Image default
Ҳикоя

«Алдоқчи»

Янги ишга келган Шоҳиста киришимлигина экан. Ҳамма билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Айниқса Заҳро билан. Доим шошиб юрадиган, аммо ишини қойиллатиб қўядиган, ўзи ҳам сипо, ярашиқли кийимларда юрадиган озғингина Заҳронинг одамларни тортадиган нимасидир бор эди. Ҳар тонг бир қўли билан ўғлининг бир қўли билан қизининг қўлидан тутиб боғчага етаклаб келади, болаларини ташлаб, шундоқ боғча ёнидаги мактабга шошиб кириб кетади. Шоҳиста у билан янаям яқинроқ бўлгиси келади, доим шошиб юрадиган ҳамкасби хатто тушлик қилишга ҳам рози бўлмайди. «Уйдан у, бу олиб келгандим, боя катта танаффусда еб олдим», —дейди у.
Бугун ўқитувчилар хонасига кирса, дафтар текшириб ўтирибди. Шоҳиста ўзи сергапгина. Қайнонаси ҳам қолмади, қайинопаси ҳам қолмади, ҳаммани гапириб чиқди. Охири турмуш ўртоғига ўтди
— Эримга қўшимча иш топинг деяпман. Олти миллион ойликка яшаб бўладими шу кунда. Битта кўйлак бир миллион, гўшт фалон пул.
— Сиз ҳам ишлайсиз-ку!
— Вой, ман нега пулимни рўзғорга ишлатишим керак, ўзимга етмайди-ю. Шоҳиста яна анча нолиб ўтирди. Заҳронинг бошига оғриқ турди, дугонасини маъқуллайвериб дафтарларни ҳам текширолмай қолди.
Кейин уни юпатди.
— Шукур қилинг, дуо қилинг, ҳаммаси яхши бўлади.
— Қаердан яхши бўларди? Мана сизга ҳамманинг ҳаваси келади, фарзандларингизни чақмоқдек кийинтириб қўяди хўжайинингиз, ўзингизга ҳам ҳамманинг ҳаваси келади, доим яраштириб кийинасиз…
—Худога шукур, дадасининг олтин боши омон бўлсин, шуларнинг сояларида юрибмизда,—жилмайди.
Аслида эса ойлигини тийин-тийинигача қоқиб оладиган, йўлкирага пул бермагани учун анча жойдан қишнинг қаҳратонида ҳам икки боласини етаклаб пиёда юришига мажбур қилган эрининг «олтин бошлик» бирор жиҳати йўқ. Иккита опаси тўлишиб кетиб сиғмай қолган кўйлакларини берганда ҳам, фарзандларига жиянларининг эскиларини ювиб, тозалаб кийдирганида ҳам, тушликсиз ишлаб камқонлик орттириб олганида ҳам шукур қиладиган аёл эди у.
Анчадан бери ишсиз юрган турмуш ўртоғининг ҳар соатда тиндирмайдиган қўнғироқларидан безор бўлса ҳам, кулиб жавоб қайтаришга куч топа олган, рўзғорнинг юкини ўзи тортаётган, ўзи емаса ҳам фарзандларининг косасига ёнғоқдек гўшт солиб овқат қилишни уддалаётган аёл эди у…
Унинг мақташга арзигулик ҳаёти йўқ эди, аммо шукур қилувчи тили бор эди…

Феруза Салходжаева.

МАВЗУГА ОИД

УМРАМНИ АЛЛОҲГА СОТДИМ…

admin

ҚАЙТАР ДУНЁ

admin

АҚЛЛИ ТАДБИР

admin

ҲАЗМИ ТАОМ

admin