҳифаларида йил давомида йигирмага яқин шаҳримиз қаҳрамонларини эътироф этганмиз.
Қобил Ҳамдамов – “Содиқ хизматлари учун” медали, Сабоҳат Холжигитова – “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси, Абдумажид ота Шодиев – “Меҳнат фахрийси” 2-даражали кўкрак нишони, Абдурашид Ҳайдаров – “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони, Нилуфар Ҳакимова – “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” кўрик танлови ғолиби сифатида ёритилган.
Гавҳар Расулова — “Синовлар синоатига бардош бера олган аёл” (04.06.2021.22-сон), Хуршид Элбоев – “Офат даҳшатида дақиқалар қиймати” (18.06.2021.24-сон), Заҳириддин Маҳмуталиев ва Илҳом Бобораҳимов – “Уларнинг мақсади шунчаки орзу эмас” (02.07.2021.26-сон), Жавлонбек Мирзабдуллаев – “Силикон орзуси” (09.07.2021. 27-сон), Акбарали ота Сайдазов – “Боғбоннинг боғидаги бахтнинг нақди” (30.07.2021.30-сон), Муниса Гиясова – “Футболдан топганларим мени Муниса қилди” (27.08.2021. 34-сон), Севара Мисирова – Бир қўлда гул, бир қўлда рул, муҳими асл ўзбек аёли бўл! (10.09.2021.36-сон), Кабир Юсупов – “Тиббиётнинг қайноқ нуқтаси” (29.10.2021.44-сон) – булар ҳам ўз меҳнатлари ва билиму иқтидорлари билан муваффақиятга эришиб келаётган инсонлар сирасидан.
2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да шаҳримиз ёшлари учун бир қатор имконият ва имтиёзлар яратилди. Айниқса, спортга бўлган эътибор янада кучайтирилди. Хусусан, Токио-2020 паралимпия ўйинларида бронза медалига сазовор бўлган шаҳримиз ёшларидан бири бўлган Ислам Аслановнинг ютуқлари барча ОАВларда алоҳида эътироф этилиши билан бирга шаҳар ҳокими ҳам кун қаҳрамонига айланган спортчининг онасини йўқлаб, унга совға-саломларни топширгани, газетамиз саҳифаларида И.Аслановнинг устози томонидан унинг шу даражага эришгунча босиб ўтган йўллари акс этган “Жасорат”га муносиб матонат соҳиби” мақоласи (17.09.2021.37-38-қўшма сон) чоп этилган.

Солномага айланаётган статистика

“Олмалиқ ҳаёти” газетасининг ҳар сонида ФҲДЁ бўлими, Тез ёрдам хизмати ва Ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан тақдим этилган статистик қайдлар, валюта курслари ҳамда об-ҳаво маълумотлари кун келиб, солнома сифатида туғруқ ва ажримларни, касалланиш ҳолатлари, ўлим ва туғилиш, валюта курсининг тушган ёки ўсганлигини ҳамда ҳаво ҳарорати билан боғлиқ вазиятларга баҳо беришда яхшигина ишончли қўлланмадир.
Газета – тарих. Ундаги битиклар шаҳримизнинг ўтмишини келажакка сўзловчи восита сифатида хизмат қилади. Шундай экан, кириб келган 2022 йил ҳам шаҳримиз учун керакли бўлган барча материаллар саҳифаларимизни бойитиб боришига, ҳар бир кунини тарихга айлантиришга ижодий жамоамиз билан ҳаракат қиламиз.

Дилдора
Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

Шунчаки таҳлил эмас,
бундан хулоса олиш керак, акс ҳолда…

admin