Image default
Табриклаймиз

АЁЛНИ ҚАДРЛАНГ, АЁЛНИ АСРАНГ, АСЛО ОЗОР БЕРМАНГ АЁЛ ЗОТИГА

Ҳар сафар байрам арафаси чиройли сўзлар билан аёлларни тараннум этамиз, бир қанчасини эътироф этиб, улуғлаймиз, аслида эса аёлларни йил давомида ёзса, ёритса, мадҳ этса арзийди.
Бу сафар ижодий жамоамиз ҳар хил соҳаларда фаолият юритаётган турли ёш тоифадаги эркаклар учун ўз оналарига, турмуш ўртоқларига ва қизларига айтолмаган гапларини айтишга ҳамда аёллар билан боғлиқ қизиқарли ҳолатларни тарихга муҳрлаш биргаликда ҳаракат қилишди.

Саволлар:

1. Онангиз учун айтолмаган дилингиздаги гаплар?
2. Аёлингизни қайси хислатларини ёқтирасиз?
3. Онангиз билан охирги марта қачон суратга тушгансиз?
4. Қизингизга ёки ёш қизларга самимий тилакларингиз ёхуд насиҳатларингиз
5. Эсингизда қолган аёллар билан боғлиқ қизиқарли ҳолатлар?

Қобил Хамдамов, шаҳар ҳокими:

1. Одатда онажонимга ўтириб дилимдаги гапларни ҳеч ҳам айта олмаганман. Лекин бугунги муваффақиятларимнинг ҳар бирида онамни берган меҳри, тарбияси ва муҳаббати мужассам. Уларни яхши кўраман, дунёдаги энг ардоқли инсоним бу онамдир.
2. Аёлимнинг барча хислатлари мақтовга арзирли. Меҳрибон, камтар, пазанда уй бекаси, яхши она, намунали келин ва меҳрга арзийдиган умр йўлдош.
3.Онам билан сўнгги марта 2022 йил, Янги йил дастурхони атрофида расмга тушганман.
4. Ёш қизларга насиҳатим, ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш, ҳаётда мустақил бўлишга ёшлигидан ўрганиб борсин. Ҳар бир қиз ибо ва ҳаёга бурканиб юрсин, аёллик латофати уларни тарк этмасин.
5. Аёллар билан қизиқарли воқеаларни эслай олмайман, лекин ишимизнинг ҳар жабҳаси аёллар билан боғлиқ.

Ғайрат Шералиев – “Тошкент ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири:

1. Онамга бўлган меҳрим, муҳаббатимни негадир айтолмайман. Бошқаларга дил изҳори қилишда бурро тилларим онамга келганда айланмай қолади. Шоир Абдулла Орипов ёзганидек, «Сенингчун, эй, ғарибим, ич-ичимдан бўзлагайдурмен…»
2. Онамга меҳрибонлигини.
3.Турли маросим ва тадбирларда ўзим бехабар олинган расмлар бўлиши мумкин. Лекин, 2020 йил давлат мукофоти («Шуҳрат» медали) олганимда уни онамга олиб келиб берганим, шу лаҳзада азза-базза расмга тушиб, ижтимоий тармоққа қўйганим ёдимда. Онам билан эмас, медал олганим билан мақтангим келган бўлса керак. Яна билмадим…
4. Илмга интилинг. Маърифатли бўлинг. Шунда ҳаётда қоқилмайсиз. Баркамол авлодни илмли оналар тарбия қилади.
5. Аниқ жавоб олиш қийин бўлган савол. Чунки аёллар билан ҳаётнинг ҳар лаҳзаси қизиқарли. Қай бирини айтиб бериш мумкин?

Хусниддин Ортиқов – шаҳар бош имом хатиби:

1. Онажонимга айта олмаган дилимдаги ширин сўзлар, қила олмаган яхшиликларим жуда кўп. Онам энг яхши суҳбатдош, энг ишонарли сирдош, яхшиликларимизга энг лойиқ зот. Онаси борлар қадрларига етинг, улар ғанимат.
2. Фарзандларимга меҳрибон она, яхши тарбиячи, сабрли, шукурли, ҳеч қачон ҳаётидан нолимайдиган садоқатли ёр.
3. Онам оламдан ўтганига ўн икки йилдан ошди, эслолмайман қачонлигини, агар ҳозир ҳаёт бўлганида расмга тушиш у ёқда турсин ёнида бир дақиқа жилмаган бўлардим, лекин афсус.
4. Қизалоғим ўзи биттагина, мени меҳрибоним қиз бола ота-онага меҳрибон бўлади деганлари рост экан. Ота-она учун фарзандини кетидан раҳмат эшитиш жуда хурсанд қилади, бу катта бахт. Куни кеча қизим таълим оладиган махсус мактабнинг директори телефон қилиб, қизимнинг одоби яхшилигини ва ўқишлари аъло эканлигини айтди, шодлигимнинг чеки йўқ.
5. Онамдан қолган бешта опа-синглим бор. Бугун улар билан дилдан суҳбатлашаман, кулишаман, улар билан энг яхши кунларимни бирга ўтказишга ҳаракат қиламан.

Музаффар Маматов — шаҳар прокурори:

1. Онам бу йил 71 ёшга тўлмоқдалар, узоқ ҳудудларда давлат хизматида бўлганим сабабли ҳар куни бевосита кўришиб дуоларини ололмайман! Лекин, бебаҳо меҳрини доим ҳис қилиб яшайман! Умрлари узоқ бўлсин!!!
2. Аёлимнинг ҳамма ҳислатлари яхши, 12 йилдирки биргамиз, 4 фарзандни тарбиялаб, бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз! Байрам куни ошхонага кирмаслиги чораларини кўраман! (Ҳазил)
3.Онам билан 2021 йил 31 декабрь куни суратга тушган эканман.
4. Ҳар бир опа-синглимизга Зулфияхоним каби мангу вафодорлик, садоқат, Ватанга муҳаббат каби унутилмас ҳислатларни, доимо соғ-саломат бўлишларини тилаб қоламиз! Байрамингиз муборак бўлсин азиз аёллар!!!
5. Аёллар билан эсда қоларли унутилмас қизиқарли ҳолатлар деярли бўлмаган! Ҳар бир аёл, опа-синглимиз бахтли бўлсин, яхши ниятларига етсин!

Баҳром Мамаюсупов – “Янги Ўзбекистон” хусусий клиникаси бош шифокори:

1.Ҳисларимни ошкора қилиб, яхши тилаклар айтишни эплолмайман. Лекин онамни жуда-жуда яхши кўраман. Онажонимга дилдаги гапларим кўп. Мени шу даражага етиб келишимга аввало, давлатим қиблагоҳим отам, меҳрибоним, жаннатим волида-ю муҳтарама Онажоним сабаб. Онажоним сизнинг меҳрингизни поёни йўқ. Менга ака-сингилларимга берган меҳрингиз олдида бош эгаман. Илоҳим, дунё тургунча туринг.

2.Аёлимнинг тез фикрлашини, нима демоқчи бўлганимни олдиндан ҳис қилишини ёқтираман.
3.Онам билан қачон суратга тушганимни эслолмайман.
4.Қизимга тилагим бахт, соғлик тилайман. Ота касбини эгаллаб, энг яхши болалар невропатологи бўлишини тилайман. Жамики аёлларимиз соғ-саломат бўлсин. Соғлик бўлса ҳамма нарса татийди.

Обид Саркаев – СТТБ Касаба уюшмаси раиси ўринбосари:

1. Онамга “Сизни яхши кўраман” деган гапни айта олмайман. Лекин онамни жуда-жуда яхши кўраман. Улар менинг бутун борлиғим. 8 март куни таваллуд топганлар, илоҳим, бахтимизга соғ бўлсинлар доим. Менинг бугунги бахтли кунларим сабабчиси аслида онамдир.
2. Сир сақлай олмайди, тез менга айтиб қўяди. Бу эса менга ёқади.
3. 24 февралда тушган эканман.
4. Қизлар телефон ишлатмасин.
5.Қизиқ воқеалар кўп бўлган. Масалан, бир марта тўйда хизматда эканлигимда аввалги рақамимга бир аёл телефон қилиб «Обид, қаердасан?» деган, кимлигини билмасдан ҳайрон бўлиб «Тўйдаман», деб жавоб бердим. “Нима қилаяпсан тўйда, тез уйга қайт. Даданг сўраяпти” деб қайта-қайта айтган. Эртаси куни маълум бўлишича, у аёлнинг ўғлини рақами ҳам меники билан бир хил, фақат уники 94 коди билан бошланар экан. Тасодифни қарангки, у боланинг исми ҳам Обид экан.

