Фирибгарлик жинояти бугунги кунда тез-тез содир этилаётган жиноят турларидан бири бўлиб, асосан ишсизлар ушбу жиноятнинг жабрланувчиси бўлиб қолмоқда.
Тўғрироғи, фуқаролар тўғри йўл билан иш излаб тополмагач, таниш, нотаниш бўлган кимсалар билан ўзаро тил бириктирилиб, пора эвазига ўз ишларини ҳал қилиш йўлларини излашмоқда. Ж.Позилов (исм-шарифлар ўзгартирилган), Н.Розиқова ва Ф.Эшимовлар ҳам нафс йўлида ўзгани ишончидан фойдаланиб, пул ишлаб олишмоқчи бўлишди. Ж.Позиловга таниши М.Рахимова бир неча бор жиянини “Миллий гвардия”га ишга жойлашда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди. Ўз навбатида Ж.Позилов ҳам самарқандлик ҳамюрти Ф.Эшимовга телеграм ижтимоий тармоғи орқали жиянини гвардияга ишга киришида ёрдам беришини, неча пул бўлса, ўша пулни тўлаб беришини айтди.
Ф.Эшимов ишга киритиш 4000 АҚШ доллари эканлиги, жиянини шахсини тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларини жўнатишини маълум қилди. Ж.Позилов пулнинг ярими тайёр бўлганини ва буни телефон орқали Олмалиқ шаҳрига келганда пулни бериб юборишини билдирди.
Лекин Ж.Позилов Ф.Эшимовга пулни беришга улгурмади. Яъни, “Ойдин” ҳудудида Ж.Позилов таниши М.Раҳимовадан келишилган пулнинг ярмини, яъни, 2000 АҚШ долларни олаётган вақтида Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими масъул ходимларитомонидан ашёвий далил билан қўлга олинди.
Суд айбланувчилар Ж.Позилов, Ф.Эшимов ва Н.Розиқовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан айбдор деб топиб, ҳар ойлик иш ҳаққининг 20 фоизини давлат фойдасига ундириб бориш шарти билан 2 йил-у 1 ой озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.
Э.АБДИЛАЗИЗОВ,
ИЖҚК департаменти
шаҳар бўлими бошлиғи.