Image default
Суҳбат

Ютуқларимга устозим ва ота-онам сабаб

Шаҳримизда тадбиркорлар йил сайин ортиб бормоқда. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам зиёли тадбиркор мақомини ола олмайди. Чунки бу мақомга эришиш учун зиё улашишда натижадорликка эга бўлиш лозим. Ҳозирда тилларга тушган ва вилоятимизнинг турли туман-шаҳарларидан айнан шу мактаб ва ўқув марказида ўқиш истаги билан келаётган минглаб ёшларни учратиш мумкин. Гап қайси ўқув маркази ва мактаб ҳақида кетаётганини англаган бўлсангиз керак. Азизбек Ибрагимов бошчилик қилаётган ва вилоятда ягона бўлган мактаб ва ўқув марказидир. Азизбек Ибрагимов яқинда Туркия сафарида бўлиб, бир олам таассуротлар билан қайтди.

Туркия сафаридан мақсад шунчаки саёҳатми ёки …?

Туркия сафарига иккинчи марта боришим. Лекин ҳар сафар борганимда бир олам таассурот билан қайтаман. Бу сафаргиси ҳам саёҳат, ҳам тижорат бўлди. Саёҳатим асосан Туркиянинг барча тарихий жойлари бўлиб, Истанбулнинг бирорта тарихий маскани эътиборимдан четда қолмади. Тарихчи бўлганим боис Усмонийлар даврида қурилган барча бинолар, саройлар, султонларнинг қабрлари, Султон Сулаймон ва султон Фотиҳ Меҳмет даври ёдгорликларини бошқача қизиқиш билан томоша қилдим. Мусулмон мамлакати бўлса-да, Европа давлатларининг жуда кўп фуқаролари турист сифатида Истанбулнинг тарихий жойларини томоша қилгани келишмоқда.

Эътиборингизни тортган асосий жиҳатлар?

Уларда ҳурмат жуда юқори. Айниқса, орган ходимлари ҳар бир фуқарога чиройли муомала билан ўз хатоларини тушунтириб беради. Ниқоб режими бўлгани боис “кечирасиз, ниқобингизни тақиб олинг, раҳмат” каби сўзларни кўп ишлатишади. Шаҳарга келган меҳмонлар бундай муомаладан сўнг уялганларидан ҳам ниқобни тақиб олишади. Яна бир эътиборимни тортган нарса юқорида айтганимдек, жуда кўп тарихий жойлар сақланган.
Юнонлар қурган (Византия империяси даврида) Аясофия (тахминан 160-170 минг кишилик) 1453 йилдан 1922 йилгача масжид вазифасини ўтаган бўлиб, Усмонийлар томонидан Истанбул фатҳ этилганда, юнон роҳибларидан сотиб олиб, мусулмонларга совға қилинган. Кейинчалик Отатурк даврида давлат Европа таъсири остида ушбу масжид музей бўлган. Пандемия даврида ушбу музей қайта масжидга айлантирилди. Ҳозирда Аясофия масжиди иккига бўлинган, ярмида аёллар, ярмида эркаклар намоз ўқишаркан. Яна бир қизиқ жиҳати, масжидларда мушуклар жуда кўп, ўтирсангиз ёнингизга келиб ётиб олади. Одамлар мушукларни силаб ўтиришади.
Галата минорасига бордик. Туб аҳоли учун ушбу минорага кириш бепул, туристлар учун эса тўлов мавжуд.
Масжидга жума намозига чиққанимда, у ердаги орган ходимлари формада бўлса-да, навбатма-навбат кириб намоз ўқиб чиқишгани тўғриси, ҳайратлантирди. Туризм салоҳияти юқори бўлгани боисми, шаҳар жуда тоза. Энг чекка жойларида ҳам бирорта ифлосланган жойни кўрмайсиз.
Ўқитувчилар ўқувчиларини тарихий жойларга олиб чиқиб, саёҳат давомида ўқувчиларга тарихни севишга, ўз тарихи билан фахрланишга ўргатишяпти. Илм олиш учун шароитлари аъло даражада. Илм эгаллаш ҳам шунга яраша.
Туризм шаҳар бўлгани боис милиция ходимлари ҳам инглиз тилини билади.

— Хусусий мактаблари ҳақида…

— Султон Аҳмед масжидининг орқа тарафида жойлашган битта хусусий мактабни ўргандим. У ерда ўқиш 5600 лира (4 млн. 300 минг атрофида). Биздаги хусусий мактабларга нисбатан анча қиммат. Лекин таълим сифати жуда юқори.
— Хусусий мактабларда фақат бойлар ўқийди, бу тушунча қанчалик тўғри?

