Image default
Ҳикоя

«ҚИЗИМГА КУНДОШИМНИНГ ИСМИНИ ҚЎЙДИМ…»

— Турмуш доим ҳам бир текис кечмайди. Унинг паст-баланди, чиғириқлари бор. Инсон ҳамма нарсага мажбур бўлиши мумкин. Ҳеч нарсадан хабарсиз ҳукм чиқаришга шошилма. Эшитганларингнинг ҳаммаси бўҳтон! Ҳаётимда ҳеч қандай аёл бўлмаган. Ўзимни ўлдига чиқариш менга ҳам осон бўлмади. Ҳаммасини оилам учун қилдим…
Сен кўп воқеалардан бехабарсан… Катта қарзим бор эди. Чет элга ҳам шу қарзларимни тўлаш учун кетдим. Иложим қолмагач, шу йўлни тутишга мажбур бўлдим. Мени ёнингдан қувиб солишга ҳақинг йўқ. Ахир мен сенинг турмуш ўртоғингман?! Нега қизимни кўрсатмаяпсан? Бунга ҳақинг йўқ! У менинг ҳам фарзандим. Истасам, уни сендан олиб қўйишим мумкин. Бироқ мен бу ишни қилмаяпман…
Сенга имконият беряпман, яхшиликча боламни кўрсат ва уйга қайт. Биламан, менда ҳалиям кўнглинг бор. Йўқса, шу пайтгача турмушга чиққан бўлардинг. Мақсадинг мени ялинтиришми? Шу билан кўнглинг жойига тушадими?..
Баҳодир хонимдан мактуб:
— Ҳаёт шунчалар мураккаб тузилганки, ўзингники тажриба, бировнинг ҳаёти мактаб экан. Бир маромда кечса, нурга ва шодликка йўғрилган бўлса, уни бахт деймиз, тошдек қаттиқ бўлса тақдир, қисмат, деймиз. Афсуски, мен ҳам шундай қурбонларнинг бириман… Ота-онам мени сизга узатишаётганида ўз фарзандига бахтни раво кўришган, албатта. Бироқ фалакнинг чархи тескари айланиб, кўзимни бир очиб юмгунимча ёруғ дунёмни қора булутлар қоплади…
Ақлли гапларингизни эшитишга тоқатим йўқ!.. Сизда заррача виждон бўлганида қайтиб келишга ботинмаган, қилмишларингиздан уялган бўлардингиз. Наҳотки разилликларингиз бир пасда ёдингиздан кўтарилди?.. Ота-онам сизга не-не умидларда узатганди мени. «Узоқроқ қариндошимиз, ўқимишли йигит, тагли-тугли оила», деди. Отамнинг раъйини қайтаролмадим. Тўйнинг эртасигаёқ кўз олдимда асл қиёфангизни намоён эта бошладингиз. Кунда-кунора “айбларим” учун кўзим кўкарадиган бўлди. Уйга қайтиб борсам, онам ортимга қайтарди. «Менинг турмушидан ажраладиган қизим йўқ», деди. Калтаклару тепкиларга чидаб яшашга мажбур бўлдим. Ҳатто ҳомиладорлигимни эшитиб қувонмадингиз. Юрагим музлаб бораверди. Ғамхўрлик қилиш ўрнига севган аёлингизни мақтаб, нуқул мени камситдингиз. Мен-ку майли, жигарбандингизни ўйламадингиз. Қорнимга қаттиқ тепиб, норасидамни нобуд қилдингиз. Наҳотки ўша дамларда заррача виждонингиз қийналмади?.. Ахир у ўз фарзандингиз эди-ку?!
Ҳозир қандай чидадим, нега чидадим, деб ўйлайман. Эсласам, ҳозир ҳам аъзои баданим зирқираб оғрийди. Икки йилдан сўнг яна ҳомиладор бўлдим. Ичиб келиб калтаклашда давом этдингиз. Онангиз ҳам мени уришингиздан роҳатланарди. Ҳомиладорлигимни зор-зор йиғлаб, Худодан боламни асрашини сўраб ўтказдим.
Боламнинг дунёга келишини ҳам кутмасдан, собиқ севгилингизнинг ортидан хорижга жўнадингиз. Сизнинг шарофатингиз билан қизимиз жуда нимжон, касалманд туғилди. Онангиз эса сиз тайинлаб кетганингиз учун ўша аёлнинг исмини дилбандимга қўйди. Ўша жазманингизга уйланганингизни, бирга яшаётганингизни ишончли одамлардан эшитдим. Бир тасаввур қилиб кўринг — ўз қизимни кундошимнинг исми билан чақираман. Кўрган куним шифохонада ўтди. Ота-онам бўлмаганида қизалоғимни даволатишга қурбим етармиди?
Кетганингиздан сўнг уйингизда тўрт йил онангизнинг чўрисидай яшадим. Боламга бир чақа тугул, меҳрини қизғанди. Бирор марта бўлсин, бағрига босиб эркаламади. Тўрт йилдан сўнг сизни вафот этди, деб маъракаларингизни ўтказди. Бизни эса уйдан чиқариб юборди. Ўша дамларда фарзандимнинг отасини умримнинг охиригача ҳам кутишга тайёр эдим. Ҳозир қизингиз ўн икки ёшда. Бир бор болам бор, деб йўқладингизми?..
Олдимдаги гуноҳларингизни ювишга бир умрингиз етмаслигини биласизми? Одамларга қайтиб ишонмайдиган бўлдим. Мен учун ҳатто нафратланишга ҳам арзимайдиган одамга айлангансиз. Қизингиз-чи? У умрида биринчи бор кўриб турган, бирдан «тирилиб» келган отасини қандай қилиб қабул қилиши мумкин?!
Энди дўқ-пўписаларингиз ўтмайди. Қизимни олиб қўйиш билан ҳам қўрқитолмайсиз. Ўзингизни ўлди, деб эълон қилган кунингиз сизни юрагимизга чуқур қилиб кўмганмиз. Энди қалбимизда қайтиб тирилмайсиз. Шундай экан, зўрға изига тушган ҳаётимизни қайта лойқалатманг.

ДИЛБАР
(Термиз)

МАВЗУГА ОИД

ЁМҒИР ЁҒМОҚДА

admin

Норасида уволи

admin

АРМОН БЎЛГАН ОРЗУ

admin

ЮК ТАШУВЧИНИНГ ҚАРЗИ

admin