Image default
Жамият

“БИЗ ИНСОНЛАРНИНГ СИРИ БИЛАН ИШЛАЙМИЗ”

Маълумки, 2020 йил 14 январь куни “Нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президентимиз томонидан имзоланди ва шу қонунга асосан 2020 йил май ойидан бошлаб Республикамиз ва шаҳримиздаги нотариал идоралар хусусий нотариал идора сифатида фаолият юрита бошлаган.

Республика бўйича 900 га яқин нотариуслар бўлса, шундан 50 нафари рейтинг асосида танлаб олиниб, 7/24 режимда ижтимоий тармоқларда фаолият юритиб келади. Энг қизиғи “фаол нотариуслар” мақомига эга бўла олган бир неча нотариуслар жамоаси телеграм ва фейсбук ижтимоий тармоқлари орқали фуқароларнинг нотариал фаолият билан боғлиқ барча саволларига жавоб беришга ҳамда фуқаро ва нотариусга бирдек манфаатли бўладиган таклифлар устида доимий равишда ишлаб келишга ҳаракат қилишмоқда. Бу эса айрим нотариуслар учун тажриба бўлаётган бўлса, аудиочатлар ва улардаги ҳуқуқий мунозаралар орқали фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишмоқда.

Шаҳримиз учун бу борада энг аҳамиятга молик жиҳат эса республика бўйича сараланган фаол нотариуслар сафида ҳамшаҳримиз Феруза Турғунова ҳам бўлиб, буни шаҳримиз учун шараф дея эътироф этса арзигулик.
Биз эса улар билан суҳбатда бир неча саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.Нима учун идоралар давлат таркибидан чиқарилиб, хусусий идораларга айлантирилди?

Маълумки, давлат нотариал идоралари маълум ҳудуд учун қатъий белгиланган миқдорда ташкил этилган ҳамда идорада ишловчи ходимлар сони ҳам чекланган тартибда, иш вақти ва иш кунлари катъий белгиланган ҳолда фаолият олиб боришади. Хусусий нотариуслар банкда ўз ҳисоб рақамига эга, иш куни ва вақтини эркин белгилаган ҳолда фаолият юритади. Бундан ташқари, маълум бир ҳудудда фаолият юритувчи хусусий нотариал идоралар сони чекланмайди. Бу билан аҳолининг нотариал ҳаракатларга бўлган талаби қондирилади, эркин рақобат муҳити яратилади.
Аслини олганда давлат нотариуслари ҳам, хусусий нотариуслар ҳам Нотариат қонунчилигида кўрсатилган бир хил нотариал ҳаракатларни бажарадилар ва улар тасдиқлаган ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий статуси ҳам бир хил. Фуқаролар ўзларига кўрсатилаётган хизмат сифатига қараб нотариусларни эркин танлашади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мерос ишларидан ташқари барча нотариал ҳаракатлар экстерриторриал тартибда амалга оширилмоқда, яъни нотариал ҳаракатни фуқаро республиканинг хоҳлаган ҳудудида амалга ошира оладилар. Бу жуда катта қулайлик. Мерос ишларини расмийлаштиришда эса битта маъмурий-ҳудудий бирлик битта нотариал округ бўлиб ҳисобланади ва меросхўрлар марҳум охирги прописка қилинган ҳудуд бўйича хоҳлаган нотариал идорага мурожаат қилиши мумкин.
Хусусий нотариусларнинг моддий манфаатдорлиги ҳам меҳнатига яраша, фақат нотариал ҳаракат натижасида фуқарога мулкий зарар етса ва бу суд томонидан исботланса, мазкур зарар хусусий нотариуснинг ўз мулки ҳисобидан қопланади. Шу сабабли хусусий нотариусларнинг фуқаролар томонидан тақдим қилинадиган ҳужжатларга нисбатан талаби ошган.

“СМС код”лар нима учун фойдали?

Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 1 июнидан нотариуслар фаолиятида «СМС хабар» электрон тизими жорий этилди.
«СМС хабар»да нотариал ҳаракатлар учун мижоз томонидан амалга оширилган тўловнинг аниқ миқдори кўрсатилган бўлади. Яъни, нотариат ходими талабига асосан ёки кассада мижоз томонидан тўланган пул миқдорини СМС хабарда кўрсатилган қонуний тўловлар миқдори билан солиштириш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, бу электрон тизим нотариал идораларда коррупцион ҳолатлар бартараф этилишига сезиларли таъсир қилиш бирга нотариуслар томонидан ортиқча пул ундириш имкониятини кескин чеклайди.
Агар мижоздан ортиқча тўлов ундирилганлиги аниқланса, шу заҳоти Адлия вазирлигининг «1008» ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин.
Маълумот учун: бугунги кунда нотариус хизматлари учун давлат божи, пуллик хизмат ва бошқа тўловлар электрон тизим орқали автоматик равишда шакллантирилади, яъни, бу жараёнда инсон омили иштирок этмайди. Шунинг учун, ҳар бир мижоз тўловларни компьютерда шакллантирилган ва белгиланган кўринишдаги квитанция асосида амалга ошириши лозим. Бу эса, тўловларнинг 100 фоиз давлат ҳисоб рақамига ўтказилишини кафолатлайди. СМС хабар мижоз тўлаган пулнинг қонуний миқдорини яна бир марта текшириш ва хотиржам бўлиш имконини беради.

