Маълумки, республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича “ҳоким ёрдамчиси” лавозими ташкил этилди.
Ушбу лавозимга тавсия этилган ҳоким ёрдамчилари асосан маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги ишларни амалга оширадилар.

Шаҳримизда бугунги кунда 51 та МФЙ мавжуд бўлиб, барчасида ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятларини бошлашган. Иш бошлаганларига эндигина бир ярим ой бўлган бўлса-да,фаол тарзда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг борлиги эътироф этишга арзийдиган ҳолатдир. Хусусан, 12 та кўчани қамраб олган “Коинот” маҳалласининг ҳоким ёрдамчиси Саҳоб Чанчаров фаолиятидаги бир қатор кўзга кўринарли ишларни айтиб ўтиш жоиз.
Маҳаллада 2064 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан 1934 нафари эркаклар, 2242 нафари аёллар ва 555 нафари ёшларни ташкил этади. Ишсиз сифатида қайд этилган 48 нафар фуқаронинг 28 нафари аёллар ва 20 нафари эркаклардир.
Суҳбатдошимиз қони қайноқ, ишга ўта масъулиятли ва мақсадлари мукаммал бўлган ёшлар сафидан эканлиги, аниқ режалари ва мақсадлари билан ишга киришганини билдириб турувчи самимий гаплар билан савол бермасимиздан мақсадимизни тушуниб, жавобларни бирин-кетин бера бошлади.
— Ишни хатловдан бошладим. Чунки мен ўз ҳудудимдаги ҳар бир фуқарони ўрганмасдан, уларни эшитмасдан туриб, ишимни юрита олмасдим. Бугунги кунда деярли ҳудудни ўрганиб чиқдим. Бу ерда битта жиҳат эътиборимни тортди. Яъни, маҳалладаги кўп хонадонлар ижара асосида истиқомат қилишгани боис, уй эгаларини суриштириш, яшовчилар ҳақида маълумот тўплаш бироз қийинчилик туғдирди.
* Иш жараёни давомида туғилган фикрлар, юзага келган муаммолар
— Ишни бошлашдан аввал қанақа бўлар экан, янги тизим, ишлай олармиканман деган фикр ўтди. Биласизми, маҳалла шунақа жой эканки, мен аслида 12 соат улгура олмаган ишимнинг 24 соатда ҳам тугамайдиган қийинчиликлари бор. Бизда эса ҳаммасига тезликда улгуришга вақт муаммо бўлаяпти. Яъни аҳоли билан ишлаш айтганда осон туюлар, лекин уни ичига кириб борган сари мураккаблашиб бораверади. Яъни ҳар бир фуқарони эшитиш, ҳар бир муаммони бартараф этиш вақт тушунчаси билан боғлиқ.
* Қайси ёшдаги фуқаролар имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига эга?
— Ёш белгиланмаган, умуман нафақа ёшида бўлмаган, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган барча аҳоли қатлами банк орқали имтиёзли кредитга эга бўлишларида бизнинг тавсияномаларимиз, албатта керак. 14 фоизли, 6 ойга имтиёзли (тўланмайди) давр билан бериладиган кредит асосан тадбиркорлик истагида бўлган ва аниқ мақсадли лойиҳаси бўлган фуқаролар учун берилади.
* Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшлар ҳоким ёрдамчиси тавсияномасисиз кредит олишолмайдими?
— Бугунги кунда тадбиркорлик учун кредит ажратиш масаласида «Онлайн маҳалла» — электрон платформаси орқали 13та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 4 таси мақсадсиз, 9 таси ўрганиб чиқилди. Банк ҳам уларнинг лойиҳаларини кўриб чиқаяпти. Бугунги кунда 2 нафар тадбиркорга кредит ажратиш белгиланди.
Яна шу нарсани айтиб ўтиш керакки, МФЙда бизнес тренинглар ўтказилиб, платформадан фойдаланиш тартиблари ҳам тушунтирилиб берилмоқда.
* Амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган лойиҳалар
— Аввало тадбиркорлик истагида бўлган аҳоли қатлами рўйхатини ўзимда шакллантирдим. Шундан сўнг бўш турган объектларни ўрганиб чиқдик. Бир уйнинг ертўласи бўш ҳолдалигини кўриб, шу жойда спорт зали ташкил этиш таклифи билан чиқдим ва тадбиркор билан маслаҳатлашиб, қаровсиз ётган хоналарни аёллар ва эркаклар шуғулланса бўладиган турли спорт залларига айлантираяпмиз. Бу жойда 15 нафар фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Спорт зали ташкил этилаётган бино ёнида анчадан буён фойдаланилмаётган овқатланадиган жойни қайта ишга тушириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари тикувчилик маркази ташкил этилди. Бўш турган бир бинодан маҳаллада тикувчилик қилиш истагида бўлган тикувчи аёл жалб этилди. Ўзида иккита тикув машинаси бор экан. Биз томонимиздан яна 5 та тикув машинаси олиб берилса, 5 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Янги новвойхона ҳам тайёр деярли, бу ерда ҳам камида 4 нафар фуқаро бандлиги таъминланади.
