Барчаларингизни ушбу орзиқиб, интизор кутилган муборак айёмга эсон-омон етишганимиз муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча ибодатларни, солиҳ амалларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишимизга муяссар айлашини сўраб, Аллоҳ таолога илтижолар қиламиз.
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини Қуръони каримнинг Бақара сурасида қуйидаги оят билан фарз қилди: яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Рўзадорларга бериладиган ажр-мукофотлар нақадар улуғ бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Жаннатда “Раййон” деб номланувчи дарвоза бор. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради. (Қиёматда) “Рўзадорлар қаерда?” деб нидо қилинади. Бас, (рўзадорлар) ўрниларидан туришади. (Дарвозадан) улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. (Барчалари) кириб бўлгач, дарвоза беркитилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Раййондан кириш учун рўзадор рўзасининг савоби камаймаслиги керак. Чунки рўзада таом, ичимлик ва бошқа ҳиссий нарсалардан тийилишгина эмас, балки ажрни камайтирувчи барча нарсалардан сақланиш вожибдир.
Эътибор берайлик, Раййондан кириш Рамазоннинг фарз рўзасини тутувчи рўзадорлар учун хосланаётгани йўқ. Боиси Рамазон рўзасини барча мусулмонлар тутади. Раййон дарвозасидан кирувчилар деб фарз рўзаларга нафл рўзаларни эргаштирувчилар айтиляпти. Бу эса рўзанинг Парвардигор наздида қанчалик юксак мақомга эга эканини англатади.
Рўзадор кишининг сифатлари қандай бўлиши ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, Ўзим унинг мукофотини бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло розилиги учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир.
Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Ихлос билан тутилган ҳар бир рўза – ибодат, солиҳларнинг одати, муттақийларнинг шиорларидир. У нафсни покловчи, хулқни гўзаллаштирувчи, тақво мадрасаси, ҳидоят манзилидир.
Барчамизга нафақат Раййон дарвозасидан, балки жаннатнинг барча дарвозаларидан чақирилиш насиб этсин. Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойини барчаларимизга қутлуғ ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин! Кириб келаётган Рамазон ойи барчаларингизга муборак бўлсин, омин!
Ҳусниддин Ортиқов,
“Рамазони шариф” жомеъ
масжиди бош имом хатиби.