Рўзадор одам тиш пастаси билан тишини тозаласа бўладими?
Рўзадор ҳолатда тиш пастасини ишлатиш макруҳ. Лекин томоғидан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Бирор нарсани оғзига солиб, татиб кўриш макруҳ, лекин бунда рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юборса рўза очилади).
Укол (инъекция) қилиш билан рўза бузиладими?
Уламолар мушаклар орасига, ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Тери орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди.
Одатий йўллардан бошқа жойлар орқали терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган.
Ғарғара қилиш билан рўза очиладими?
Рўзадор кишининг ғарғара қилиши макруҳ. Ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.
Эсдан чиқариб еб-ичган одам эсига тушгач таомланиб қўйса, рўзаси очиладими?
1) Эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.
2) Эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин «Рўзам очилди» деб ўйлаб таомланиб қўйса, қазо лозим бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.
3) Эсдан чиқариб еб-ичиб қўйса рўза очилмаслигини билатуриб таом еб қўйса қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади. Қайт қилишнинг ҳукми ҳам шундай: қайт қилгач, «энди рўзам очилди» деб ўйлаб, таом еб юборса, қазо лозим бўлади, каффорат эмас. Лекин бу иш рўзани очмаслигини билатуриб таомланиб юборса, каффорат ҳам вожиб бўлади.
Ғийбат қилса, ёлғон гапирса рўза очилади деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса каффорат лозим бўладими?
Шундай деб ўйлаб, қасддан еб-ичиб юборса, қазо ҳам, каффорат ҳам вожиб бўлади.
Суриладиган дори (мазь) ва шу каби воситаларни баданга суртса рўза очиладими?
Рўза очилмайди. Терининг орасидан ёғ каби нарсаларнинг ичкарига кириши рўзани очмайди.
Касал ва мусофир рамазон ойида рўза тута олмаса-да, ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши керакми?
Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар ошкора эмас, балки одамлардан холироқ жойда таомланишлари афзал.
Шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