2022 йилнинг 19 январь куни Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдаги 46-сессияси ўтказилди. Сессия кун тартибида 6 та масала кўриб чиқилди.
Шунингдек, сессия давомида вилоят Халқ таълими бошқармасининг 2022 йил 11 январда шаҳар Кенгашига келиб тушган 01-01/1-20 сонли мурожаати кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан 2022 йилнинг 14 январь куни шаҳар Кенгаши Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссиясининг сессияга қадар дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди.
Сессия давомида масала юзасидан шаҳар прокурори Музаффар Маматовнинг тақдимномаси, Кенгаш котибият мудири Э.Абдурайимовнинг ахбороти, шаҳар ХТБ мудири З.Худойбергановнинг, 3-мактаб директори Ж.Хамраеванинг, 14-мактаб директори М.Тошматованинг, 18-мактаб директори Э.Шерановнинг ҳисоботлари ва шаҳар Кенгаши Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссияси(А.Хасанов)нинг хулосаси эшитилди.
Кенгашнинг доимий комиссияси хулосасида қуйидагилар келтирилган:
“…Шуни таъкидлаш жоизки, ҳар 3 та мактабда олиб борилган ўрганишлар натижаларида камчиликлар аниқланган йўналишлар деярли бир хил. Масалан, ҳар 3 та мактабдаги ҳолатларда айрим юқори синф ўқувчиларининг давоматлари паст. Ўқувчиларнинг айримлари касал бўлганлиги учун дарсга келмаган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан уларнинг касаллик варақалари сўралганда ўқитувчилар томонидан тақдим этилмаган. Бунинг сабаби, ўқувчи касаллик тўғрисидаги маълумотномаларини тузалган куни ўзи билан биргаликда олиб келади, сабаби оилавий поликлиника охирги куни очилган касаллик варақасини бемор тузалгач ёпиб беради. Унга қадар ўқувчининг ота-онаси ўқитувчини огоҳлантириб қўя олади, холос.
Давомати паст битирувчи синф ўқувчиларининг аксари ўқув марказларига репетиторга кетиб қолаётганлиги таъкидланган. Тўғри, ўқувчилар дарс пайтида репетиторларга бориши мумкин эмас. Шу сабабли, ўқувчини дарсда йўқлиги, дарс пайтида репетиторларга кетиб қолишини бартараф этилмаётганлиги, бу борада тўғри иш ташкил этилмаганлиги сабабли ўрганиш якунида мактабларнинг ўзида педагогик Кенгашларда муҳокамалар қилиниб, айрим ўқитувчиларга чоралар кўрилган ва ўқувчилар дарсга қайтарилган. Лекин, ўқитувчига чора кўрилгани билан бу масала ҳал бўладими, йўқми? Албатта, ҳал бўлмайди. Чунки, ота-оналар ўқувчиларни асосан битирувчи синфларда чуқурлаштирилган дарсларга беришни истаяпти, агар шундай қилинмаса ўқувчилар олий таълимга кириши эҳтимоли пасаяди, деган фикр айниқса ота-онани қийнайди. Демак, давомат пасайишининг бу сабабини бартараф этишнинг ўқитувчига чора кўришдан бошқа усулларини ўйлаш керак. Масалан, вариатив синфлар ташкил этишни жадаллаштириш, ихтисослашган мактаблар ташкил этишни кўпайтириш, кўпроқ хусусий мактаблар ташкил этилишини таъминлаш ва шу кабилар. Ёки, ҳеч бўлмаганда юқори синфларни тушликдан кейин, бошланғич синфларни тушликка қадар ўқийдиган қилиб сменаларни алмаштириш масаласини кўриб чиқиш керак. Афсуски, бу каби масалаларда асосан методик ёрдам бериш учун ташкил этилган шаҳар Халқ таълими бўлими ҳеч қандай таклиф ва ташаббуслар билан чиқмайди. Аксинча, асосан, чора кўриш, ўқитувчини текшириш ва яна текшириш йўлидан бормоқда. Айтингчи, бунақада мактаблардаги салоҳиятли ўқитувчиларнинг борини ҳам йўққа чиқармаймизми? Ахир ўқувчилар қочиб бораётган репетиторлар ҳам мана шу мактабларда ишлаб, кейинчалик тинимсиз текширувлар, ота-она айби учун ўқитувчининг жазоланиши ва турли чоралар жонига теккач, хусусий секторга кетган.
