Image default
Таҳлил

Шунчаки таҳлил эмас,
бундан хулоса олиш керак, акс ҳолда…

Шаҳар прокуратурасининг шаҳарда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2021 йил мобайнидаги фаолияти қонунлар, Республика Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, бош прокурорнинг буйруқ ва кўрсатмалари, ҳайъат қарорлари ҳамда иш режалари асосида ташкил этилиб, муайян ишлар амалга оширилди.

Текширув ва жавобгарлик

Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда ижро ҳокимияти органларида қонунчилик ижроси устидан назорат соҳасида жорий йилнинг 12 ойида 90 та текшириш ўтказилиб, натижасига кўра қонун талабига зид бўлган 38 та ҳужжатларни шаҳар прокурорининг протестига асосан бекор қилиниши таъминланди. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 56 та тақдимнома киритилиб, прокурорнинг тақдимномаси ва қарорини кўриб чиқиш натижаси бўйича 22 нафар масъул шахсларнинг интизомий ва 16 нафарининг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди, 5 нафар шахснинг манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига 6,8 млн. сўмни ундириш юзасидан даъво аризалари киритилди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги “соққабозлик”лар

2021 йил давомида шаҳарда 38 (18) нафар гўдаклар ўлими қайд этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 тага кўпайган. Гўдаклар ўлимининг 9 таси эрта туғруқ, 12 таси ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги, 17 таси пневмония касаллиги сабабли келиб чиққанлиги аниқланиб, таҳлил қилингандаги натижа асосида 7 нафар масъул шахсларни интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасида ўтказилган назорат тадбири жараёнида, тиббиёт ходимлари ўз вазифаларини лозим даражада бажармаётганликлари, ўз ишларига эътиборсиз муносабатда бўлишлари ҳамда ўзларининг зиммаларидаги масъулиятларини сидқидилдан бажармасликлари оқибатида бир қатор қонунлар талабларига тўлиқ риоя қилинмаётганлиги аниқланди.
Хусусан, шаҳар Тиббиёт бирлашмаси томонидан, 295 млн. 983 минг сўм бюджет маблағи ҳисобига 5 хил турдаги тиббий буюмни сотиб олиш бўйича комиссия йиғилиши ўтказилиб, ғолиб деб топилган корхона билан шартнома имзоланган. Шартномага асосан 2020 йил 26 декабрда шаҳар Тиббиёт бирлашмасига қарашли Юқумли касалликлар шифохонасига COVID-19 вирусига чалинган беморлар учун юмшоқ жиҳозлар ва антисептик воситалар сотиб олиш учун олдиндан 15 фоиз тўлов, яъни 44 млн. 397 минг сўм “Аvtoyo’l invest” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Шартноманинг амал қилиш муддати 2020 йилнинг 31 декабрь куни тугаган бўлсада, шаҳар Тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари томонидан мансаб мавқеини суистеъмол қилиниб, 2021 йил 7 январь куни тўлов топшириқномасига сохта маълумотлар киритиш йўли билан “Аvtoyo’l invest” МЧЖнинг ҳисоб рақамига амалда олиб келинмаган тиббиёт буюмлари учун 151 млн. 585 минг сўм маблағ ўтказиб берилиши оқибатида кўп миқдордаги пул маблағларни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинган.

Таъмирдаги талон-тарожлик

Тошкент вилояти ҳокимлигининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ва “Фарҳод саноат файз” МЧЖ мансабдор шахслари олдиндан жиноий тил бириктириб, Олмалиқ шаҳар, Мирзо Улуғбек кўчасидаги 13-уйни 128.000.000 сўм ҳисобига таъмирлаш учун 2019 йил 9 августда 129-сонли, 15-уйни 16.000.000 сўм ҳисобига таъмирлаш бўйича 128-сонли ва 17-уйни 84.000.000 сўм ҳисобига таъмирлаш бўйича 2019 йил 28 май куни 80-сонли пудрат шартномаларини имзолаб, амалда “Фарҳод саноат файз” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан тўловга қаратиш учун бажарилган ишлар далолатномасига таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилганлиги ҳақидаги сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилган. Бу билан мансабдор шахслар ўзларига ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан жами 31.800.000 сўмлик бюджетга зарар келтирган. Мазкур ҳолат юзасидан, шаҳар прокуратураси томонидан вилоят ҳокимлигининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ва “Фарход саноат файз” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Шаҳар прокуратураси томонидан фуқаролар Ф.Джалилов, М.Акоева ва Б.Садиковлар томонидан бўш турган ер участкалари аукцион орқали ютиб олинган бўлсада, қарорда белгиланган мажбуриятлар муддатида бажарилмаганлиги, яъни, инвестиция киритилмаганлиги сабабли фойдаланилмаётган ер участкасини қайтариш чораларини кўриш бўйича шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилди.

