Image default
Ҳикоя

ҲИММАТ

Эсингизда бўлса ёпиқ мамлакат, Қизил Империя қулагандан кейин 90 йилларнинг аввалида хорижий завод-фабрикаларнинг мамлакатимизда қўшма корхоналари очилди.
Жумладан, бизнинг шаҳримизда ҳам текстиль йўналишида фабрика очилиб, иш ўринлари ташкил қилинди. Мен ҳам ишга кирдим. Янги корхонада фаолиятимни бошлаганимдан кейин кўпчилик билан танишдим. Хориждан келган мутахассисларга ажратилган автомашинага ҳайдовчилик қиладиган бир ёшроқ йигит ҳам бор эди. Тушликни бирга қилардик, намозни ҳам бирга ўқирдик. Хулқи, одоби жуда яхши эди-ю, нимасидир қовушмагандай туюлаверарди. Эҳтимол, ибодатимизни адо қилиб бўлганимизда ва тушликдан кейин қиладиган дуосидир.
«Аллоҳим!»-дерди-«Мендек нотавон бир ғарибнинг дуосини ижобат қил. Сендан ҳар жума кунида умра ибодатини бажаришлигимни насиб қилишингни сўрайман!»-деб фотиҳа қиларди. Ичимда «Ол-а, бўладиган нарсани сўраса-чи!? Дуо ҳам сал ўхшаганроқ бўлсайкан-да!»-деб қўярдим. Ҳатто ўзига ҳам «Биродар! Дуоингиз ҳам ўзингизга ўхшаган антиқароқ-а» деб қўярдим кулиб. Етти-саккиз йил бирга ишладик. Кейин корхона ёпилиб кетди. Ҳаммамиз ҳар ёққа бўлиниб-бўлиниб ишларга кириб кетдик. Мен хусусий иш бошладим. Аллоҳ барака бериб корхонам ривожланиб оёққа туриб олдим. Шундан кейин Муборак Ҳаж сафари тараддудига тушдим. Интизорлик билан кутган навбатим етиб келди. «Лаббайкаллоҳумма»ни айтиб сафарга чиқдик…
Биринчи тавофимни адо қилиб Ҳарам эшигидан чиқаётганимда бир киши танишдай кўринди. У киши мени хурсанд бўлиб қучоқлаб олиб тинмай «мени танидингизми?» дерди…
Эҳ, эсладим! Бу ўша йигит!
-«Қаранг-а, ука! Сизга ҳам Муборак Сафар насиб қилибди-да! Қабул бўлсин. Кимлар билан келдингиз? Қайси меҳмонхонадасиз?»-дедим шошилиб. У менга:
-«Ака, мен шу ердаман. Келганимга анча йиллар бўлди. Эсингизда бўлса хорижликнинг машинасини ҳайдардим. Корхона ёпилгандан кейин у киши «хулқинг менга маъқул келиб қолди» деб мени ўзи билан олиб кетди. Бошқа давлатларда ҳам бўлдик. Айланиб келиб шу ерга жойлашиб қолдик. Оилам, фарзандларимни ҳам олиб келдим. Аллоҳдан сўраганларим ижобат бўлди, ҳар жума Ҳарамдаман!»-деди…
Тамом бўлдим…
Жавоб сўз айтишга тилим айланмасди…
Хаёлларим чувалашиб кетган, у йигитнинг гаплари қулоғимга кирмасди. Мен унинг қилган дуосини ўзимча «сал бўладиганроқ дуо қилсангиз-у» деб энсам қотгани-ю, у эса тазарру билан ҳар жума Умра насиб қилишини канда қилмасдан сўраганлари кўз олдимдан лип-лип ўтарди. Кўзларим ёшга тўлди. Ичимда эса «Буюк Зотдан ҳиммат қилиб сўрашни ҳам эплолмасанг бу кунингдан баттар бўл» деб ўзимни ўзим койирдим…

Салим АЙЮБИЙ.

МАВЗУГА ОИД

ТАҚДИР ТУШИ

admin

ЮРАКНИНГ БИР БАНДИ УЗИЛГАН КЕЧА

admin

ДЎСТИМНИ ЭСЛАБ…

admin

Норасида уволи

admin