Image default
Таълим

Қайси фан фидойилари нобель мукофотини олишади?

Кимё шубҳасиз энг муҳим амалий фан соҳаларидан биридир. Фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тадбиқ этилиши борасида ҳам кимё олдига тушадигани йўқ бўлса керак. Нобел мукофоти топшириладиган энг муҳим йўналишлардан бири сифатида ҳам бежизга алоҳида қайд этилмаган. Кимёгарлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар орқали иқтисодиётнинг яна кўплаб соҳалари ҳам иш юритишади. Хусусан, кимё заводларида ишлаб чиқарилган минерал ўғитлардан фойдаланиб, деҳқонларимиз мўл ҳосил олади ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшади, фармацефтлар дори-дармон тайёрлайди, сунъий толалардан эса турли туман матолар тўқилади. Полимер маҳсулотларнинг эса бугунги кундаги аҳамиятини таъкидлашга ҳожат йўқ. Қисқаси, кимё фани кириб бормаган бирорта соҳа мавжуд эмас.

Манбаларга кўра, “кимё” қадимги мисрликлар тилидаги “кем” сўзидан келиб чиққан дейилади. Мисрда Нил дарёси тошқинларидан кейин қоладиган унумдор серҳосил тупроқни айнан “кем” деб аташган. Нил водийсининг ўзини эса “кемиа” деб номлашган. Кейинчалик, бу термин араб тилидаги “ал-кимя” сўзи орқали бугунги кунда бутун жаҳон тилидаги “кимё” терминининг ўзагига айланди. Термин қадимги Мисрда пайдо бўлган бўлса-да, лекин мустақил фан сифатида кимё асосан XVII асрдан кейин, асосан Роберт Бойлнинг илмий ишлари туфайли шакллана бошлади. Бойл сиёҳ моддаларни кимёвий усулда олиш йўлларини кашф қилди ва кимёвий индикаторлардан фойдаланишни ихтиро қилди. Ундан аввалги асрлар мобайнида кимё асосан табиб-ҳакимлар ва алкимёгарлар томонидан ўрганилиб, тараққий этиб борган. Хусусан, буюк бобокалонларимиздан Абу Наср Фаробийнинг минераллар борасидаги ишлари, Ибн Синонинг эфир мойлари устида олиб борган изланишлари ҳайратланарли даражада мукаммаллиги билан ҳозирги замон кимёгарларини ҳам лол қолдириб келмоқда. Ибн Сино бобомиз олтингугурт, азот кислоталари, натрий ва калий гидрооксидларини ажратиб олиш усулларини аниқлагани ва амалиётда ундан кенг фойдаланганлиги тарихчи Жузжоний томонидан қолдирилган қайдлардан маълум.
Албатта, бу борада 1869 йилда Д.Менделеев томонидан кимёвий элементлар даврий жадвалининг кашф қилиниши янада муҳим аҳамият касб этган. ХХ асрдан бошлаб юртимизда ҳам кимё фанининг замонавий етук олимлари етишиб чиқа бошлади.
Кимё корхоналарида ўн минглаб инсонлар иш билан таъминланган, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар эса ички ва ташқи бозорда ўз харидорига эга. 2021 йил статистикасига кўра, Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг саккиз фоизи айнан кимё саноати ҳиссасига тўғри келган. Юртимизнинг йирик кимё корхоналарида-Навоий азот заводи, Фарғона азот заводи, Чирчиқ ва шаҳримиздаги йирик заводлар, Деҳқонободдаги калий заводи сингари корхоналарида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича катта кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, кимё корхоналаримиз томонидан, эпидемиологик вазият мураккаб бўлган ҳозирги шароит учун муҳим ҳисобланган дезинфекция воситаларини ҳам узлуксиз етказиб бериб турганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.

Дилфуза Турдибаева,
Шаҳар 1-ИДУМ
кимё фани ўқитувчиси
.

МАВЗУГА ОИД

ФАН ОЙЛИГИ ФАНТАЗИЯЛАРИ

admin

Таътил ва китоб

admin

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН НАВОИЙ

admin

5-МАКТАБНИНГ 5 НАФАР ЎҚУВЧИСИБУЮК БРИТАНИЯДА ТАЪЛИМ САЁҲАТИДА

admin