Image default
Ҳикоя

ЮК ТАШУВЧИНИНГ ҚАРЗИ

Жума куни тушлик вақти. Ўғлим билан тушликда салат еб, ўзбекларга хос одатий дастурхон устидаги суҳбатни олиб борардик: таомлар ҳақида, қандай қилиб оддий ошпазни яхшисидан ажратиш, кулинарияда нима муҳимроқ маҳорат ёки масаллиқлар ва ҳоказо.
Кутилмаганда нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Корзинка.уз да 2011-2016 йилларда ишлаган бир йигит бўлиб, мен билан учрашмоқчилигини айтди. Мен ундан рақамимни қаердан олганини суриштирмай, учрашув мавзусини сўрадим (масалани телефонда ҳал қилиб қўяқолиш мақсадида). Бироқ йигит мен билан кўришиш истаги қатъий эканлигини билдирди. 15:00 да учрашув белгиладик. Соат 15:00 бўлганда 30 ёшлар атрофидаги йигит кираверишда турарди. Мен уни масалани муҳокама қилиш учун хонамга эмас, 1-қаватдаги кафега таклиф қилдим.
Учрашув олдидан бу суҳбат ишга жойлашиш ё бирор товар ёки хизматни таклиф қилиш борасида кечишини кутгандим. Бироқ мени мутлақо кутилмаган суҳбат кутиб турарди. Йигит менга 5 йил давомида компанияда юк ташувчи бўлиб ишлагани ва бу давр мобайнида турли ширинликлар, шоколадлар, энергетик ичимликлар ва бошқа товарларни пулини тўламасдан истеъмол қилганлигини айтди. Орадан йиллар ўтиб бу ишлари унга тинчлик бермаётгани ва ўша истеъмол қилган нарсаларининг ҳақини тўламоқчилигини билдирди. Шу сўзларини айтиб бўлиб столга 2 млн сўм пул қўйди. Кўринишидан бу пулларни маълум вақт мобайнида йиғгани сезилиб турарди. Пулларнинг гули гулига мослаб тартиб билан терилганди.
Мен унга бундай самимий ҳаракати учун миннатдорчилик билдирдим. Менимча бу ҳақиқий қаҳрамонлик ва ўз нафси устидан ғолибликни англаш эди. Мен йигит кетаётганда ортидан қараб қолдим. У бошини баланд кўтариб кетарди. Том маънода баланд кўтариб кетарди. У олдингидан баландроқ ва ҳайбатлироқ кўринди. Йигитга омад ва мен билан кўришган вақтдагидек бахтдан сармаст бўлиб юришини тилaйман!

Маълумот ўрнида!

Зафар Комилович Ҳошимов — ўзбек тадбиркори, таркибига «Korzinka.uz», «korzinka.uz дисконт», смарт дўконлари кирувчи «Anglesey Food“ МЧЖ асосчиси.
1996 йил декабрда «Anglesey Food“ брендига асос солди. 1997 йилда тадбиркор «Anglesey Food“ бренди остида илк дўконни очди ва Ўзбекистонда супермаркетлар тармоғи ривожланиши учун пойдевор қўйди.
2005 йилда тармоқ ребрендинги амалга оширилди. Шу вақтдан бошлаб, супермаркетлар «korzinka.uz» бренди остида ривожлана бошлади. 2010 йилда компания Смарт уй дўконларини, 2016 йилда эса korzinka.uz Дисконт улгуржи савдо супермаркетларини алоҳида бўлимларга эгадир.

МАВЗУГА ОИД

АҚЛЛИ ТАДБИР

admin

ҲИММАТ

admin

БИР УМР ҲИКОЯТИ

admin

ДЎСТИМНИ ЭСЛАБ…

admin