МТМлардаги муаммо ва тарбиядаги тартибсизликлар

Шаҳар ҳудудидаги мактабгача таълим муассасаларидаги аҳвол ҳам қониқарли эмас. Хусусан, айрим мактабгача таълим муассасаларининг омборхонаси, тиббиёт хонаси ва бошқа хоналари санитария меъёрлари талабларига жавоб бермайди. Бракераж комиссиялари фаолияти талаб даражасида эмас, таомномалар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида тўғри тузилмаган.
Айрим муассасаларда соябонли айвончаларнинг пол қисми ёғоч ёки болалар саломатлиги учун хавфсиз бўлган сунъий материал билан қопланмасдан, бетон қопламаси билан қопланган. Айвончалар том қисмидаги шиферлари синган, яроқсиз ҳолатда, чўмилиш бассейнлари таъмирталаб, ойналари орқали қуёш нури тўғридан-тўғри тушмайди.
Энг ачинарлиси, айрим муассасаларда ишчи ходимлар ўртасида соғлом муҳит йўлга қўйилмаганлиги сабабли, болаларни тарбиялаш ва таълим бериш ўрнига ходимлар ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларга мурожаат қилиш каби салбий иллат авж олган.
Назорат тадбири натижасига кўра, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан киритилган прокурор тақдимномаси асосида 15 нафар масъул шахснинг маъмурий ва 10 нафарининг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Жиноятлар таҳлили

Бугунги кунда биз эътиборимизни қаратишимиз лозим бўлган яна бир муҳим масала бу вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик кескин ошганлигидир.

2021 йил давомида 21 нафар вояга етмаганлар томонидан 20 та жиноят содир этилиб, ўтган йилга нисбатан бу кўрсатгич 6 тага ошган. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг асосий қисмини, яъни, 8 таси ўғрилик, 6 таси безорилик, 3 таси енгил тан жароҳати етказиш, 1 тадан фирибгарлик, автотранспорт воситасини олиб қочиш, гиёҳвандлик ва бошқа жиноятлар ташкил қилади.
Энг ачинарлиси, жиноят содир этган вояга етмаганларнинг асосий қисмини, яъни 13 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Содир этилган барча жиноятлар бўйича жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
2021 йил давомида шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Лекин амалга оширилган ишлар ўзининг етарли самарасини бермади.
Шаҳар Ички ишлар бўлими томонидан 2021 йил якуни бўйича тақдим қилинган ҳисоботларда, шаҳар ҳудудида содир этилган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 41,1 фоизга (184 тага) ёки 448 тадан 632 тага ошган.
Шаҳар ҳудудида қайд қилинган умумий жиноятчилик аҳоли сонига нисбатан таҳлил қилинганида жами қайд этилган 632 та жиноятларнинг 142 таси оғир ва ўта оғир жиноятларни ташкил қилади. Жиноят содир этганларнинг 130 нафари ҳеч қаерда ишламайди.
Шаҳар ИИБ ҲООБ, шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари келгусидаги ишларни мазкур хато ва камчиликларни бартараф этишга қаратишлари лозим бўлади. 2021 йил давомида 38 нафар хотин-қиз томонидан жиноят содир этилиб, 2020 йилга нисбатан 10 тага камайган, ушбу ҳолат ҳам ташвишли ҳол. Айниқса фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ жиноятлар 3 тага (7-10) ошган.
2021 йилда шаҳар судининг ноқонуний ҳукмига 4 та апелляция протести келтирилган бўлиб, улар тўлиқ қаноатлантирилган.
Шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йилнинг ўтган даври давомида жами 39 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, 57 нафар шахс Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилиб, ишлар мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича судга юборилган.
Жиноят ишларининг 6 таси қасддан одам ўлдириш, 15 таси ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, 3 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўйин товлаш, 9 таси порахўрлик ва 6 таси турли бошқа жиноятлардир. Мазкур жиноятларни ташкилотлар кесимида таҳлил қилганимизда, 2021 йил давомида тиббиёт бирлашмаси, СЭОМ, масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа раҳбарий ташкилот мансабдор шахслари томонидан содир этилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йилнинг 12 ойи давомида тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят ишлари бўйича, содир этилган жиноятлар оқибатида давлат бюджетига етказилган жами 2 млрд. 524 млн. сўм зарар суммалари ундирилган.

М.Маматов,
шаҳар прокурори
адлия кичик маслаҳатчиси.

МАВЗУГА ОИД

Матбуот келажакка ишончли манбаа

admin

Tahlilimdagi tavsiyalar

admin

“ТАРМОҚЛАР”ДА ТАРАЛАР ХАБАР

admin

САҲИФАЛАР БИР БЕТГА ЖАМЛАНГАНДА

admin