Умумий ҳарбий мажбурият фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилишга мажбурий ҳарбий тайёргарлигидан иборат бўлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафини тўлдиришни ва уларнинг резервини тайёрлашни таъминлаш мақсадида жорий этилади. Умумий ҳарбий мажбурият фуқароларни ҳарбий хизматга тайёрлашни, ҳарбий хизматга чақиришни (киришни), чақирув ёки контракт бўйича ҳарбий хизмат ўташни, резервдаги хизматни, муқобил хизматни, ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этишни, фавқулодда вазиятларда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз бўлган тақдирда, аҳолини муҳофаза этиш тадбир-чораларини қамраб олади.
Ҳарбий хизматга асосан қайси ҳудудларга юборилади?
-Ҳарбий хизматга чақирилганлар республиканинг исталган ҳудудларидаги ҳарбий қисмларга юборилиши мумкин.
Ҳарбий хизмат суммаси неча пул бўлган?
— Муддатли ҳарбий хизмат бепул. Сафарбарлик чақируви резерви хизмати 2003 йилдаги ВМнинг 99-сонли қарори билан Халқ банкига махсус ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан ҳарбий бадални ўтаб келади. Бир йил давомида пулни тўлаб, бир ойлик ҳарбий хизматни ўтаб келади. Бу пул бадали бугунги кунда 5 778 660 сўм этиб белгиланган.
Қайси қарорга асосан ва қачондан тўловли шартнома асосида ҳарбий хизмат учун тўлов амалга оширилмоқда?
— Чақирув мавсуми март-апрель ойлари этиб белгиланган. Шу ойда чақирилувчилар комиссия хулосасини олгач, пул бадалларини тўлашни бошлашади. Тўловни 12 ой давомида бўлиб тўлаш ёки чоракма-чорак ўтказилиш имконияти ҳам мавжуд. ўзларининг хоҳишига қараб шартнома тузиш мумкин.
Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тушунчалари
Ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир.
Ҳарбий хизматнинг қуйидаги турлари мавжуд:
• муддатли ҳарбий хизмат;
• сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;
• контракт бўйича ҳарбий хизмат;
• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.
Ҳар бир йигит ҳарбий хизматга чақириладими? Чақирув ёши неча ёшдан?
— “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра чақирув ёши 18 ёш этиб белгиланган. 18 ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга эга бўлган ёшлар мудофаа ишлари бўлимига чақирилиб, тиббий кўрикдан ўтказилади ва ҳарбий хизматга яроқлилари вилоят назорат-тиббий кўригидан ўтказилиб, муддатли ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга юборилади.
Қандай ҳолатларда чақирувдан озод қилинади?
Тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этиладилар:
*саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;
* яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар;
* рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.
Яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар кўрсатилган шахслар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин.
Жиноий жавобгарликка тортилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилмайдилар.
Яна бир нарсани эслатиб ўтиш жоизки, туман ва шаҳарлардаги мудофаа бўлимларида ҳудудий комиссия тузилиб, улар асосан сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказиладиган, соғлиғи ёки ўқишини давом эттириш бўйича чақирув муддати кестириладиган ёки судланганлиги бўйича чақирувдан озод этиладиган чақирилувчилар мана шу комиссия аъзоларининг қарорлари билан белгиланади.
Хизматга бормасликни рад этиш мумкинми?
— Ҳарбий хизматга боришни рад этиш мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ҳар бир хизматчилар соғлиги бўйича ҳарбий хизматга яроқли бўлса, муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резерви хизматини ўташлари шарт. Оилавий шароити тўғри келмаган тақдирда ҳудудий комиссия билан келишилган ҳолда ҳарбий хизмат муддатини кечиктириш мумкин.
Йил давомида шаҳримизнинг қанча ёшлари хизматга жалб қиланаяпти?
— Тиббий комиссия аъзолари томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилганлар вилоят белгилаб берган режага асосан жалб этилиб, бажарилиб келинмоқда.
Муҳаммадсаид Алимов,
мудофаа ишлари бўлими
чиқарув бўлинмаси бошлиғи.