“Беш қўл баробар эмас” деган тушунча бежиз айтилмаган. Сабаби орамизда шундай одамлар борки, бири ўз ҳаракатига жавоб беролмаса, бошқа бири ҳимоячи бўламан деб, ўз бошини ғавғоларга солиб қўйганини билмай қолади.
Судланувчи О.Турматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ўзига тааллуқли бўлмаган жойда бўлгани қимматга тушганини кеч англаб етди. У 2021 йил август ойининг бошларидан Оҳангарон шаҳрида жойлашган “Янги Анҳор” чойхонасига кабоб пиширувчи бўлиб ишга қабул қилинди ва у ерда асосан кечки сменада ишлар эди.
Бир куни ўзи билан бирга ишлайдиган официант қиз М.Муротова уни олдига кўзида ёш билан келиб, ичкаридаги хўрандалардан бири унга тегажоқлик қилгани ва қучоқлаб олганини айтиб йиғлаб юборди. Жаҳли чиққан О.Турматов ҳамкасбини ҳимоя қилмоқчи бўлиб, ичкарига кираётган вақтда М.Муратова қўл ювгани чиққан бир мижозни ҳамкасбига кўрсатиб, шунинг шериги, сўраб кўринг, деди.
О.Турматов ўша йигитни ёнига келиб шериги қаерда эканлигини ва қизга нима учун тегажоқлик қилгани сабабини сўради. Йигит ҳеч қанақа шериги йўқлигини айтганида, йигит уни юзига бир мушт тушириб ташқарига судради ва ўзига нотаниш бўлган йигитни муштлаб ура бошлади. Уларни чойхонадаги ходимлар келиб ажратишди.
Натижада мушт еган нотаниш йигит Д.Алимов олган тан жароҳатлари билан Оҳангарон шаҳар марказий шифохонаси қабул бўлимига мурожаат қилди.
Судга оид тиббий экспертизасининг 2021 йил 13 августдаги хулосасига кўра, Д.Алимовда нафас олиш фаолиятини бузилиши билан кечган бурун суяги ўрта қисмидан синиши, бош мия чайқалиши, ўнг ва чап кўз атроф қовоқларида қонталаши, ўнг ёноқ, бурун соҳасида шилинмалари каби тан жароҳатлари аниқланган бўлиб, бу жароҳатлар оғирлик даражаси бўйича соғлиқни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига олиб келган ўртача оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши маълум қилинган.
Суд О.Турматовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга узил-кесил ўташ учун 3 (уч) йил 2 (икки) ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Л.Обидов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.