Лола расмга қараб йигитнинг келишган, хушсурат эканлигини кўриб, тўйга рози бўлди. Учрашмасдан, гаплашиб кўрмасдан туриб ҳам йигитга нисбатан қалбида уйғонган чексиз муҳаббат уни бахт уйига етаклашига ишонди. Кутилган тўй ҳам бўлиб ўтди. Лекин ундан кейинги кунлар Лола ўйлаганчалик бахтга лиммо-лим эмасди. Фақат бўйида бўлгунча эри ёнида бўлар, қолган вақтлар эса Россия давлатига ишлагани кетарди.
Икки фарзандли бўлишди. Қайнона, қайнота хизматида 5 йилни турмуш ўртоғисиз қандай ўтказгани фақат Лоланинг ўзигагина маълум. Соғинч ёшлари ҳар кеча болишларни ҳўл қилар, фарзандини қучоқлаб, эртанги кунига умид боғлар эди.
Карантинда уларни кўргани келган эри қайтиб кета олмади. Турмуш ўртоғим энди ёнимда бўлади, бахтли кунларимиз бошланади деб кутган Лола унинг телефон орқали ҳаётида бошқа аёл борлигини билиб, ўзини йўқотиб қўйди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Тез орада улар ажрашишди. Йигит эса худди шуни кутгандек бошқасига тезликда уйланиб олди. Лола яна ўша болишларни ҳўл қилиб, кечаларни ёлғиз ўтказар, лекин энди бу ёшлар алам ёшлари эди…
Бу биргина аёл қисмати. Афсуски, жамиятимизда бундай аёллар озчилик эмас. Шу ўринда 2021 йил вилоятимизнинг кўплаб туман-шаҳарларида оилавий ажримларни олдини олиш мақсадида ташкил этилган “Оила мактаб”лари фаолиятига ҳам бир назар ташласак. Бу мактаблар қанчалик ажримларни олдини олишда хизмат қилаяпти?
Биргина Олмалиқ шаҳрида 2021 йилнинг январь ойида “Оила мактаби” очилгани, 2020 йилда қайд этилган 185 та ажримлар катта кўрсаткич бўлиб, энди бу рақамларни камайтиришга ушбу мактаб хизмат қилишига ишонч билдирилган эди. Афсуски, 2021 йилнинг 22 декабрь ҳолатига ажримлар сони 281 та қайд этилиб, ушбу марказнинг йил давомида қандай фаолият олиб борганига берилган баҳодир.
Жамиятимизда оилалардаги ажримларга бир нечта омилларни келтириш мумкин. Дейлик, ишламайдиган эр, ишлайдиган ва ўзига ишонган аёл ёхуд аксинча, кўчада юрадиган эркакнинг уй юмушларига кўмилиб ўзига қарашни ҳам унутган аёли, қайнона-келин муносабатлари, фарзандсизлик, куёвнинг опа-сингиллари ва келинларнинг ўзаро мажоролари, хиёнат…
Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бу ўринда кимдир келинни танқид қилса, бошқа бирови куёвни айбдор қилади.
Хўш, аслида ким кўпроқ айбдор? Ўзбек менталитетида эркакка оила бошлиғи, уйнинг қўрғони деб қаралган. Куёвга ўз жигаргўшаси, қизини бир умрга завжа сифатида топшираётган ота ўз қизини қандай ҳимоя қилган бўлса, куёвдан ҳам худди шундай ҳимоя кутади.
Эркак оилада ўз ўрнини қўймаса, аёл ўз ўрнини билмаса унда қўрғон дарз кетади.
Аёл нозик ҳилқат, оташин қалб соҳибаси. Уни энг ширин сўзлар билан эътироф этинг, уни эъзозланг, шунда ўз аёлингизни нималарга қодирлигини, аслида турмуш ўртоғингиз фариштамисол эканлигининг гувоҳи бўласиз.
Диёра севиб турмуш қурди, лекин севилмади. Умр ўтиб борар, ичимдагини топ қабилида иш тутадиган, Диёрага шунчаки фарзандларини онаси сифатида қарайдиган умр йўлдоши ақлидан ҳиссиётлари устун турадиган аёли кўнглига йўл топишга ҳаракат ҳам қилиб кўрмади. Диёра эса ўз турмуш ўртоқлари туфайли бахтдан масрур дугоналарига хавасла боқар, қачондир эри ҳам уни шундай эъзозлашини кутиб яшарди.
Бир куни эрининг телеграмида бошқа аёлларга Диёрага айтмаган, лекин айтилиши керак бўлган энг чиройли сўзлар билан гаплашган смсларини ўқиб қолди. Қиз хиёнатга-хиёнат билан жавоб бераман, деди-ю ўз ҳаётига бошқа эркаклар кириб келишига изн берди. Икки хиёнаткор қалб сабаб норасида гўдаклар тирик етимга айланишди.
Баъзан ҳиссиётларнинг ақлдан устун қўйилиши ҳам оила парокандалиги сабабчиси бўлаётганига кўз юмиб бўлмайди.
Оилада доим бир тараф паст келмаса, оила мустаҳкам бўлмайди. Ўзгаларни айблаш эмас, ўз айбларимизни кўра билмоғимиз даркор. Сабаблар, важлар бирортаси бир болани етим қилишга арзимайди. Истак кучли, хоҳиш устун, қатъият мустаҳкам бўлса, ажримлар бўлмайди.
Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.