Image default
Ҳикоя

ҚАЙТАР ДУНЁ

Онамнинг кекса холаси бор, пойтахтда яшайди. Ўғилларидан бири баъзи айбловлар билан қамалиб қолди. Кўнгил сўраб, онам билан уйларига бордик. Суд жараёнларида ёнларида турдик, тасалли бериш учун уйларида бир неча кун қолдик. Ўша кунларда катта келинларининг акаси синглисини кўргани келди.
Дастурхон атрофида ўтирганимизда гап айланиб қамалган ўғилларига тақалди, онаизор боласига куйиб йиғладилар, келиннинг акаси гапга аралашди:Эй, қўйсангиз-чи! Бир иши бўлмаса, бекордан бекорга қамалармиди?
Шу каби пичинг гаплар билан қаттиқ гапирди. Холам: «Менинг болам ўғри эмас, бировни ургани йўқ, номусига теккани йўқ», деб йиғлаганча, хоналарига кириб кетдилар.
«Ундан кўра, ўғрилик қилсин эди, бузуқлик қилса ҳам иши осон бўларди», деди меҳмон…
Холамни овутган бўлдик, «хафа бўлманг, бир аҳмоқ эканда», десак бироз ўйланиб турдилар-да:

Мен ёш пайтимда холамнинг қизларидан ёдгорлик бўлиб қолган набираси қамалиб қолганди. Совет даври эди у пайтлар, зоналар узоқ бўларди. Набираси учун қайғуриб, эринмай шу олис сафарга қатнардилар. Раҳмим келиб: «Хола, шу нарсаларни ўзингиз есангиз бўлмайдими, бу ўғри бола таъзирини есин, борманг шунинг кетидан, арзирмиди, билармиди?!» деганман ўшанда. Холамга ачиниб айтганман бу гапларимни, лекин диллари оғриган экан-да, ўзимда ҳис қилдим шуни, — дедилар.
Орадан бир неча ой ўтиб, суд тугади, ҳукм ўқилиб, холаваччам саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди, бола-чақаси додлаганча қолиб кетаверди.
Одамларнинг қайғусига шерик бўла олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан, аксинча, ҳасратингга нафрат қилиб, масхара нигоҳи билан қарагувчи, тили заҳар нодон кимсалар пайт пойлаб нишини уриб олувчилар бўлиб тураркан. Холам бечора одамларга қўшила олмай қолдилар.
Орадан йиллар ўтиб, дардлар бироз унутилгандек бўлди. Менинг эсимдан ҳам чиқиб кетди ҳисоб, аммо бир куни…
Холамни кўргани бордим. Катта келинлари йиғламсираб юрган экан, «тинчликми?» деб сўрасам, жияни бир қизнинг номусига тегиб қўйибди. Вояга етмаган қизча экан. Кейин машинасида олиб кетаётганида, автоҳалокатга тушиб, қизча ҳалок бўлибди. Қизнинг онаси жиянини қаматиб юборибди.

МАВЗУГА ОИД

АҚЛЛИ ТАДБИР

admin

НОДОНЛИК

admin

ОНА ИФОРИ

admin

2 ДОЛЛАР ЭВАЗИГА КЕЛГАН МИЛЛИОНЛАР

admin