Пуллик хизматлар нархи ким томонидан белгиланади ва уни тўғри ундирилиши назорат қилинадими?

Нотариуслар томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган пуллик хизматлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади, уларнинг тўғри ундирилиши ҳам бевосита Адлия вазирлиги томонидан қатъий тарзда онлайн назорат қилинади. Куни кеча Адлия вазирининг 2022 йил 10 мартдаги 6-мҳ-сонли буйруғига асосан нотариал ҳаракатлар учун ҳақ миқдорлари ўзгартирилди. Унга кўра баъзи нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган пуллик хизматлар миқдори кескин камайтирилди.

Тўловлар оширилган вақтларда фуқаролар эътироз билдиришганми?

Аксар нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлар камайтирилди, жумладан, гаров ёки Ипотека шартномаларини расмийлаштирганимизда лойиҳа учун БҲМнинг 100 фоизи, маслаҳат учун БҲМнинг 50 фоизигача миқдорда пуллик хизмат ҳақи ундиришга ҳақли эдик. Ахолининг банк хизматларидан фойдаланиш кўлами ортганини ҳисобга олиб, бугунги кунда бундай ҳаракатларни расмийлаштиришда лойиҳа учун БҲМнинг 20 фоизи ва маслаҳат учун 10 фоиз ундириш белгиланди.
Мерос ишларини расмийлаштиришда бироз сансалорлик кузатилар эди, негаки мерос ишларини расмийлаштириш мураккаб жараён бўлиб, кўп билим ва вақт талаб этади. Мураккаблик даражасини инобатга олган ҳолда мерос ишларини расмийлаштиришда ундириладиган пуллик хизмат миқдори оширилган бўлсада, фуқароларда норозилик сезмадим. Адлия вазирлиги томонидан нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божларини ҳам камайтириш юзасидан таклифлар берилган, яқин кунларда бу борада ҳам янгилик бўлса ажаб эмас.

Идора ўзини ўзи қандай молиялаштиради?

Нотариуслар амалга оширган нотариал ҳаракатлар учун ундирилган давлат божи ва пуллик хизмат ҳакларининг маълум миқдори нотариуснинг ихтиёрида қолдирилади. Қолдирилган пуллар ҳисобидан хусусий нотариуслар белгиланган тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз ҳисобларидан амалга оширадилар, шунингдек ходимларига ойлик маош беради ҳамда бошқа харажатларни амалга оширади.

Нотариус томонидан қандай ҳужжат лойиҳалари тайёрланади?

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан тузилиб нотариал тасдиқлашни талаб этадиган турли шартнома ва битим лойиҳаларини тайёрлаймиз. Бунда ҳужжат матнининг тўғри тузилиши, шартноманинг моҳиятини белгилайдиган қонунчилик нормаларига амал қилиниши муҳим ҳисобланади. Агар битим лойиҳаси мурожаат этувчи фуқаро томонидан мустақил тайёрлаб келинса лойиҳа учун пуллик хизмат ундирилмайди

Неча турдаги нотариал ҳаракатлар амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Нотариат тўғрисидаги Қонунга асосан 22 турдаги нотариал ҳаракатлар амалга оширилиши белгиланган. Шахсан ўзим томонимдан мана шу 22 турдаги ҳаракатдан фақат денгиз протестлари ва векселлар бўйича протестларни амалга ошириш нотариал ҳаракатларидан бошқа барча нотариал ҳаракатларни имкон қадар амалга оширишга ҳаракат қилиб келаяпмиз.Қайси ҳолатда фуқаролар амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган тўловлардан озод этилади?

Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун тўловдан озод қилиш асослари кўрсатилган. Уларнинг ичида энг кўп учрайдиганлари, пенсия ва нафақа пулларни олиш учун ишончнома расмийлаштирганларида, шунингдек, мерос қолдирувчи билан у вафот этгунга қадар бирга яшаган ва у вафот этгандан кейин ҳам яшашни давом эттираётган шахслар ўша уй-жой учун мерос расмийлаштирганда давлат божидан озод этиладилар.
Давлат божидан озод этилганлик нотариуслар томонидан кўрсатилган пуллик хизматлар учун тўлов ундиришни чекламайди, яъни нотариуслар ўзлари томонидан кўрсатилган ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатлар учун тўлов ундирадилар.

Шаҳримиз нотариуслари орасида айнан ким сизга устозлик қила олган?

