Таҳририятимизга бир фуқаро фарзандининг туғилганлик гувоҳномасидаги ўтиб кетган техник хато учун давлат божи тўлайманми ёки йўқ, дея мурожаат қилди.
Қуйида ушбу саволга жавоб олишга ҳаракат қилдик.
Болани туғилганлик гувоҳномасидаги техник хатоларни (асосан «х» ва «ў») тўғрилаш учун қайтадан давлат божи тўланадими?
Бундай техник хатоликлар амалиётда учраб туради. Бундан фойдаланган баъзи ФҲДЁ ходимлари сиздан шунча бўлди, деб табассум билан қараб тураверади гоҳида. Аслини олганда қонунчиликда бу нарса кўрсатилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида» ги қонуннинг 12-моддасига кўра, жисмоний шахслар — туғилиш, ўлим қайд этилганлиги учун, уларга фарзандликка олинган, оталик белгиланган, жинси ўзгартирилган ҳолларда, шунингдек фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш чоғида йўл қўйилган хатолар муносабати билан туғилганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ёзувлари ўзгартирилган, тўлдирилган ва тузатилган тақдирда гувоҳномалар берганлик учун давлат божи ундирилмаслиги белгиланган.
Агар сиз фарзандингизнинг туғилганлик гувоҳномасида хатоликларни тўғрилатмоқчи бўлсангиз, уни тўғрилатиш учун давлат божи тўламайсиз. Агар сиздан пул сўрамоқчи бўлишса, Адлия вазирлигининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.