- Шаҳримиз ҳудудида жорий йил январь ойининг 25 куни давомида жами 23 та жиноят қайд қилинган. Шундан, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар – 5 та, 2 таси қасддан одам ўлдириш, 1 таси фирибгарлик ва 2 таси ўғирлик жинояти ҳисобланади.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 5 та, шундан ўлим билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисалари 4 та ва алиментдан бўйин товлаш ҳолати 1 та. Унча оғир бўлмаган жиноятлар 13 та, шундан гиёҳвандлик сақлаш билан боғлиқ 4 та, талончилик 1 та, фирибгарлик 1 та, ўғирлик 2 та, бошқа турдаги жиноятлар эса 5 тани ташкил қилган.
Шаҳарда содир этилган ҳар иккала қасддан одам ўлдириш жиноятлари илгари судланган шахслар томонидан ичкиликбозлик оқибатида содир этилган.
Мастликдаги
қотиллик
Жорий йил 5 январь куни 1984 йилда туғилган фуқаро Ғ.Қ. укаси 1990 йилда туғилган Э.Қ. билан таниши А.Х.нинг хонадонига келишиб, уйида спиртли ичимликни бирга ичишди.
Маст ҳолда бўлган Ғ.Қ. таниши А.Х. билан ўзаро жанжаллашиб, хонадон эгасининг олди кўкрак қисмига стол устида турган ошхона пичоғини бир маротаба санчиб олди. Натижада А.Х. воқеа жойида вафот этди.
Қариндошга нисбатан ваҳшийлик
Бирдамлик МФЙдаги қариндошиникига меҳмонга келган 1992 йилда туғилган Ш.Р.ни хонадон эгаси 1986 йилда туғилган Ж.А. спиртли ичимлик билан меҳмон қилди. Кейин эса кайфлари ошган йигитлар ўзаро жанжаллашишди. Ш.Р. ошхона пичоғи билан қуролланиб, ўта шавқатсизлик билан уй эгаси Ж.А. танасининг олд ва орқа қисмига бир неча маротаба пичоқ санчиб унга тан жароҳати етказиши натижасида қариндоши воқеа жойида вафот этди.
Олмалиқ туманлараро суд тиббий экспертизасининг 2022 йил 13 январдаги дастлабки маълумотномасига кўра, Ж.А.нинг ўлимига кўкрак қафаси олди ва орқаси, бўйин соҳаси орқаси, юз қисми, бел соҳаси, иккала қўл ва оёқлари кўплаб санчилиб-кесилган жароҳатлар кўкрак қафасига кириб борувчи аъзолари жароҳатланиши билан, ўткир ички ва ташқи қон кетиши, посгеморрогик шок сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Фирибгар аёл
Фуқаро Д.А. таниши Х.Х.га онасининг номидаги 3 хонали уйни унинг номига ўтказиб беришини айтади. Яъни бу уй гўёки суд балансида эканлигини билдириб, 8 минг АҚШ доллари эвазига суддаги танишлари орқали уйни Х.Х.нинг номига ўтказиб қарор чиқартириб беришини айтгач, дастлаб 5 300 АҚШ доллари олди. Қолган 2700 АҚШ долларини жорий йил 12 январь куни “Корзинка” супермаркетининг автомобиллар тураргоҳида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди
“Камалак” МФЙ ҳудудида 08 январь куни М.П. ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида таниши 1998 йилда туғилган А.Г.нинг уяли алоқа воситасини олиб, ипотека банк иловасига кириб, пластик картасини кодини яширин равишда аниқлайди. Шундан сўнг пластик картада бўлган 4.950.000 (тўрт миллион тўққиз юз эллик минг) сўм пулини ўз картасига ўтказиб олди.
Ҳозирги кунда юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шаҳар ИИБ.