Image default
Ҳикоя

СИНОВ

Бу бозор — бойлар харид қиладиган бозор. Самад аравакаш бўлиб ишга жойлашди. Учма-уч тебратаётган рўзғори сал юргандек бўлди-ю, ҳали кам-кўсти кўп. Бугун яхшироқ пул топса, қизига этик олади, онасининг дори-дармони ҳам тугаб боряпти. Хотини дармонсиз, яқинда яна фарзандлик бўлишгач, камқонлик орттириб олган, дори олмаса ҳам тузукроқ едириши керак!
— Бўшмисиз? Унинг ўйларини башанг кийинган, қўлидаги кичик сумкачасини кўксига босиб савол берган аёл бузди.
— Ассалому алайкум, бозор қиласизми?
Нархлар келишилди. Аёл мард экан, савдолашмай, тез-тез бозор қилди. Самад аёлнинг юкларини бозордан анча узоқ масофада жойлашган машинасига олиб бориб жойлай бошлади. Аёл ҳам шошаётганмиди, қараб турмай ўзи ҳам ёрдамлашиб юборди, сўнг енгилгина кўринган камзулининг чўнтагидан пул олиб, хизмат ҳақини ошиғи билан тўлади.
Машинасини катта йўлга тўғирлаб, учириб кетди. Самаднинг кўнгли орзиқди. «Аёллар машина ҳайдаб юрибди, қўлида жарақ-жарақ пул, менинг қўлим ҳам шунақа пул кўрармикан?»
У аравасини кескин буриб, бозорга йўналди. Бир пайт арава ичида қора елим халта остида қолган ихчамгина аёллар сумкасига кўзи тушди. Бояги жувон қўлида кўтариб юргандику, аравага қандай тушиб қолди?
Беихтиёр қўлига олди. Очди-ю, довдираб қолди. Сумканинг ичи АҚШ доллари билан лиқ тўла эди!
У сумкани шартта ёпди. Мияси яшин тезлигида ишлай бошлади. Четроққа ўтиб, пулни қўллари қалтираб санади. Қирқ минг доллар! Умрида 100 доллардан ортиқ пул ушламаганди. Ҳозир қайтиб келса керак. Яширсаммикан? Кўрмадим дейман! Билиб ўтирибдими қаерда туширганини, бу ерда камера ҳам йўқ. У ҳаяжондан қалтирай бошлади. Отасининг «Қорнида ҳаром луқмаси бўлган кишининг намозини Аллоҳ қабул қилмайди», — деган сўзларини эслади. Ич-ичидан пулни эгасига қайтариш керак деган фикр ўтди. Шу алфозда ўтирганча нафси билан жанг қила бошлади. У бозорқўмнинг олдига кириб аҳволни баён этди-ю, енгил тортди. Эшикдан чиқаётганида шошиб хўжайиннинг олдига келаётган пулнинг эгасига кўзи тушди, беихтиёр ортга қайтди. Аёл аравакашни таниди, бозорқўм обдон суриштириб, кейин пулни берди. Аёл сумкачасини шундоқ очди-ю, пулини санай бошлади. Икки минг долларга етгач, қолганини санамасдан жойига солди ва қўлида турган пулни Самадга узатди.
— Олинг укам, бу сизга суюнчи.
— Йўғе…— дея ийманиб турган йигитнинг қўлига пулни маҳкам қистираркан аёл қайта-қайта раҳмат айтиб чиқиб кетди…
Эртаси куни эса унга бозордаги аравакашларга қараб туриш вазифаси топширилди. Бу энди анчагина яхши иш эди.
Ҳаммасидан ҳам яхшиси Самад катта бир синовдан эсон-омон ўтиб олган эди…

МАВЗУГА ОИД

ҚАТРАЛАР

admin

ДУМ

admin

ҚАСОС ОРТИДАГИ БАХТСИЗЛИК…

admin

Раҳбарликнинг 9 татамойили

admin