Бир куни синглимдай бўлиб қолган, меҳнатсевар қадрдоним Саломатхон Юсупова «Қайнота-қайнонам борлар, ҳозир улуғ ёшдалар, қайнотам шаҳримиз ободлиги учун қурилиш соҳасида катта ишларни амалга оширган. Қайнонам эса отамдай бўлиб қолган инсонимнинг барча хизматини қилиб, ажойиб рафиқа, уй бекаси бўлиш билан бирга фарзандлар тарбиясида жуда катта кўмакчи бўлганлар. Улар ҳар қандай ҳурмат-эътиборга лойиқ инсонлар, тириклик чоғида эъзозлаш лозим, чунки бундай улуғ ёшга қўша қариб етганлар бор, етмаганлар бор», — деб қолдилар.
Саломатхоннинг гапларидан сўнг икки бахтиёр инсонни кўргани шошдим. Улар билан учрашар эканман, юзларидан нур ёғилиб турувчи икки нуроний суҳбати мени роса руҳлантирди. Тилида шукур, дилида меҳр, юзидан нур уфуриб турувчи бу инсонлар билан суҳбатимни оққа туширишга қарор қилдим.
Улуғ Ватан урушида Олмалиқ шаҳридан хизматга чақирилган икки дўст. Улар шунчалик қадрдон бўлиб кетишган эдики, яхши ниятлар ила тўплар майдонида ҳам ўз фарзандлари келажаги учун аҳдлашдилар. Топил ва Юсуф акалар жанг майдонидаги ҳужум босилгач, окопда жангчилар учун келтирилган қора нонни қўлларига олиб, Худо хоҳласа уруш тугаб, уйга эсон-омон қайтсак, фарзандларимизни бошини қовуштириб, бир этак невара-чевараларга бош-қош бўлиб юрайлик дея, эндигина 7 ёшни қаршилаган ўғил-қизлари тақдирини белгилаб қўйишди.
Абдурасул ота Юсупов ва Зовра момо Топиловалар 1938 йилда туғилган. Аллоҳнинг марҳамати билан уруш қатнашчилари бўлган оталарининг эзгу ниятлари амалга ошиб, икки ёш 1957 йили турмуш қуришди. Абдурасул ота 1968 йилда қурувчилик касбини танлаб, шу касб сир-асрорларини чуқур ўрганиб, қурувчиликнинг турли соҳаларида ўзини синаб кўрди.
Абдурасул ота меҳнат қилиш билан бирга Тошкент политехника институти Олмалиқ филиалининг кечки кон-металлургия факультетини тамомлаб, саноат ва фуқаро қурилиш мутахассислигини ҳам эгаллаган. Умрининг қариийб 45 йилини шаҳримиз кўркига айланиб, қад ростлаган бино ва иншоотлар, мактаб ва боғчалар, шифохоналар, “Металлург” кўчасидаги 42-кўп қаватли уй, Амир Темур кўчасидаги кўп қаватли уйлар қурилишида ҳамда “Юность» маиший хизмат кўрсатиш уйи, шаҳар туғруқхонаси, саломатлик масканлари шаҳар болалар юқумли касалликлари ва ўпка-сил касалликлари шифохоналари қад ростлашида хизмати сингган инсонлардан.
Абдурасул Юсупов ҳалол меҳнати ва Ватан тинчлиги йўлидаги қўшган ҳиссаси учун 1973, 1974, 1978, 1985-йилларда орден ва медаллар ҳамда кўплаб фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Абдурасул ота турмуш ўртоғи Зовра момо билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказишган.
Ҳар бир фарзанди ҳаётда ўз меҳнати билан ўрнига эга бўлиш билан бирга оилада ҳам бахтини топган инсонлардир. Зовра момодек турмуш ўртоғини ҳурмату иззат қилиб, 65 йил тинч-тотув ҳаёт кечириб келаётган отанинг келинлари ҳам қайноналари каби бу ҳаёт мактабида фидойиликдан дарс олиб, жамиятда ўз ўринларига эга бўлишган.
Фарзандларига ҳалол меҳнат билан яшашни ўргатган Абдурасул ота оила пойдеворини ҳам жуда мустаҳкам қурган. Сал кам бир асрлик умр давомида Зовра момо билан бирга яшаб қўша қаришлик бу инсонларга Аллоҳ берган неъматдир.
Йиллар давомида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган Абдурасул ота оила аталмиш муқаддас қўрғонда ҳам оила мустаҳкамлигини тўла-тўкис таъминлай олган инсон.
Сулола давомчилари ота-боболари изидан бораётган набиралар ҳам бугун давлатимиз ривожи йўлида мустаҳкам ҳисса қўшиб келишмоқда.
Оиладаги тинчлик хотиржамликдан, саранжом-саришталикдан ва файзу барокатдан нуронийлар шундай улуғ ёшда тетик ва бардам ҳолда дуогўй бўлиб ўтиришибди. Шаҳарда бунёд қилинган, ҳозирги кунда бир неча минглаб инсонларни ўз бағрига олган турар жойлару барча иншоотларни қуришда жонбозлик қилган, меҳнати синган прораб Абдурасул ота Юсуповни юрт қаҳрамони деб аташ вақти келмадимикин?
Инсон тириклигида эъзозланса яхши, сўзим охирида қўша қариган бу бахтли инсонларга соғлик-омонлик, узоқ умр ва уларнинг қадди ҳам, қадри ҳам баланд бўлишини тилаб қоламан.
Чаманой Аҳмедова.