Image default
Биласизми?

ҚАЙСИ ҲОЛЛАРДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ДАЪВО
АРИЗАСИ КЎРИБ ЧИҚИЛМАЙДИ?

Даъво аризаси даъвогарнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан ўз қўли билан имзоланган бўлиши лозим. Имзо механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали амалга оширилганда даъво аризаси ИПК 107-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қолдирилади.
Даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб жавобгар ҳисобидан 1 232 640 000 сўм асосий қарз, 611 389 440 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 18 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 1 232 640 000 сўм асосий қарз, 100 000 000 сўм пеня, олдиндан тўланган 18 440 294,40 сўм давлат божи ва 17 840 сўм почта харажати ундирилган.
Жавобгарнинг апелляция шикоятига асосан ҳал қилув қарорини апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқиш жараёнида биринчи инстанция суди томонидан даъво аризасидаги имзо қандай тартибда амалга оширилганлиги ҳолатига, имзонинг ИПК 149-моддаси талабларига мувофиқлигига аниқлик киритмасдан, ишни мазмунан кўриб чиқиб, процессуал хатоликка йўл қўйилганлиги аниқланган.
Хусусан, судга тақдим этилган 2021 йил 14 мартдаги даъво аризаси даъвогар раҳбари Д.Латипов томонидан эмас, балки факсимил орқали имзоланган. Бу ҳолат даъвогар вакили Б.Ҳамроевнинг суд мажлисида берган тушунтиришлари ва ёзма аризаси ҳамда ишдаги мавжуд бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланган.
ИПК 149-моддасининг биринчи қисмига кўра даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорининг 24-бандига мувофиқ ИПК 149-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра даъво аризаси даъвогарнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан ўз қўли билан имзоланган бўлиши лозим. Бунда имзонинг механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали амалга оширилишига, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди.
ИПК 107-моддасининг 3-бандига кўра даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

И.Юсупов,
Тошкент вилоят судининг иқтисодий
ишлар бўйича судьяси.

МАВЗУГА ОИД

МЕРОС ФАРЗАНДЛАР ЎРТАСИДАГИ НИЗОГА САБАБ БЎЛМАСИН

admin

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

admin

БОЛАЛАР СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАЙДОНЧАЛАРИ: ҚАЕРДА, ҚАЧОН, ҚАНДАЙ?

admin

БИР МАРТАЛИК МОДДИЙ ЁРДАМ ПУЛЛАРИ КИМЛАРГА БЕРИЛДИ?

admin