Ишчи гуруҳ аниқлаган ўқувчилар орасида ҳақиқатдан мактаб маъмуриятининг бевосита айби билан яхши назоратга олинмаганлари ҳам йўқ эмас. Бу ва бошқа асосли ҳолатлар учун эса мактаб маъмуриятининг масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбар ходимларига чоралар кўрилган. Ўрганишлар натижасида аниқланган яна бир асосий масалалардан бири сифатида тилга олинган дарсликларни ўз вақтида янгиланмай қолиши масаласидир. Бизнинг доимий комиссиямиз ўрганиши натижасида маълум бўлдики, бунда мактаб маъмуриятининг ҳеч қандай айби йўқ. Аксинча, бу муаммони ҳал этиш ундан юқори турувчи ташкилотлар, яъни, шаҳар Халқ таълими бўлими, бошқарма ва вазирлик дарсликларни ўз вақтида янгилаб туриши керак. Бу ҳолатда директор юқори ташкилотга бор-йўғи маълум қила олади, холос.
Ўрганишлар натижаси тўғрисидаги маълумотларда моддий ва маънавий эскирган китобларнинг утилизация қилинганлиги қайд этилган. Ҳар 3 та мактабда ҳам бу жараён қонуний амалга оширилган ва утилизация натижасида келиб тушган пуллар тегишли жамғармаларга кирим қилинган.
Ишчи гуруҳ маълумотларида дарсликларни авайлаб-асраш туйғусини ривожлантиришга йўналтирилган тарбиявий ишлар олиб борилиши йўлга қўйилмаганлиги танқид остига олинган. Аммо қайси факторга асосланиб, бу маълумот ёзилганлиги исботланмаган. Масалан, мавжуд адабиётларнинг неча фоизи муддатидан аввал яроқсиз ахволга келиб қолганлиги таҳлил қилинмаган. Ишчи гуруҳ аъзолари муҳокамаларда ҳам бу масалада ҳеч қандай асословчи фактларни келтира олмадилар.
Ўрганишлар тўғрисидаги маълумотларда мактаб кутубхоналарида компютер мавжуд эмаслиги, мавжуд бўлмаган компьютернинг “Ziyo.net” ахборот тармоғига уланмаганлиги ҳақида сўз боради. Ахир, бу мактаблар кутубхонаси учун компьютер берилмаган бўлса, қандай қилиб “Зиё нет”га уланади? Мактаблар кутубхонасини компьютер билан таъминлаш чорасини аслида ким кўриши керак? Шаҳар Халқ таълими бўлими орқали унинг юқори турувчи ташкилотлари эмасми?
Ўрганиш натижасида ҳар 3 та мактабда дарс жадвалларида ҳамшира ёки психологларнинг имзоси йўқлиги бўрттирилган. Ҳеч қайси ҳолатда ҳамшира ва психологлар жадвалларга қарши эмас, шунчаки, аввалги нусхаларига имзо чекканликларини муҳокамаларда қайд этдилар.
Дарс жадваллари тузилишида фанларнинг мураккаблиги даражаси инобатга олинмаганлиги ҳақида сўз боради. Аслида эса, ўқитувчиларнинг касаллиги, ўқув фан хоналарининг етишмаслиги, айрим фанлар ўқитувчиларига эҳтиёж сақланиб қолаётганлиги натижасида қайсидир фан ўқитувчиларининг дарс соатлари кўп эканлиги ёки малака оширишда бўлиб қолиши айрим ҳолларда мураккаб дарсларнинг охирги соатларга ҳам тўғри келиб қолишига олиб келиши мумкин ва бу муҳокамаларда тасдиқланди.
Ўрганишларда мактабларнинг тозалиги, айрим ёритиш чироқларининг ишламаслиги, баъзи ленолиум қопламалари йиртилганлиги, “дез тўшама”лари тўлиқ таъминланмаганлиги, ходимларнинг эмланганлиги ҳақидаги маълумотномаларнинг ўз вақтида кўрсатиб берила олмаганлиги, чиқинди қутиларининг бинога яқинроқ жойда жойлашганлиги, ошхоналарда кетчуп ва майонезли егуликлар сотилишига йўл қўйилганлиги каби ҳолатлар қайд этилган бўлиб, бунинг натижасида 14 ва 18-мактабнинг директорларига санитария эпидемиология осойишталик маркази томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва директорлар бу жарималарни тўлаган.
Умуман олганда, ўрганишлар натижасида шаҳар прокуратураси томонидан киритилган тақдимномаларга асосан масъулларга тегишли тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилган, 2 та мактаб раҳбарларига эса маъмурий баённомалар тузилган.
Ўрганишларда тилга олинган кўпгина камчиликларнинг аслида мактаб директорларига эмас, кўп жиҳатдан шаҳар Халқ таълими бўлими ва юқори турувчи бошқа ташкилотларга боғлиқлигини тан олиш адолатдан бўлади.
Сессия якунида 3-мактаб директори Ж.Ҳамраевага, 14-мактаб директори М.Тошматовага ҳамда 18-мактаби директори Э.Шерановга нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси бериш белгиланди.
Шаҳар Кенгаши
котибияти.