Image default
Жамият

Олмалиқ шаҳар ҳокими Хамдамов Қобил Муротқуловичнинг “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини Олмалиқ шаҳрида амалга ошириш юзасидан шаҳар аҳолисига МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, қадрли ҳамшаҳарлар!
2021 йилнинг 2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш мақсадида “Долзарб 40 кунлик” ойлиги деб белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида юртимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши белгиланди.


Хусусан, Олмалиқ шаҳри аҳолиси ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшди ва бу хайрли ишлар ҳозирда ҳам давом этмоқда. Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 26 ноябрдаги қарорига асосан 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида шаҳримизда 135 минг 990 туп турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилди. Шундан, 2021 йилнинг куз-қиш мавсумида 51 минг туп кўчат ва қаламчалар экилиши режалаштирилган бўлиб, Сиз азиз ҳамшаҳарларимиз билан биргаликда 60 435 туп дарахт кўчатларини экишга эришдик.


Дарахт кўчатларини экиш жараёнида суғорилган, тошлоқ ҳудудларга экилган кўчатлар учун қўшимча тупроқ ташланган. Имкон даражасидан келиб чиққан ҳолда, суғориш тизими ёки ирригация тармоқлари мавжуд ҳудудлар танланган. Суғориш тизими мавжуд бўлмаган ҳудудларда кўчатларнинг униши учун тегишли чора кўрилмоқда.
Бундан ташқари мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар ҳам экилган.
Шаҳримизда ўтказилган “долзарб 40 кунлик” доирасида шаҳардаги барча корхона ва ташкилотлар, ижтимоий соҳа ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол қатнашдилар. Айниқса, “Олмалиқ кон металлургия комбинати”, “Аммафос-максам” акциядорлик жамиятлари ва шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг ҳиссасини алоҳида қайд этиш ўринлидир.
2022 йил баҳор мавсуми давомида 85 минг туп дарахт экилиши белгиланган бўлиб, амалда камида 88 минг туп дарахт кўчатлари ва қаламчаларини экишни мақсад қилдик.
Бунинг учун жорий йилнинг 15 феврал кунидан бошлаб 20 март кунига қадар кунига камида 2000 та дарахт кўчатларини экишимиз керак.


Бундан ташқари, шаҳримиздаги 36 минг 44 та хонадонларнинг ҳар бири камида 5 тадан, 10 минг 482 та ҳовли уйларда яшовчи хонадонлар ташқарисига эса қўшимча 10 тадан мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишни ташкил этишимиз зарур.
Шаҳримизнинг “Намуна” ва “Металлург” маҳаллалари ҳудудларида 1 гектардан, “Тошкент” маҳалласи ҳудудида 1,2 гектар ер майдонида “Яшил жамоат парклари” барпо этамиз. Шу қаторда шаҳримиздаги 4 та сектор ҳудудида алоҳида-алоҳида “Яшил майдон”лар барпо этишни мақсад қилдик. Жумладан, 1-секторда менинг раҳбарлигимда
А.Темур кўчасидаги “Саноатчилар боғи” ҳудудидаги 1,2 гектар майдонда, 2-сектор раҳбари бошчилигида Темур Малик ва Сўфи Оллоёр маҳаллаларида 1 гектар майдонда, 3-сектор раҳбари бошчилигида “Тошкент” маҳалласидаги “Металлурглар” кўчасида 1 гектар ер майдонида, 4-сектор раҳбари бошчилигида эса Фурқат маҳалласининг “Буюк ипак йўли” кўчасидаги 1 гектар ер майдонига “Яшил боғ”лар барпо этилиши белгиланди.
Бу ишларни амалга оширсак, тез орада санаб ўтилган ҳудудларда бодом, олча, ўрик ва олмазорлар ҳамда япон сафораси, каштан, қайрағоч, вергин арчаси каби манзарали дарахтлардан иборат кўркам боғлар барпо этилади.


