Image default
Жамият

Фуқаролик судларига мурожаат қилиш шакллари

Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш бош қомусимиз Конституция билан кафолатланган.

        Судларга икки хил тоифада мурожаат қилиш мумкин. Биринчиси, ариза, таклиф ва шикоят кўринишида мурожаат қилинади. Бундай ҳолатда мурожаат Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари асосида бўлиши лозим.

Иккинчиси, муайян бирор бир низо юзасидан, қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида қилинган мурожаат ҳисобланади. Албатта бунда Фуқаролик процессуал қонунчиликка риоя қилиниши лозим бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг
3-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

          Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг
4-моддасида судга мурожаат қилиш шакллари кўрсатилган. Булар қуйидагилар:

  • фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича — даъво аризаси шаклида;
  • буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза шаклида;
  • апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат этилганда — шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар судга даъво ариза, ариза, апелляция ва кассация шикояти билан мурожаат қилганда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунидан келиб чиқиб, суд харажатларини тўлаши, ёзилиш шаклларига эътибор қаратиш лозим бўлади. Агарда даъво аризаси вакил томонидан берилган бўлса, вакиллигини тасдиқловчи хужжатларни илова қилиш шарт.

Бугунги кунда судларга электрон кўринишда мурожаат қилиш имконияти яратилган. Ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс даъво ариза, ариза ва шикоятларини “EXSUD.uz” сайти орқали электрон кўринишда юбориши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан интерактив хизматлар йўлга қўйилиб, мурожаатчиларга қулайликлар яратилган. Хусусан, “my.sud.uz” сайти орқали “судга электрон мурожаат юбориш”, “судга мурожаат намуналари”, “давлат божи калькулятори”, “электрон тўлов тизими”, “суд қарорларини онлайн олиш” ва бошқа интерактив хизматлари йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, давлат ва хўжалик бошқарув органлари билан интерактив хизматларни кенгайтириш, мурожаатларни онлайн кузатиб бориш имкониятини  яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш йўлга қўйилди.

Умиджон Мирзаев,

фуқаролик ишлари бўйича

Оҳангарон туманлараро суди судьяси.

МАВЗУГА ОИД

МУҲАНДИСЛИК МАКТАБИ-ИСТИҚБОЛНИНГ ЯНГИ УФҚЛАРИ

admin

ШАҲАР КЕНГАШИДА НИМА ГАП?

admin

ШАҲАР ПРОКУРАТУРАСИНИНГ 2022 ЙИЛДАГИ ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

admin

“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ”: 104 ТА ТАШАББУСДАН 12 ТАСИ ҒОЛИБ ДЕБ ТОПИЛДИ

admin