Бошланган янги йилнинг илк кунларидан шаҳримиздаги чекка маҳаллаларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, оғриқли нуқталарни ўрганиб, зарур чораларни кўриш мақсадида ўтган ҳафтадан буён шаҳар ҳокими Қ.Хамдамовнинг ташаббуси билан “Дўстлик”, “Намуна”, “Ўзбекистон” ҳамда “Чамбил” маҳаллаларида комплекс ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шаҳарнинг қатор коммунал ташкилотлари ҳамкорлигида ҳашар йўли билан ички нотекис йўлларга шағал ётқизилиб, қишки ёғингарчилик мавсумида юзага келувчи ноқулай вазиятларнинг олди олинди. Маҳаллалар кўркига соя солиб турган тўсиқ ва ўрамалар олиб ташланди, дарахтларнинг ортиқча қуриган шохлари арраланиб, аҳолига ўтин сифатида тарқатилди.
“Намуна” ва “Дўстлик” маҳаллаларида Тиббиёт бирлашмаси томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкиллаштирилди. Вақтинча бўш бўлган 7 ва 13-мактаб биноларида хирург, окулист, невропатолог, терапевт, дерматолог, травматолог, лор, стоматолог шифокорлар қабули ҳамда функционал диагностикадан ЭКГ, УТТ ва лаборатор текширувлари амалга оширилди. Саломатлиги сабаб ётиб қолган беморлар учун “хонадонбай” кўчма тиббий кўрик давомида шахсан Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Н.Гаппаров томонидан эътибор ва ёрдамга муҳтож беморлар ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, шаҳар «Электр таъминоти» корхонаси масъуллари томонидан “Ўзбекистон” маҳалласида кўча чироқлари созланиб, 18 дона янги бетон-таянч устунлари ҳамда 350 метр электр симлари келтирилди. Айни вақтда “Қалмоққир” кўчасида устунлар учун жой ҳозирланмоқда.
“Ўзбекистон” маҳалласининг 5 та кўчасига жами 350 метр , “Гултепа” маҳалласига эса 150 метр шағал тўкилиб, текисланди. Бундан ташқари, “Газ таъминоти” корхонаси томонидан барча газ қувурлари бўяб чиқилди. “Қалмоққир” кўчасининг ўнг қисмида жойлашган боғ аҳолининг кўнгилли қисмига хусусий томорқа сифатида фойдаланишга топширилди.
Сўнгги кунларда давом этаётган барча ишлар халқимиз турмуш шароитини яхшилаш ҳамда фаровон ҳаёт қуриши учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мухлиса Умаркулова,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси.