Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги хорижий тилларни ўрганиш агентлигининг жорий йил 14 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма қарори ҳамда Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармасининг 2022 йил 22 февралдаги 18-сонли буйруғига асосан шаҳримиздаги 18-умумтаълим мактабида танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу танловда шаҳримиздаги инглиз тилига ихтисослаштирилган 1 ҳамда 20-умумтаълим мактабларидан ташқари 20 та мактабнинг 7,8,9-синф ўқувчилари ўртасида тест синови ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сонли қарорига мувофиқ ушбу танловнинг шаҳар босқичида ғолиб бўлган мактаблар шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши белгиланган бўлиб, 1-ўрин учун 100 млн сўм, 2-ўрин учун 75 млн сўм ҳамда 3-ўрин учун 50 млн сўм пул мукофотлари бериш белгиланган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг республика босқичи ғолиби 500 млн сўмгача пул мукофотига эга бўлиши мумкин.
Шаҳримизда ўтказилган танлов натижаларига кўра, 1-ўрин 5-мактаб, 2-ўрин 11-мактаб ҳамда 3-ўринга 16-мактаб муносиб деб топилди.