— Ҳаракат қилганлар ўқийди. Келажагини илмда кўра олганлар, илмни қадрлаганлар ўқийди.
-Туристларга нисбатан туб аҳолининг муносабати…

— Муомала ажойиб. Чунки уларнинг асосий даромади туризмдан эканлигини ва туристлар орқали яшаётганини билишади. Трамвай ва автобусларида ҳам мониторлар бўлиб, жойлар, бекатлар кўрсатилиб турилади. Асосан тўлов карталаридан фойдаланилади.
— Китоб дўконлари ҳақида фикрларингиз…

— Асосан тарихий китоблар сотиларкан. Ўзим учун турк тилида ёзилган усмонийлар тарихи битилган 6 томли китобни сотиб олдим ва менга харид учун яна битта китоб совға қилишди. Китоблар нархи арзон.

— Денгиз сафаридаги асосий гўзаллик…

— Кемада саёҳат қилган вақтимизда бир нарсани билдим, агар қайси кемада одамлар спиртли ичимлик ичиб сувга тушиб кетса, ўша денгизчилик фирмаси ёпиларкан. Шунинг учун улар бу борада жуда эътиборли. Денгиз саёҳати арзон. Қушлар жуда кўп, одамлардан қўрқмайди.
Денгиз атрофи тошлар билан ўралган. Денгиз келиб тошларга урилганда, балиқлар тош ораларида қолиб кетади. Мушуклар ўша балиқларни олиб ейишади. Балиқ еганлари боис мушуклар семириб кетган.
Тоза ҳаво. Денгиз одамнинг барча ғуборини йўқ қилиб юборади. Ишловчилар ҳам асосан денгиз йўли орқали ишга қатнайди. Чунки арзонга тушаркан.
“Қора денгиз”га борганимда нега денгиз кўк ранг-ку, лекин қора дейишаркан деган савол туғиларди. Билсам, бу денгиз эрталаб соат олтидан кеч 16:00 га қадар чиройли бўлиб оқади, чиройли тўлқинланади. Соат 16:00дан кейин денгиз қора тусга кириб, тўлқинлари ҳам ваҳимали бўлади. Ўша вақтда денгизга тушиб кетган одамни қутқариш жуда қийин кечаркан.

Бугунги ютуқларингиз замирида нима кўпроқ рол ўйнайди, билимингизми ё ҳаётий тажриба?

Онам ҳамшира, дадам новвой бўлганлар. 4-синфда ўқиб юрган вақтларимда тутилиб (дудуқланиб) гапирар эдим. Онам шифокор қабулига олиб борганларида, кўпроқ китоб ўқиса яхши бўлиб кетади деган. Шунда Таиланд адабиётининг 150 дан ортиқ китобларини ўқиганман. Ўша вақтда тутилиб гапиришим қолиб кетган.
7-синфда ўқиб юрганимда, репетиторга борганман, қарасам, улар яхшигина пул санаяпти. Ўша вақтда кўнглимдан репетитор бўламан деган фикр ўтган. Ўқув марказида репетитор менга бепул дарс ўтган, мен ҳам ўз навбатида ўқувчилар билан тинимсиз ишлар эдим. Ўша вақтда устозим Гулнора опа Яхшиева (Яратган раҳматига олсин) “болам, ўқишга кира олмасангиз, биринчи менга айтинг, биринчи мен табриклашга мушарраф бўлай” дея пичинг билан гапирардилар. Бу гапдан кейин ҳамма бошини кўтармай китоб ўқир эди. Соат эрта тонг 5:00дан кейин дарсга қўймас эдилар. Ўзига тўқ устоз, бироқ ўзлигини йўқотиб қўймаган. Аравада бўлса-да, дарсига ва билимга фидойи инсон эдилар.
2007 йил Шарқшунослик университетига ўқишга кирганман. Ўша вақтда университет проректори Жумали ака Шабанов устозим ўқиш учун биринчи тўлов контрактимни тўлаб берганида, жуда хурсанд бўлганман. У киши доим ўқишимизни назорат қилиб борар эдилар.
Хуллас, бугунги муваффақиятларимда оилам ва устозларимнинг беқиёс ҳиссалари бор.

— Тижорий мақсад нима эди?

— Бугунги кунда давлатимиз томонидан 2025 йилгача тадбиркорлар учун божхона солиқларида имтиёзлар берилган. Шунинг учун Олмалиқда янги қурилаётган 7 қаватли хусусий мактаб биноси учун стул харид қилгани бордим. Божхона тўловларида енгиллик ҳамда у ерда стуллар ярим нархда бўлгани учун Туркиядаги бир фирма билан келишув имзоладик.

— Таомлари…

— Ширинликлари ва мевалари ёқди. Қулупнайларини челаклаб ағдарсангиз ҳам эзилмайди. Таъми эса мазали. Лекин энг ёққани турк паҳлаваси бўлди.

Суҳбатдош
Дилдора Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁҲУД ҚАХРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

admin

ҲУНАРЛИ ХОР БЎЛМАС

admin

ЁШ АССИСТЕНТНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРАЁТГАН МАҲСУЛОТИ ШАҲРИМИЗ УЧУН ҚАНЧАЛИК ФОЙДАЛИ?

admin

ХИТОЙДАГИ ТАЪЛИМ: ЮТУҚЛИ ВА ЮТУҚСИЗТОМОНЛАРИ НИМАДА?

admin