
Орамизда шундай ёшлар борки, дипломини кўтариб иш сўраб юрган, оналари билан етаклашиб масъуллар эшигининг тагида ўқишга ёки ишга киритиб қўйишларини илтимос қилаётган ёшлардан фарқли ўлароқ, ўзидаги мавжуд имкониятларни ишга солиб, ўз йўлини топа олаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Бу эса бошқаларга ибрат қилишга арзигулик ҳолатдир.
Бизнинг бу сафарги қаҳрамонимиз баъзи имкониятлардан чекланган бўлса-да, ўз иқтидори, имконияти ва ҳаракати билан аниқ мақсадлар сари интилаётган Сардор Мамадалиевдир.
Бир ўқишда оддийдек туюлган суҳбат замирида Яратганга шукроналик, ҳаётда яшаш завқи асли оддийлик эканлигини ҳис қиласиз. Содда саволлар, жўн жавоблар. Лекин мақсади аниқ бўлган Сардорнинг улкан ниятлари.
* Сизни бу ҳаётда нима кўпроқ илҳомлантиради, яъни яшашга, олға интилишга туртки бўладиган омиллар?
— Ҳаётни ғам ташвиш-у хурсандчиликларидан куч олиб, худо берган умрни яшашни давом этавераман, оддий.
* Инсонларнинг ҳар жабҳада бир устози бўлади, сиз кимларни устозим дея эътироф эта оласиз?
— Бир устозимни иккинчисидан устун кўрмайман. Ҳаётда, ўқишда вазиятларнинг ўзи одамни фикрлашга мажбур қилади. Бир марта қилган хатони иккинчи марта қилмасликка ҳаракат қиламан.
* Қанақа китоблар ўқишни яхши кўрасиз ва нима учун?
— Бадиий китоблар ўқишни ёқтираман, чунки одамни кенгроқ фикрлашга ўргатади. Ўз соҳамга оид китобларни эса ҳар доим ўқийман, мутахассислигимга оид билимларимни ошириш учун.
* Нимага кўпроқ қизиқасиз? Билишимизча, сиз шеър ва ҳикоялар ёзар экансиз.
— Шеър ёзардим мактаб пайтларимда, ҳозир эса йўқ. Қизиқишим эса унчалик кўп эмас, футболни севиб кўраман.
* Қайси хорижий давлатда ўқиш ниятингиз бор?
— Насиб қилса, Корея давлатида ўқиш ниятим бор, меҳнат ва ўз ҳаракатларим билан.
* АКТ соҳаси сизга қанчалик таниш? Умуман компьютер технологияларини ўрганиш ўқувчига қанақа имкониятлар беради?
— Технология ва маркетинг — ҳозир замон талаби. Ёшлигимдан компьютерга қизиқиш уйғонган. 12 ёшимда дадам олиб берган ноутбукдан бу соҳага меҳр қўйганман.
* Бугунги эришаётган ютуқларингиздан қониқиш ҳосил қиласизми?
— Доим янги билим ва тажрибага интилиб яшаш керак деб ўйлиман, ҳали ниятлар жуда кўп.
* Ёшликдан нимани мақсад қилган эдингиз-у, бугун уларнинг қайси бири амалга ошди ёки аксинча, ҳаётга бўлган қарашларингизни ўзгартирган факторлар?
— Болаликдан мақсад қилган нарсаларим унчалик ҳам кўп эмасди. Ўз имкон даражамда мақсад қўяр эдим. Мақсад ўсиши учун эса имкониятларимни доимий равишда кўпайтириб бораман. Ниятларимдан бири бўлган олий ўқув даргоҳига ўқишга кирдим, ўзимга ёқадиган касб эгаси бўлдим қисман.
* Дўстларингиз — сиз уларга қандай баҳо бера оласиз?
— Худога шукур қиламан, мени ёмон одамларга кам йўлиқтирган. Икки дўстим ўзимга ишонгандай ишонадиганларим бор, шуларни эътироф қила оламан. Улар Ўразали Эрматов ва Муроджон Марасуловдир.
* Университет таълимига агар ўзгартириш киритиш керак бўлганда, сиз қандай таклифлар берган бўлар эдингиз?
— Амалиётларни кўпайтириш керак деган таклифни берар эдим.
Суҳбатни якунлар эканмиз, баъзи ёшлар билан Сардорни таққосладик ва амин бўлдикки, бу ҳаёт синовлари билан уни ким қандай енгиб ўтиши ўзининг иродасига боғлиқ.
Қийинчиликлардан куч ола билиш ҳамда тинмай билим учун интилиш фақат ва фақат омад эшикларини очади.
Суҳбатдош: Дилдора Абдураҳмонова.