Image default
Суҳбат

ЁШ АССИСТЕНТНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРАЁТГАН МАҲСУЛОТИ ШАҲРИМИЗ УЧУН ҚАНЧАЛИК ФОЙДАЛИ?

Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали Энергетика ва машинасозлик факультети Машинасозлик технологияси кафедраси ассистенти Улуғбек Умуровнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари ва изланиш йўлидаги меҳнатлари эътироф этишга арзирлик.

Асли Қашқадарёнинг Касби туманидаги оддий деҳқон оиласининг фарзанди бўлган Улуғбек ўқиш мақсадида Тошкентга келиб Ислом Каримов номидаги ТДТУда ўқийди. Изланувчан ва билимга чанқоқлиги боис университетдаги устозлари кўмаги билан шу ерни ўзида ҳам ўқиб, ҳам ишлашда давом этди. Сўнг шаҳримиздаги ТДТУ Олмалиқ филиалида ўз фаолиятини давом эттираётган Улуғбек Умуров ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ўз бизнес лойиҳаларини амалда тадбиқ қилишни мақсад қилди. Ўз навбатида лойиҳаларни амалга ошириш учун эса молиявий кўмак даркор эди.

Улуғбек Умуров бунинг ҳам йўлини топди. ТДТУ Олмалиқ филиали раҳбарияти ҳамда ҳамкасблари кўмаги билан Инновацион ривожланиш вазирлиги Ёшлар академияси томонидан 2021 йилда ташкил этилган «Бўлажак олим» танловининг биринчи босқичида қатнашиб, ўзининг “Маҳаллий хом-ашёлар асосида агрессив муҳитда ишлатиладиган керамик кислотага бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусидаги Стартап лойиҳаси билан иштирок этиб, 592 миллион сўмлик грант ютиб олди.
Бугунги кунда мазкур лойиҳа асосида “Дўстлик” маҳалласида жойлашган бўш жой ишлаб чиқариш учун ижарага олиниб, керакли ускуналар ўрнатилмоқда. Ҳозирда корхонада бирламчи ишлар йўлга қўйилган бўлиб, 3 нафар ишчи-ходимлар билан биргаликда маҳаллий хом-ашёлардан агрессив муҳитда ишлатиладиган керамик кислотага бардошли илк маҳсулотлар ишлаб чиқариш ишлари бошланган.
Улуғбек янги кичик корхонада республикадаги керамик кислотага бардош материалларга талаб юқори бўлган ОКМК АЖ ва бошқа йирик корхоналарнинг эҳтиёжини тўлиқ таъминлайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда импорт қилинадиган кислотага бардошли материаллар саноат усулида ишлаб чиқарилиб, арзон нархларда етказиб беришни режалаштирган.


Ушбу лойиҳани тайёрлаш давомида ассистент томонидан ОКМК АЖ Рух заводининг кислотага бардошли ғиштга эҳтиёжи ўрганилди. Сабаби ушбу корхона ҳар йили печларни таъмирлаш учун четдан маҳсулот олиб келинарди.Эндиликда ушбу маҳсулотлар шаҳримизда ишлаб чиқарилиши корхона учун ҳам, Улуғбек учун ҳам иқтисодий ва молиявий томонлама самарадорлиги билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, импорт қилинаётган маҳсулотларга нисбатан анча арзон, ишлатиш соҳалари кенг, доимо ички ва ташқи бозорда талаб юқори ҳисобланади.
Кичик корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар барча синовдан ўтказилган. Улуғбек ишлаб чиқаришни юқори даражада йўлга қўйгандан сўнг ОКМК корхонасининг ушбу маҳсулотга эҳтиёжи бор бўлган корхоналари билан шартнома имзоланиши режалаштирилган.
Янги ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни тайёрлаш учун Ангрен шаҳридан иккиламчи каолин олиб келинади. Иккаламчи бўлгани боис ҳам ушбу маҳсулот унчалик қиммат бўлмайди ва бу молиявий тежамкорликка бир омилдир. Маҳсулотдаги кимёвий элементи Al 203(алюминий оксиди), Fe 203 (темир оксиди) ва Si 203 (кремний оксиди)дан иборат.


Улуғбек Уруновнинг айтишича, олийгоҳ ва Стартап лойиҳа доирасидаги ишлаб чиқаришдаги иш бир-бири билан узвий боғлиқ. Яъни, мана шу олий таълим маскани сабаб ҳозирги ишини йўлга қўя олгани ва бунда устозлар ҳамда ҳамкасблар ёрдами билан шундай натижаларга эришганини алоҳида таъкидлади. Унинг мақсади арзон ва талаб кучли бўлган, тадбиркорга ҳам фойдали бўлган маҳсулотни ишлаб чиқаришдир. ОКМК йилдан-йилга ривожланиб бораяпти. Бу эса маҳсулотга талаб ҳам ортиб бораяпти, дегани.
Суҳбат чоғида ассистент Улуғбек Умуров бошқа лойиҳалар устида ҳам ишлаётганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, ҳозирги лойиҳа доирасида олинган маблағлар орқали ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб олиб, қайта молиялаштириш қўллаб-қувватланиши мумкинлигини айтди.
Кейинчалик албатта ишлаб чиқариш соҳасини кенгайтириб, янги иш ўринларини яратиш нияти борлигини таъкидлади.
Улуғбек Уруновга айнан шаҳримиздаги илк фаолияти ва корхоналаримиз учун фойдали маҳсулотлар яратиш, шунингдек, тежамкорликни йўлга қўйиш ҳамда янги иш ўринлари яратишдаги муваффақиятли ишларида омад тилаб қоламиз.

Дилдора
Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

ГАЗЕТА ЎҚИШ НИМА УЧУН КЕРАК?

admin

ТАДБИРКОР АКАНИНГ НОМДОР УКАЛАРИ

admin

ХИТОЙДАГИ ТАЪЛИМ: ЮТУҚЛИ ВА ЮТУҚСИЗТОМОНЛАРИ НИМАДА?

admin

МОҲИР ҚЎЛЛАР ЭГАСИ …

admin