Image default
Суд амалиётидан

шартнома нотариал тартибда тасдиқланмаса…

Банк ва АЖ ўртасида 2015 йил 5 ноябрда 17-сонли кредит шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра Банк мижоз АЖга йиллик 18 фоиз устама тўлаш шарти билан имтиёзли даврсиз 12 ой муддатга айланма маблағларни шакллантириши учун 60 000 000 сўм кредит маблағлари ажратиш, АЖ эса олинган кредитдан фойдаланиб, кредит ва унга ҳисобланган фоизларни шартномага илова қилинган тўлов графиги асосида тўловларни амалга ошириш мажбуриятини олган.

Кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида Банк ва АЖ ўртасида 2015 йил 8 августда тузилган ипотека шартномасига асосан АЖга тегишли бўлган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган маъмурий бино ҳамда бошқа бино-иншоотлар 85 000 000 сўмга ўзаро баҳоланиб гаровга қўйилган.
Кредит шартномасида АЖ олинган кредит суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни ойма-ой тўлов жадвалига асосан тўлаб бориш мажбуриятини олган бўлса-да, бироқ тўловни ўз вақтида амалга оширмаган.
Натижада АЖнинг Банк олдида 45 млн. сўм кредит бўйича асосий ҳамда 4 млн. сўм фоиз қарздорлиги вужудга келган.
Шу сабабли Банк судга даъво ариза билан мурожаат қилиб АЖдан 45 млн сўм асосий қарз ва 4 млн сўм кредит фоиз қарздорлигини ундиришни ҳамда ундирувни гаровга қўйилган мулкларга қаратишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилган ва 45 млн. сўм асосий қарз ва 4 млн. сўм кредит фоиз қарздорлиги ундирилган ҳамда даъвонинг ундирувни гаровдаги мол-мулкларга қаратиш қисми рад этилган.
Юқоридаги ҳолатда Банк вакиллари томонидан гаров шартномасининг давлат рўйхатидан ўтказилишига эътибор қаратмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 271-моддасига мувофиқ ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек нотариал тартибда тасдиқланиши керак бўлган шартнома бўйича мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мол-мулкни ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Мазкур ҳолатда ипотека шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаришини, бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигини инобатга олиб, судлов ҳайъат биринчи инстанция суди томонидан даъвонинг ундирувни АЖ томонидан гаровга қўйилган мулкларга қаратиш қисмини рад этиш тўғрисида асосли хулосага келганлиги сабабли ҳал қилув қарорининг мазкур қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган.

И.Юсупов,
Тошкент вилоят судининг иқтисодий
ишлар бўйича судьяси
.

МАВЗУГА ОИД

ТЕЛЕФОННИ ОНАМГА КЎРСАТАМАН, ДЕБ…

admin

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ҲАМ БАНКРОТ ДЕБ ТОПИЛИШИ МУМКИН

admin

СУДДА ТАНИШИМ БОР, БАҲОСИ 4000 АҚШ ДОЛЛАРИ…

admin