Ҳеч ким фойдаланмаётган, қаровсиз қолиб кетган спорт майдончасида эса ёпиқ бозор ташкил этиш режалаштирилган. «Телеграф» ҳудудида ноқонуний фаолият олиб бораётган бозорчани ўша ёпиқ майдонда қонуний йўлга қўйиш белгиланган.
Ҳозирда 56 нафар ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлайдиган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Кредит ажратилиб, лойиҳалар амалга оширилса, яна бир неча фуқаролар бандлигини таъминлашга муваффақ бўламиз.
Лекин бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш керак, ҳамма имтиёзли кредитга эга бўлишни хоҳлайди, биз эса асосан шароити оғир ва ўзини ўзи банд қилиши учун ишламайдиган аҳолига беришни мақсад қилганмиз.
* Субсидия олишда ҳам ёрдам бера оласизларми?
— Зарина исмли фуқаро боқувчисини йўқотган. Фарзанди ёш бўлгани боис ҳеч жойда ишлай олмайди. Уйда ўтириб ишлашни истади, моникюрчилик қилиш учун барча жиҳозларни субсидия орқали олиб берадиган бўлдик. Айрим жиҳозлар етказиб берилди. Аёл ҳам ўзини ўзи банд қилган ҳолда уйда ўтириб пул топмоқда.
* Аҳоли билан ишлашдаги асосий муаммолар
— Энг асосий муаммо фуқароларда чиқинди ташлаш маданияти шаклланмаган. Қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, фуқаролар қаерга ва қай тартибда ахлат ташлаш кераклигини ё билишмайди, ё ўша маданият етишмайди. Урналар бўлсада, ёнига ташлаб кетади. Лотоклар эса ахлат билан тўла. Ҳар куни ободонлаштириш ходимлари тозалаб кетишади, лекин оз вақтда яна тозаланмагандай ҳаммаёқ чиқиндига тўлади.
* Нимага ҳоким ёрдамчилари учун айнан ёшлар кўп саралаб олинган деб ўйлайсиз?
— Ёши каттароқ инсонларга нисбатан ҳозирги ёш авлод телефон ва компьютерни яхши тушунишади. Ва бу ерда энг асосий қулайлик ҳам аҳолига тегишли барча қарорларни lex.uz дан тезликда кўриб, қонуний ёрдам бера олиш малакаси муҳимдир.
Умуман бизни асосий мақсадимиз ўз ҳудудимиз фуқароларининг жамият ва давлатимизда бўлаётган жараёнларга қарашларини ўзгартириш, уларга ҳуқуқий, моддий ва маънавий кўмак беришдир.
Бежизга “Коинот” маҳалласи ва ҳоким ёрдамчиси томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталмадик. Сабаби бу ерда иш кетаётганини жорий йил 18 февраль куни ташкиллаштирилган тадбир орқали ҳам англаб олиш қийин эмас. «Беш муҳим ташаббус» ижроси доирасида 15-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган «Янги Ўзбекистон янгича дунёқараш» шиори остида ўтказилган Ёшлар фестивалига 1500 нафардан ортиқ ёшлар ва тадбир мусобақаларига 360 дан зиёд ёшлар қатнашди, бу эса ўз навбатида ёшларни бирлаштирди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, шаҳримиздаги 15-сонли умумтаълим мактаби “Замонавий мактаб” мувофиқлик сертификатига эга бўлди.
Фестиваль доирасида «Коинот» маҳалласида олиб борилаётган барча ҳаракатлар ўз натижасини кўрсатди.
Суҳбатдошимиз Саҳоб Чанчаровга ҳамда шаҳримизнинг барча ҳоким ёрдамчиларига шаҳримиз юксалишида беқиёс ҳисса қўшишларига умид билдириб қоламиз.
Кўчалар сони | Хонадонлар сони | Якка тартибдаги хонадонлар сони | |
12 та | 1269 та | 115 та | 36,2 га |
Оилалар сони | Аҳоли сони | ||
1541 та | 2 064 нафар |
Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.