Заҳриддин Маҳмуталиев — “ОКМК ТВ” мухбири:

1. Меҳрибон Онажоним! Дилимда Сизга айта олмаган сўзларим жуда ҳам кўп. Бу сўзлар эса доим ичимни тирнайди. Онажон, мен сизни жуда яхши кўраман. Сизни ҳеч кимга алишмайман. «Сиз мен учун бу дунёда битта-ю битта, ягонасиз. Аввало, мени дунёга келтирганингиз, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказганингиз учун катта раҳмат. Мендан фахрланиб юришингиз учун ҳам ҳаракатдаман. Тўғри, балки сизга ҳар куни сизни яхши кўраман деб айтолмасман, лекин доимо юрагимдасиз.

2.Онам билан охирги марта Янги йил байрамида расмга тушибман.
3.Гўёки Аллоҳ мен хоҳлаган қизни тақдиримга битган. Энг асосийси, мени тушунади, сабрли, қувноқ, ҳушчақчақ, доимо кулиб туради. Яна қўли жуда ҳам ширин, овқатларни жуда маззали тайёрлайди.
4.Ҳозирги баъзи бир қизларга ҳайрон қоламан. Жуда ҳам ҳаволаниб кетишган. Уларга насиҳат қилиб бўлмайди. Фойдаси йўқ. Сўзларимни бекорга ишлатгим келмаяпти. Балки вақти келиб улар ҳам ўзгаришар.

Комилжон Шодиев — санъаткор:

1.Онажонимни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин. Уларга айтолмаган гапларим жуда кўп. Ёшлик қилиб, билиб-билмай хафа килганларим учун узр сўрай олмаганман. Ва биргина табассуми учун сиз дунёдаги мўътабар, суюкли, меҳрибон ва оналар ичида энг яхши онасиз, деб айта олмаганман.
2. Аёлим камтар, самимий ва оғир-вазмин. Унинг бу хислатларини қадрлайман.
3. Онамнинг вафотидан бир ҳафта олдин.
4. Қизларимизга байрам муносабати билан баҳор гулларидек гўзал, самимий, билимли ва қория қизлар бўлишини тилайман. Ҳамиша ҳаётда ўз мақсади билан олға қадам қўйишсин.
5. Ўтган йили тўйда хизматда эдим. Бир маст киши келиб қўлимга чиройли гулдаста тутқазиб кетди, одатда гул эмас пул қистиришарди. Орадан оз вақт ўтиб, гулдастани эгалари чиқиб қолди. У гул келин-куёвларни табриклаш учун олинган экан. Икки нафар қиз келиб, гулдастани хижолат билан сўрашди, афсуски, хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Гулдастани эгаларига қайтариб бердим.

Тўраев Воҳид — блогер:

1. Она сизни жуда ҳам яхши кўраман.
2. Ўта рашкчилигини.
3. Ўтган йили октябрь ойида «Амирсой» дам олиш маскани ва янги йилда расмга тушганмиз.
4.Ота-онангизнинг раъйини ҳеч қачон қайтарманг.
5.Ҳаётим давомида иккита гўзал аёл менга талашган.

Суҳбатдош Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.

МАВЗУГА ОИД

ҚАДРЛИ ОПАЖОНИМ МУҚАДДАС ТУРСУНАЛИЕВА!

admin

«ШУҲРАТ» МЕДАЛИ СОҲИБАСИ

admin

Қадрли ва суюкли инсонларимиз отажонимиз Асанбаев Оққул Асанбаевич ҳамда Хатамов Фаррух Абдувоситович ва Хатамов Шохрух Абдувоситович!

admin

Табриклаймиз!

admin