Image default
Жамият

AССАЛОМ, НАВРЎЗ — ЯНГИЛАНИШ, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ҚАДР-ҚИММАТ АЙЁМИ!

Наврўз баҳорий айём, бутун набодот ва нафосат оламига янги ифор, янгича қиёфа олиб келувчи кўклам келинчаги. Минг йилларким, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган миллий қадриятлар кўламини ўзида жамлай олган қадрдон байрам шаҳримизда 19 март куни кенг нишонланди.

Шаҳар ҳокимлиги ҳамда барча мутасадди ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари билан “Ёшлар боғи”да ўнлаб дастурлар кетма-кетлигида тайёрланган «Наврўз» сайли шаҳримиз аҳли ҳамда меҳмонлари ҳамроҳлигида бўлиб ўтди.

Дошқозонларда сумалаг-у ҳалим, палов дамланиб, сайил иштирокчиларига тарқатилди. ОКМК ҳамда шаҳар муассаса ва ташкилотлари томонидан ўзига хос декоратив чодирлар тикилиб, миллий таомлар-у гўзал куй-қўшиқлар билан меҳмонлар чорланди.

“Оқ терак-кўк терак”, “Эшак минди”, “Ланка ўйини”, “Қулоқ тортиш”, “Хўроз жанги”, “Арқонда сакраш” “Жанбил” каби миллий ўйинларимизни ёшларимиз мириқиб ўйнашди. Ўзгарувчан ҳаво ҳароратига қарамасдан халқимиз ардоғидаги санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар-у миллий лапарлар барчани рақс базмига тортди.

Наврўз инсониятнинг ўзи қадар қадимий ва боқий байрамлардан. Айни пайтда бу байрам Ер юзида катта шодиёна, хурсандчилик ила қарши олинади. БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 23 февралдаги резолюцияси билан 21 март – бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида нишонланади.

Дунёда шунча миллий байрамлар бўлатуриб, нима учун айнан халқимизнинг шарқона янги йили – Наврўз миллий сарҳадлардан чиқиб, дунё байрамига, умумбашарий қадриятга айланди? Чунки Наврўз ҳамма даврда тинчлик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббат ифодаси бўлиб келган.

Аждодларимиз минг йиллардан бери бу кунни эзгулик, бағрикенглик ва тенглик ифодаси сифатида нишонлаб келганлар.

Республикамиз бўйлаб кенг нишонланган бу байрамни шаҳримизнинг барча ташкилотлари, хусусан ОКМК АЖ корхонаси, халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, маҳаллалар ҳаттоки хусусий корхона ва МЧЖлар ҳам катта хурсандчилик билан нишонлашди.

Байрамнинг эсда қоларли жиҳатларидан бири бўлган миллий таомлар жамланмасидан иборат энг яхши баҳорий дастурхон, энг чиройли миллий чиқишлар ҳамда миллий спорт ўйинлари бўйича ўтказилган танловлар иштирокчиларда ўзбекона урф-одатларнинг янада бойишига хизмат қилиш билан бирга қалбларда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди.

Корхона-ташкилотлар ошлар дамлашиб, бутун ишчи ходимларни бир дастурхон атрофида жам қилиш билан бирга турли кўнгилочар танловлар ҳам ўтказишди. Танлов ғолиблари эса раҳбарият томонидан рағбатлантирилди.

МАВЗУГА ОИД

КОРРУПЦИЯ РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

admin

ГАПИГА ЎЗИ АМАЛ ҚИЛМАЙДИГАН ТАШКИЛОТ, ХАЛҚҚА АВВАЛ ЎЗИНГ НАМУНА БЎЛ!

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САЙЛОВ КОДЕКСИНИНГ 10 ВА 20-МОДДАЛАРИГА ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ 2024 ЙИЛ 5 ИЮНДАГИ 1338-СОН ҚАРОРИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН САЙЛОВ ОКРУГЛАРИ ВА УЧАСТКАЛАРИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА МУВОФИҚ, ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҲУДУДИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГОЛМАЛИҚ ШАҲАР БЎЙИЧА САЙЛОВ УЧАСТКАЛАРИ РЎЙХАТИ

admin

ШУНЧАКИ ГАПНИ ЭМАС, ИШНИ ҲАМ БИЛИШ КЕРАК

admin