Узоқ йиллар шаҳримиз аҳолисига хизмат қилган раҳматли Абдуҳалил ака Шариповни ўзимга устоз деб биламан, уларга доим ҳавас қилганман ва дуоларини олганман. Амалиётимни Гулнора Парпиеванинг қўл остида ўтаганман, Гўзал Исакжонова ва Зебо Маҳмудовалардан ҳанузгача кўплаб маслаҳатлар олиб тураман. Билмаганимни сўрашга орланмайман, билганимни сўраганларга хурсанд бўлиб жавоб бераман.
Бир нарсани алоҳида айтиш керак, шаҳримиз нотариуслари бошқа туман-шаҳарларга нисбатан анча тажрибали ва кучли билим соҳиблари. Сабаби шаҳар фуқароларининг ўзлари бизни тоблайди. Бир сўз билан айтганда, бу ерда ишлаш учун албатта, савияли бўлиш талаб этилади.

Касбингизнинг бошқа касблардан фарқи ва ютуқларингиз…

Бизнинг касбда энг асосий нарса бу- фуқаронинг ишончи. Агар биз бу нарсани суиистеъмол қилсак, адолатга бўлган, қонуннинг устуворлигига бўлган ишончни ҳам поймол қилган бўламиз. Шаҳримизда жами 7 та нотариал идора фаолият юритиб, уларнинг ҳар бири ўз касбини севувчи нотариуслардир. Ишимизга ёрдам берувчи энг яхши нарса — бу Олмалиқ шаҳри аҳолисининг аксар катта қисмини билимли ва ўқимишли инсонлар ташкил этади. Биз қонун талабини асослантириб тушунтириб берсак, буни онгли равишда қабул қилишади.
Нотариат – бу низоларни олдини олувчи институт, нотариуснинг муҳридан кейин низога йўл қолмаслиги керак, бу эса нотариусга катта масъулият юклайди. Бундан ташқари биз инсонларнинг мулкий сирлари билан ишлаймиз.
Ўтган 2 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Нотариат тизими энг самарали ишлаш жараёнини, илғор тажрибаларни ўзлаштиргани сабабли Халқаро Нотариуслар Иттифоқига аъзо бўлди. бу жуда катта меҳнат натижаси, шу билан бирга жуда катта эътироф. Нотариусларнинг фаолияти доимий равишда Адлия вазирлиги ва Нотариал палата томонидан назорат қилиб борилади.
Ўрни келганда мақтаниб қўйсам, Адлия вазирлигининг 2019 йил I ва II ярим йиллик рейтингларида иш фаолиятим “аъло” дея баҳоланган бўлса, 2021 йил Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Тошкент вилояти Ҳудудий бошқармасининг “Йилнинг энг яхши нотариуси” кўрик танловида 1-даражали диплом билан тақдирландим.

Иш фаолиятингизда англашмовчилик вазиятлар ҳам содир бўлганми?

Ҳар хил вазият бўлади, бизнинг ишда қасддан хато қилиш ўзи-ўзимизга катта зиён келтиради. Шунинг учун ҳар бир ҳаракатни қонуний амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Шукурки, шу вақтгача менинг фаолиятимда қўпол хатолик ўтмаган. Лекин бандамиз, адашишга мойилмиз ва доим Яратгандан адаштирмаслигини сўраб ишни бошлайман.

Ўзбекистондаги нотариал хизматларни чет давлатлар билан ҳеч солиштирганмисиз?

Доимий кузатаман. Бельгия ва Франциянинг нотариат тизимига ҳавас қиламан. Бизнинг нотариатимиз ҳам ўша йўлдан кетаётганидан хурсандман. Ҳозирги кунда биз ишлаётган дастур ҳам Жанубий Корея тажрибаси асосида яратилган. Маълумки, Жанубий Корея давлат органлари юқори даражада коррупциядан ҳоли ишлайдиган, давлат идораларининг шаффофлик даражаси жуда юқори бўлган давлат ҳисобланади. Бугунги кунда бемалол айта оламанки, Ўзбекистондаги нотариусларининг аксар катта қисми ҳаллоллик вакцинаси билан эмланган.

Она ва турмуш ўртоқ сифатида ўзингизга баҳойингиз

Оилам учун жуда кам вақт ажратганим боис доим ўзимни айбдор ҳис қиламан. Шунинг учун дам олиш кунлари уйда бўлишга ва оилам учун тансиқроқ таом тайёрлашга ҳаракат қиламан. Ўз аёллик вазифаларимни вақтида бажаришга ҳаракат қиламан.

МАВЗУГА ОИД

ШАҲРИМИЗДА ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ ҚАНДАЙ?

admin

КОНЧИ-МЕТАЛЛУРГЛАР КАСБ БАЙРАМЛАРИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

admin

ЎЗБЕКИСТОНДА MOBIL-ID ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

admin

“ЗАКОВАТ” ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ТУРНИРИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

admin