Бундан ташқари шаҳарнинг бошқа турли нуқталаридаги 1,7 гектар ер майдонида “Яшил боғ”лар барпо этилиши режалаштирилган.
Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, 2022 йилнинг 1 март кунидан бошлаб дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларининг 2 фоизгача миқдоридаги маблағ ажратамиз.

Эндиликда шаҳар ҳокимлиги томонидан ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ва бошқа кенг жамоатчилик билан биргаликда ҳар баҳор ва куз мавсумида кўчат экиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш бўйича “яшил ҳафталик” тадбирларини ҳам ўтказиб борамиз. Бу тадбирларда алоҳида ташаббус кўрсатган кўнгиллиларни “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишонига тавсия этамиз.
Аҳоли пунктларида қаровсиз қолган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш ҳамда “яшил боғлар”, “яшил жамоат парклари”ни кўкаламзорлаштириш, шу жумладан, уларнинг ҳудудида дарахтларни экиш, сақлаш ва парвариш қилиш ишларига ишсиз шахсларни, биринчи навбатда, “Темир дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни молиялаштирилган жамоатчилик ишига фаол жалб этишга эътибор қаратамиз.


Азиз ҳамшаҳарлар!
Бунёдкорлик, боғдорчилик ва ободликка интилиш бизнинг қонимизда бор. Қадим-қадимдан оммавий дарахт экиш ҳашарлари ўтказилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бу анъана бизларга аждодларимиздан меъросдир. Давлат раҳбаримиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати “Инсонга инсонийлик, табиатга табиийлик – ҳаммаси инсон учун!” деган умумбашарий ғоя учун хизмат қилади, десам адашмаган бўламан.
Мен шу ўринда, яна бир бор сиз ҳамшаҳарларимизга мурожаат қилиб, айтмоқчиманки, бундан 10, 20 йил ўтиб ҳам шаҳримизни яшил ҳолатда кўришимиз, табиатни фарзандларимизга имкон қадар соф ҳолатда етказишимиз учун ҳам бугун дарахт экишимиз керак. Зеро, “Табиат бизларга мерос қолмаган, аксинча, келгуси авлодлардан қарзга олингандир!”

Шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, ҳар бир хонадон камида 5 тадан, ҳовли уйлар ташқарисига эса қўшимча 10 тадан мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишни ташкил этсак, фарзандларимиз, туғилажак набираларимиз олдидаги инсоний бурчимизни бажарган бўлар эдик. Бу йил юртимиз тарихида “Яшил йиллик” бўлиб муҳрланиши ва бу эзгу ишда биз олмалиқликлар ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Бунинг учун шаҳримизнинг 4 та сектор ҳудудида, жумладан, 1-сектордаги “Олтин” маҳалласида, 2-сектордаги Увайсий маҳалласида, 3-сектордаги Ибн Сино маҳалласида ҳамда 4-сектордаги эса “Камалак” маҳалласи ҳудудида арзонлаштирилган дарахт ва гул кўчатлари савдо ярмаркаларини ҳам ташкил этамиз.
Мен меҳнаткаш ва гўзаллик шайдоси бўлган ҳамшаҳарларимизнинг барчасини ушбу умуммиллий ҳаракатда катта ҳавас ва иштиёқ билан иштирок этишга чорлайман ва натижамиз учун ишонаман!

МАВЗУГА ОИД

ОКМКГА «FITCH RATINGS» ХАЛҚАРО РЕЙТИНГ АГЕНТЛИГИ ТОМОНИДАН

admin

МАҲАЛЛАЛАРДАИФТОРЛИКЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

admin

«АХБОРОТ ВА ФИКР ЭРКИНЛИГИ БУ –МИЯГА КЕЛГАН НАРСАНИ ЁЗИШ ДЕГАНИ ЭМАС»

admin

БУ МИЛЛАТНИНГ ОНАСИ БЎЛИШ ОСОН

admin