Image default
Миннатдорлик

Дардга дармон, ширин забон

Тобим қочиб, шифохонага тушиб қолдим. Маълумки, инсон саломатлигини йўқотса, дунё кўзига тор кўринар, сал нарсага асабий бўлиб, тез-тез жаҳлланадиган бўлиб қолади. Мана шундай вазиятларда беморларни соғликларини тиклаш билан бирга барча инжиқликларига чидаб, шифо улашишда меҳнат қилиб келаётган шифокору ҳамшираларимизга алоҳида омонлик тилагим келди.
Шифохонада даволанар эканман, шаҳримиз оқ халатли фидойи инсонлар сафида қўли енгил, тили ширин ҳамшира-ю шифокорларимиз борлигидан ғурурланиб кетдим. Тўғриси, шифо истаган қалб учун энг яхши даво бу ширин калом.
Даволаниш чоғида хушмуомалалик билан беморлар дардига даво улашаётган шаҳримиздаги туғруқ мажмуасининг патология бўлими ходимлари ўз ишларига сидқидилдан ёндошаётганликлари, бир қанча беморлар улардан шифо топишаётгани, ўзим ҳам улар қатори бўлимдаги тартиб ва ўз ишларига масъулиятни кўриб, миннатдорлигимни билдиргим келди.
Дарди бор инсон дармонга муҳтож бўлар экан. Забонларидан фақат яхши сўз ва меҳрни улашувчи Олмалиқ шаҳар туғруқ мажмуаси, патология бўлими гинеколог-шифокорлари Раъно Хасанова, Дилбар Рисбаева ва терапевт Дилбар Турсуноваларга алоҳида ташаккуримни билдирмоқчиман. Улар соғлигимни тиклашда кўмак беришиб, ҳам руҳан, жисмонан соғлом бўлишим учун барча муолажаларни қилишди.
Муборак кунлар аввалида бу инсонларга ва улар каби ўз касбига масъулият билан ёндашувчи барча шифокорларга соғлик, саломатлик, оилаларига тинлик-хотиржамлик, касбий муваффақият тилайман. Илоҳим шифо улашувчи бу инсонларни Яратганинг ўзи билимларини зиёда қилсин.

Бухожар Раҳимова,
ОКМК Портловчи материаллар
заводи ходимаси.

МАВЗУГА ОИД

ЭЗГУ АМАЛЛАР ЙЎЛИДА

admin